Давлат билан фуқаро ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан чамбарчас боғлиқ. Яъни, давлат ҳам, фуқаро ҳам ўзига хос ҳуқуқларга ва мажбуриятларга эга.
Масалан, давлат фуқаролар олдида қандай мажбуриятларни ўз бўйнига олади? Булар хавфсизлик, фаровонлик, тинчлик ва яхши ҳаёт кечириш учун шарт-шароитлар яратиб бериш ҳисобланади. Ўз ўрнида, фуқаролар ҳам қонунларга бўйсуниш, бурч ва мажбуриятларни бажаришни ўз зиммасига олади.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 20-моддасида белгиланаётган давлат ва фуқаронинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларининг фалсафасига кўра, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари асосий планга олиб чиқилмоқда. Қонунлар инсонлар оғирини енгил қилиб, турмуш тарзини яхши кечишини таъминланиши лозим деган улуғвор мақсад қўйилган. Яъни мазкур нормада “Инсон – жамият – давлат” тамойилининг амалий ифодасини кўришимиз мумкин.
Алоҳида эътибор қаратадиган яна бир муҳим жиҳат, давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши лозимлиги белгиланмоқда. Яъни, инсон қадри бунда ҳам жазолаш ёки бошқа таъсир кўрсатишнинг асосий мезони сифатида мустаҳкамланмоқда.
Айтайлик, сиз оилангиз билан автоуловингизда вилоятга йўл олдингиз. Тошкент шаҳридан чиқишда тўланмаган жаримангиз мавжудлиги аниқланса, сизнинг автоуловингиз махсус тўхташ жойига олиб борилади. Шундай ҳолатда давлат органи томонидан кўзланадиган қонуний мақсад сиздан жаримани ундириш ҳисобланади. Эндиликда аниқланган қарздорлик бўйича тўлов амалга оширилса, автоуловни махсус тўхташ жойига олиб боришга ҳожат қолмайди, ҳаракатланишни давом этиришга рухсат берилади.
Яна шуни алоҳида қайд этиш керакки, давлат билан инсон ўртасидаги ўзаро муносабатларда юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади, деб белгиланмоқда.
Асосийси, мана шундай ҳолатларда муаммо инсоннинг фойдасига ҳал этилиши фуқароларнинг давлатга нисбатан ишончини мустаҳкамлайди.

Ушбу тамойил одатда жиноят процесси иштирокчилари ҳуқуқларини, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доирасида кенг қўлланилиб келинмоқда.
Эндиликда ушбу тамойилнинг Конституцияда мустаҳкамланиши инсон иштирок этиши мумкин бўлган ҳар қандай ижтимоий-ҳуқуқий муносабатларга талқин этиш имконини беради.
Нариманов Бекзод Абдувалиевич
Тошкент давлат юридик университети бўлим бошлиғи
Ю.ф.ф.д.