Тошкент, 2025 йил, июнь 2017 йилдан буён Ўзбекистонда энергетика соҳасида самарадорликни ошириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва бозор механизмларига ўтишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 2017 йилдан 2024 йилгача бўлган даврда электр энергия соҳасининг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди, жумладан, 8 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг 90 тадан ортиқ ҳужжатлари қабул қилинди

2016-2024 йилларда мамлакатда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 38%га ошиб, 2016 йилдаги 59 млрд кВт/соатдан 2024 йилда 81,5 миллиард кВт/соатга етди. Шу билан бирга, аҳоли жон бошига тўғри келувчи электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 18%га ошиб, 2200 кВт/соатга етди. Охирги етти йилда ўтган 25 йилдаги энергия ҳажмидан 3 баробар кўп –11 минг МВт янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди.
Иқтисодиётнинг жадал суръатларда ўсиб бораётганига қарамай, мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулот ёки хизмат учун камроқ энергия сарфлашга эришилди. Хусусан, 2017 йилдан 2024 йилгача мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 55%га ошган бўлса, ушбу даврда бир бирлик ишлаб чиқариш учун энергия сарфи 7,4%га камайди. Бошқача айтганда, иқтисодиёт камроқ энергия харажатлари билан ишлай бошлади – саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги ресурслардан янада оқилона фойдаланишга ўтди.
Бундай динамика иқтисодиётнинг янада самарали ишлаётганини кўрсатмоқда, яъни ҳар бир қўшилган қиймат учун камроқ энергия сарфлаб, кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқаришга эришилиб, бир миллион сўм ЯИМ учун электр энергия сарфи 56,8 кВт/соатга тушди.
Шунингдек, 54,8 минг километрдан ортиқ электр узатиш тармоқлари ва 17,2 мингта трансформатор станциялари модернизация қилинди. Натижада, мамлакатимиз бўйича 8 мингдан ортиқ маҳалланинг электр таъминоти яхшиланди. Таққослаш учун, 1991 йилдан 2016 йилгача атиги 9,3 минг км электр узатиш тармоқлари ва 4,8 мингта трансформатор янгиланган.
Қайта тикланадиган энергетикани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2024 йил якунига қадар Ўзбекистоннинг 10 та вилоятда умумий қуввати 4,1 минг МВт бўлган 14 та қуёш ва 3 та шамол электр станцияси ишга туширилди. 2024 йилда ишлаб чиқарилган “яшил” электр энергияси ҳажми 4,9 миллиард кВт/соатни ташкил этди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими тел: (78) 150 02 02 (417)