Қишлоқ хўжалиги вазирлигида «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси раҳбари Омон Мусаев ҳамда Япониянинг «Trust engineering partners» компанияси президенти Шозо Маишиги ўртасида учрашув ўтказилди.
Унда аҳоли сони ўсиб бораётган Ўзбекистонда балиқчилик тармоғини янада ривожлантиришда Япония тажрибаси ва технологиясини жорий этиш, мутахассисларни жалб қилиш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, юртимизда аквакултура соҳасини ривожлантириш, совуқ сув балиқлари ва илғор технологиялар асосида қисқичбақасимонларни (креветка) саноат миқёсида етиштириш йўлида ҳамкорлик хусусида фикр алмашилди.Жумладан, Ўзбекистонда креветка етиштириш учун мавжуд шарт-шароитлар, табиий ва сунъий сув ҳавзалари, сув ҳажми ва шўрлик даражаси каби зарурий маълумотлар тақдим этилди.
Учрашув якунида юртимизда Япония тажрибаси асосида креветкани саноат усулида етиштириш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди.