Аввалроқ, Тошкент шаҳри Юнусобод туманида жойлашган катта сув ўтказгич тармоғида носозлик вужудга келгани ортидан кўчаларни сув босгани ҳақда хабар берилган эди.
Тошкент шаҳар «Сув таъминот» АЖ матбуот котиби Равшан Ёқубжонов аварияга ҳудуддаги қозонхонада электр энергияси узилгани сабаб бўлганини айтган эди. Бунга Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги раддия бериб чиқди.
«Бугун, 2024 йил 3 июль санасида Юнусобод туманининг 6- ва 7-мавзеларида сув тошишига оид хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Ушбу ҳодиса юзасидан Тошкент шаҳар «Сув таъминоти» АЖ матбуот хизмати томонидан воқеага ҳудуд яқинида жойлашган «Тошкент иссиқлик маркази» МЧЖга қарашли 4-сонли қозонхонада электр таъминоти узилиши сабаб бўлганлиги келтирилган.
«Иссиқлик электр станциялари» АЖ таркибидаги «Тошкент иссиқлик маркази» МЧЖ Тошкент шаҳар «Сув таъминоти» АЖнинг мазкур баёноти ҳақиқатга мос эмаслигини билдиради ва 4-сонли қозонхонада 2-3 июль кунлари электр таъминоти билан боғлиқ ҳеч қандай узилиш юз бермаганини маълум қилади. Сув тошқинига қозонхона фаолиятининг ҳеч қандай алоқаси йўқ.
4-сонли қозонхона 2024 йилнинг 2 июлидан 3 июлига ўтар кечаси барқарор ва штат режимида фаолият юритган.
Айни пайтда қозонхонага сув таъминотининг етарли даражада етказиб берилмаётганлиги сабабли мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб ишлаб чиқариш ҳажми пасайтирилган», дейилади хабарда.