“Ўзбекистон Республикасининг транспорт-логистика тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-28-сон, 27.01.2025 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилмоқда.
Қарорга кўра, Ўзбекистоннинг транспорт-логистика тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.
Қуйидагиларни назарда тутувчи асосий мақсадли кўрсаткичлар ва индикаторлар белгиланди, жумладан:
автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида халқаро юк ташиш умумий ҳажмини камида 2 бараварга ошириш;
транспорт ва логистика хизматлари экспортини 2 бараваргача ошириш;
контейнерларда юк ташиш улушини камида 1,5 баробарга ошириш;
Жаҳон банкининг Логистика самарадорлиги индексида (LPI) Ўзбекистоннинг ўрнини 55-поғонадан паст бўлмаган даражагача кўтариш.
Юкларни халқаро ташишни ташкил этишда транспорт-экспедиторлик хизматларига ҚҚС ноль ставкада қўлланади.
2025 йил 1 июндан Давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида автотранспорт воситаларининг электрон навбат тизими жорий этилади.
Халқаро автомобиль транспорти иттифоқи билан ҳамкорликда Халқаро автомобиль транспорти соҳасида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича минтақавий ўқув маркази ташкил этилади.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйларида йўлбўйи сервис (“Service area” ва “Service point”) объектлари ташкил этилади.