Кредит маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди, дея хабар қилмоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент.
Департаментнинг Булоқбоши туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда “B.t.” МЧЖ масъул шахслари ва бошқалар паррандачилик фаолиятини ташкил этишда ускуналар сотиб олиш учун тижорат банки филиалидан ажратилган кредит маблағларининг 5,2 млрд сўмини, “Z.t.” МЧЖ масъул шахслари эса тикув дастгоҳлари сотиб олиш учун ажратилган 950 млн сўм имтиёзли кредит маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Департаментнинг Кармана туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “K.C.H.” оилавий корхонаси раҳбари Х.Я. минерал ўғит ва ёқилғи мойлаш маҳсулотлари харид қилиш учун ҳудудий тижорат банки филиалидан ажратилган 425 млн сўм кредит маблағларини бошқа мақсадларда сарфлаб, ўзлаштирганлиги аниқланган.
Шу каби, Департаментнинг Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда “I.C.H.” хусусий корхонаси раҳбари Х.К. 11 нафар фуқарога тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун ажратилган имтиёзли кредит маблағи эвазига таъминотчи корхона сифатида маҳсулотларни етказиб бермасдан 348,2 млн сўмни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
МАНБА: DARAKCHI.UZ