Ҳар қандай жамиятни ривожида хотин-қизларнинг ўрни беқиёс бўлган. Тарихий манбаларга таянадиган бўлсак, момоларимиздан Тумарис эрамиздан олдинги 6-чи аср ўрталарида давлатни бошқариш билан бир қаторда оғир жангларда Эрон подшоҳи Кир-2 ни устидан қаҳрамонларча ғалаба қозонган. Ал-Бухорий, Ат-Термизий, Ал-Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби буюк зотларни етишиб чиқишида ҳам онахонларимизнинг ўрни беқиёс бўлган. Увайсий, Нодирабегим, Зулфия, Ҳалима Худойбердиева каби зиёли маърифатпарвар шоираларимизнинг қалами бугунги ёш авлод учун намуна нишонасидир!
Ҳуқуқ соҳасида ҳам 1954 йилда Тошкент юридик институт ректори,1970-84 йилларда адлия вазири,Ўзбекистон ССР Олий суд раиси лавозимларида ишлаган юридик фанлари доктори профессор, фанлар академиясининг ҳақиқий възоси (академик) Сулаймонова Ҳадича Сулаймоновна, Адлия вазири лавозимида ишлаган юридик фанлари доктори Васикова Мамлакат Собировна, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва узоқ йиллар Тошкент юридик техникум директори лавозимларида фаолият юритган Муҳитдинова Ҳалима Қодировна каби қатор олималаримиз давлат ва жамиятни бошқаришда фидокорона меҳнатлари фаоллик кўрсатишган.
Ҳадиси шарифларда илм ўрганмоқ аёл ва эркакларга фарз қилинганлиги бежизга эмасдир!. Қайсики жамиятда аёллар илмли, маърифатли бўлса бутун мамлакат обод бўлган. Дарҳақиқат ҳукуматимиз томонидан бугунги кунда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар босқичма-босқич ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда.
Хусусан, нафақат таълим соҳасида спорт соҳасида ҳам қизларимиз мусобақаларида юқори натижаларга эришмоқда. Яқинда ўтказилган Париж-2024 олимпиада ўйинларида дзюдо бўйича Диёра Келдиёрова олимпиада чемпиони бўлгани барчамиз учун ғурур ифтихордир!
Сўнгги йилларда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрдаги “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги 562-сон Қонуннинг 3-моддасида гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чоралар, гендер статистикаси, гендер-ҳуқуқий экспертиза, гендерга оид аудит, жинс бўйича бевосита камситиш, гендерга доир комплекс ёндашув каби масалаларни ўз ичига қамраб олади.
Гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага оид 30 га яқин қонунчилик ҳужжати қабул қилинди.
Юқоридаги Қонуннинг 4-моддасига кўра хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
қонунийлик;
демократизм;
хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги;
жинс бўйича камситишга йўл қўйилмаслиги;
очиқлик ва шаффофлик.
Қонунинг 22-моддасида Жамоа шартномалари ва келишувларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари, меҳнат муносабатларини жамоа-шартномавий жиҳатдан тартибга солиш чоғида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлайдиган қоидаларни жамоа шартномалари ва келишувларига киритиш, уларнинг касбий ва оилавий мажбуриятларни қўшиб бажариши учун шарт-шароитларни яхшилаш шарт эканлиги;
Жамоа шартномалари ва келишувларида қуйидагилар назарда тутилиши кераклиги;
хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш мажбуриятларини ташкилотларнинг ва улар таркибий бўлинмаларининг ваколатли шахси зиммасига юклатиш;
ишга қабул қилиш ва хизмат бўйича кўтаришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни яратиш;
хотин-қизлар ва эркаклар меҳнатига ҳақ тўлашда нотенгликни бартараф этиш.
Давлат органлари, шунингдек мулкчилик шаклидан қатъи назар ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқларини тенг даражада ҳисобга олиши шарт.
Хотин-қизлар ва эркаклар ижтимоий имтиёзлардан фойдаланишда тенг ҳуқуқларга эга эканлиги каби нормалар белгилаб қўйилди.
Бу каби ишларни янада жадаллаштириш ва хотин-қизларга янада кенгроқ имкониятлар бериш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 28 майдаги СҚ-297-IV- сонли қарори билан 2030 йилга қадар Ўзбекистон республикасида гендер тенгликка эрилиш стратегияси қабул қилинди.
Унда Гендер стратегиясини 2023 — 2030 йилларда босқичма-босқич амалга ошириш учун ҳар йилда алоҳида-алоҳида комплекс чора-тадбирлар дастурлари тасдиқлаш белгиланди.
Қарорга кўра, Вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Комплекс чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган тадбирларнинг бажарилиши ҳолати тўғрисида ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот киритиб бориш каби муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Хусусан, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган қонунчилик асосларини такомиллаштириш йўналишида 13 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат (3 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та фармони ва 2 та қарори ҳамда ҳукуматнинг 6 та қарори) қабул қилинган.
“Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Унда жинсий зўравонлик, жумладан вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этганларга нисбатан жавобгарлик чораларининг кучайтирилиши билан бирга, ушбу тоифадаги жиноятлар учун қонунчиликда кўзда тутилган енгилликлар берилмаслиги, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш, ярашганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш каби чоралар қўлланилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.
Хотин-қизлар учун ўқишга киришдаги асосий имкониятлардан бири — эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга ажратилувчи умумий квотанинг 4 фоизи миқдоридаги (2 мингта ўрин) грант ҳисобланади. Унга кўра, талабгорларга белгиланган тартибда тавсиянома бериш назарда тутилган. Тавсияномани кам таъминланган, тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, ногиронлиги бўлган ота-онанинг фарзандлари каби бир қатор тоифаларга мансуб хотин-қизлар олиши мумкин ва улар алоҳида танлов доирасида кириш имтиҳонларида қатнашади, энг юқори балл олган 2 минг хотин-қиз тавсиянома асосида грантга ўқишга қабул қилиниши белгиланди.
Ҳукуматимиз томонидан берилаётган бу каби кенг қамровли имтиёз ва имкониятлардан оқилона фойдаланаётган хотин-қиздаримиз қисқа фурсатда ҳаётда ва жамиятда ўз ўрнини топади ва жамият тараққиёти учун албатта ўзларининг ҳиссаларини қўшишади.
Мавлуда Бобораимова
Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси