Сенат Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М. Кадирханова Навоийдаги 31 ёшли аёлнинг суиқасд сабабини ўрганиш учун Навоий вилояти ҳокимлигига хат билан чиқди.
Аниқланишича, фуқаро З. Ж. (марҳума)нинг турмуш ўртоғи О.Р унга ўғил фарзанд туғмаслигини рўкач қилиб, ўзаро жанжаллашиб туришган.
Марҳуманинг яқинлари ушбу босимлар сабабли, унинг руҳиятида ўзгаришлар бўлган бўлиши мумкинлигини, лекин қолган оила аъзолари ёки бошқа шахслар билан келишмовчиликка бормаганлигини, руҳий жиҳатдан соғломлигини, яқин қариндошлари орасида руҳий касаллик белгилари мавжуд бўлганлар йўқлигини таъкидлашган.
Ушбу маҳалла патронаж ҳамширасининг берган маълумотига кўра, фуқаро З.Ж. 2021 йилнинг январь ойида ҳомиладорлиги туфайли мурожаат қилган. У тиббий кўрикдан ўтказилганда ушбу ҳомила ҳам қиз эканлиги аниқланган. Натижада аёл ўз хоҳиши билан ҳомиласини олдириб ташлаган.
Бундан ташқари, фуқаро З.Ж. оиласидаги келишмовчилик юзасидан бирор маротаба МФЙ ходимларига ёки туман ИИБ профилактика инспекторига мурожаат қилмаганлиги аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 21 март куни 31 ёшли аёл ўзи билан бирга 8, 5 ва 3 ёшли қизларини поезд тагига ташлагани хабар қилинган эди.
Айни вақтда Навоий транспорт прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.