Тошкент вилояти Тошкент туманида жойлашган ва янгидан буёнд этилган “Навоий” чегара божхона пости (“Зангиота” чегара ўтказиш пункти) 2025 йил 27 январдан эътиборан синов режимида иш бошлади. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.
Замонавий қиёфадаги ушбу божхона постида фуқаролар учун барча зарур шарт-шароитларга эга кенг ва ёруғ заллар, автобус ва енгил автотранспорт воситалари ҳамда уларда ҳаракатланаётган йўловчилар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилган.
Божхона постига туташ ҳудудда бир вақтда 500 дан ортиқ енгил автотранспорт воситалари, 100 дан ортиқ автобусларни қабул қилиш имкониятига эга замонавий автотураргоҳ барпо этилиб, унда халқаро йўналишда ҳаракатланаётган автобус ва енгил автотранспорт воситалари, шунингдек маҳаллий йўналишдаги йўналишли жамоат транспортлари ҳамда такси хизматлари йўлга қўйилган.
Автотураргоҳда транспорт воситалари учун кутиш жойлари, фуқаролар учун тез тайёр бўлувчи тамаддихоналар, кафе ва бошқа маиший ва ижтимоий хизматлар, бундан ташқари халқаро йўналишдаги автотранспорт воситалари учун шаффоф электрон навбат тизими йўлга қўйилади.