Ижтимоий тармоқларга Қорақалпоғистонда ўлим билан боғлиқ бўлган аянчли йўл-транспорт ҳодисаси акс этган видео тарқалди.
Қорақалпоғистон ИИВ Матбуот хизматининг хабар беришича, автоҳалокат жорий йилнинг 22 июль куни соат 19:05 атрофида Қўнғирот тумани «Елабат ППЖ» ҳудудида содир бўлган.
1994 йилда туғилган Қўнғирот туманида яшаган М.Н. Lacetti автомашинасини Қўнғирот тумани марказидан «Қорақалпоғистон» ППЖ томонга бошқариб кетаётиб, руль бошқарувни йўқотиши оқибатида қарама-қарши томонга чиқиб кетган. Натижада ўз йўналишда келаётган, 2001 йилда туғилган У.Д. бошқарувида бўлган Cobalt автомашинаси билан тўқнашиб йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Икки ҳайдовчи ва 1986 йилда туғилган йўловчи ҳодиса жойида вафот этган.
Шунингдек, Lacetti йўловчиси 1975 йилда туғилган Б.Т. ҳамда Cobalt йўловчилари 1993 йилда туғилган Т.А. 1997 йилда туғилган К.Т. 1971 йилда туғилган К.К. 1994 йилда туғилган С.Р.лар Қўнғирот тумани тиббиёт бирлашмасига тан жароҳати билан ётқизилиб, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан олган тан жароҳати оқибатида ўзига келмасдан вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан ЖКнинг 266-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.