Самарқанд халқаро технология университетида (SIUT) муҳандислар, замонавий, халқаро даражада тан олинган бошқаришга ва бизнесни юритишга қодир мутахассислар тайёрлаш жараёнида уларнинг ҳар томонлама камол топиши учун барча имкониятлар ишга солинмоқда. Жумладан, ёшларни маънавий ва жисмоний жиҳатдан тарбиялаш, уларнинг ривожланиши учун шароит яратишга таълим йўналишига бўлгани каби эътибор қаратилмоқда.

Спортга бўлган эътибор туфайли университет жамоаси турли мусобақаларда қатнашиб, ғолиб ва совриндорла қаторидан ўрин олмоқда. “SIUT Irbis” баскетбол жамоасининг ютуқлари бунга яққол мисол бўла олади.
Жорий йилнинг 4 май куни Тошкент давлат транспорт университетида “9 май — Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан ўтказилган “Victory Cup 2025” республика турнирида қатнашган “SIUT Irbis” баскетбол жамоаси фахрли учинчи ўринни эгаллади.


SIUT Ахборот хизмати хабарига кўра, мусобақада икки ёш (18+ ва 35+) тоифасида жами 17 та жамоа иштирок этган. Шиддатли ўтган ўйинлар баскетболнинг 3х3 форматида ташкил этилган. Ҳар бир учрашувда жамоалар ғалаба учун бор кучини сафарбар этиб, томошабинларга ҳақиқий рақобат муҳитини намойиш этишга муваффақ бўлган.
“Ҳар бир ўйин — бу сабр, ирода ва аниқлик синови бўлди. Бизнинг йигитлар мусобақа давомида профессионал даражада ҳаракат қилиб, кучли рақиблар фонида ўз ўрнини исботлади,” — дейди баскетбол жамоаси сардори Алишер Абдуллаев.
“SIUT Irbis” баскетбол жамоасининг ушбу ютуғи университетда соғлом турмуш тарзи, спорт билан мунтазам шуғулланиш ва жамоавий ривожланиш маданияти йўлга қўйилганини яна бир бор тасдиқлайди десак, муболаға бўлмайди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндор жамоалар медал ва кубоклар билан тақдирланди. Қувонарли жиҳати шундаки, “SIUT Irbis” 3х3 баскетбол жамоасининг сардори Алишер Абдуллаев турнирнинг энг яхши беш баскетболчиси қаторидан жой олди ва ушбу ютуғи учун махсус кубок билан тақдирланди.
Албатта, университет жамоаси ушбу ютуқ бардавом бўлишини кутади ва спорти ёшлар сафи кенгайиши учун мавжуд имкониятни янада кенгайтиради деб ишонамиз. Чунки бу ерда соғлом турмуш тарзини оғизда тарғиб қилиш билан чекланмасдан, амалда ҳам намойиш этаётган жамоа шаклланган. Университет ректори бошчилигидаги жамоа аъзолари қиличдек ўктам қоматли, соғлом бўлиши бошқа соҳалардаги ютуқлар асоси эканлигини яхши англайди.
Университет жамоасига омад ёр бўлсин!
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз
Фото: SIUT Ахборот хизмати