31.3 C
Узбекистан
Суббота, 29 июня, 2024

Эркин сўзни бўғманг, ўзингиз бўғиласиз!

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,480участниковПодписаться
- Advertisement -

Мамлакатимизда 2017 йилдан сўз ва фикр эркинлиги соҳасида бошлаган ижобий ўзгаришларга кейинги йилларда путур етгандек бўлди. Бунга мисол сифатида “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилотининг матбуот эркинлиги рейтингида Ўзбекистон 11 поғонага пастлаб, 148-ўринга тушганлигини келтириш мумкин.

Ҳозир бу ерда сўз эркинлиги аҳамияти, жамият ва давлат ривожидаги ўрни ва роли ҳақида гапириб ўтиришга ҳожат йўқ деб ўйлайман. Бу ҳақда Карим Баҳриевдек ҳеч ким кўп ва хўп гапирган эмас. Таниқли журналист ва таржимоннинг иккита китобдан иборат “Сўз эркинлиги ҳақидаги сўз” асарида барчаси очиқ-ойдин айтилган. Ушбу китоб ва муаллиф амалга оширган таржималар юртимизда чоп этилишининг ўзи катта воқеадир. 

Бундан 20 йил аввал “Сўз эркинлиги ҳақидаги сўз” хорижда босилиб чиққан ва бу  айрим экспертлар томонидан “мамлакат ҳукуматининг ҳар қандай демократик жараёнга мойил эмаслигини англатиши” сифатида баҳоланган эди.

Карим Баҳриев бундан уч йил аввал берган интервьюларидан бирида суҳбатдошининг “Бизда сўз эркинлиги қайси даражада?”деган саволига шундай жавоб берган эди: “сўз эркинлиги аввалги Каримов даврига нисбатан бор ва жуда яхши, лекин умумий, халқаро мезонларга қараганда ҳали чала. Бу борада бизнинг муаммоларимиз ҳали жуда кўп”.

“Чала” сўз эркинлиги муаммолар ҳақида очиқ гапиришга тўсқинлик қилмоқда. Бу эса барча жабҳалардаги камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга имкон бермаяпти. Қайси соҳада, қайси йўналишда бўлмасин, камчиликларни тилга олсангиз, ўша томондан, соҳа вакиллари босимига учрайсиз.

Бизда тадбиркорликка яратилган шароитлар, ишбилармонларга берилган имкониятлар ҳақида кўп гапирилади. Тўғри, бу йўналишда дастлабки 25 йилга қараганда ўзгаришлар бир олам. Аммо тадбиркорларнинг солиқчию текширувчилардан нолишларини бир эшитсангиз эди! Кўплари дардини айтиб, қаттиқ илтимос қилади: “бу ҳақда мен гапирганимни ҳеч ким билмасин”.

Қўрқув кучли. Ҳақиқий аҳвол ваколатли органларга маълум, албатта. Аммо улар ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолишидан манфаатдор бўлса керак, ҳолатни ўнглашни ўйламайди ҳам. Масалан, ҳар йили очилаётган мингаб кичик корхоналар ишлмаётганлиги ёки ёпилиб кетаётганлиги сабабини кимдир таҳлил қилиб кўрдими?  Агар жамиятда фикр ва сўз эркинлиги ҳукмрон бўлганда эди, тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлаётган ҳолатлар таҳлил қилинарди, кимларнидир ўз манфаати йўлида соҳага аралашувига йўл қўйилмасди.  

Сўз эркинлигини бўғишга бўлган ҳар қандай ҳаракат қораланмас экан, ижтимоий, иқтисодий аҳволимизнинг яхшиланишига умид боғлаш мумкин эмас. Ҳатто  сиёсий ўзгаришлар, давлатимизнинг халқаро миқёсдаги сиёсий имиджи ҳам сўз ва матбуот эркинлиги даражасига боғлиқ.

Мавжуд аҳволимиз ҳақида маҳалла тизими мисолида қисқача сўз юритмоқчиман. Кейинги беш йил давомида маҳалла раиси вазифасини бажариб, бу соҳани ичидан яхшигина ўргандим. Фаолиятимнинг дастлабки йилидан бошлаб журналист сифатида мавжуд муаммоларни очиқ тилга ола бошладим. “Маҳалла оқсоқоли ердан чиққан қўзиқорин эмас”, “Маҳалла раиси югурдак эмас! Қўйинглар, у аҳоли билан ишласин. Одамларни рози қилсин”, “Маҳалла раиси едими?” каби кўплаб мақолалар ёздим. Kun.uz сайти 2022 йилда “Замонавийлашаётган маҳалла: у аҳолига яқинлашяптими ёки узоқлашмоқда?” сарлавҳаси остида учта мақоламни эълон қилган эди. Мақолада тизимдаги мавжуд муаммолар ҳақида сўз юритилиб, охирида шундай фикр билдирилган эди: “Ҳа, шундай муаммолар ҳаддан кўп. Балки маҳалла тизимини ислоҳ қилишга киришишдан аввал тизимда кўп йиллар меҳнат қилаётганлар фикри ўрганилса, таклифни «паст»дан эшитиб, сўнгра хулоса қилинса, балки муаммолар ҳам камаярмиди?”.

Аммо “паст”нинг фикри ҳеч кимни қизиқтирмаганлиги учун тизимни ташкил этишда қатор камчиликларга йўл қўйилди. Ўзини ўзи бошқариш органи ва нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланган маҳалла вазирлик тизимига киритилди. Хато уч йил деганда тузатилди ва Маҳаллалар уюшмаси ташкил этилди.

Агар жамиятда эркин сўз ҳукмрон бўлганида, “давлат ишларига аралашмаслик керак” деган ақида ҳукмрон бўлмаганида, ҳар ким фикрини айтиш ва “тепа”дагилар уларни эшитиш имконияти мавжуд бўлганида, балки бундай хатоликларнинг олди олинармиди?!

Билдирилган таклиф учун тентаги чиққан “катталар” хусусида бир мисол келтирай, хулосани ўзингиз чиқаринг. Бир мақола ёзган эдим. Ўзимга гапиролмасдан, юқоридагилар маҳалла уюшмаси раисига босим ўтказиб, “маҳалла раисининг оғзини юммайсизми?” деган қаттиқ талаб қўйган. Мақола оддийгина эди. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари ишини ташкил этишдаги мавжуд ҳолат ва уни яхшилаш бўйича таклифлар берилган эди.

Маҳалла тизимидаги ҳозирги аҳвол унда фаолият юргизаётган ходимларда кўплаб савол туғдирмоқда. Ҳозир уларни жамлаб, таҳлил қилган ҳолда танқидий-таҳлилий мақола тайёрлаяпман. Мақола эълон қилинса нима бўлади? Яна шаҳар ёки вилоят уюшмаси раисларига тазйиқ ўтказиладими?

Эй, “бошсиз чавандозлар”, эшитинглар, мен журналист, қолаверса, эркин шахс, қурилаётганлиги эълон қилинган демократик мамлакат вакили  сифатида ўз фикримни баён қилиш ҳуқуқига эгаман-ку! Шундай экан, сўз эркинлигини бўғманг. Эртага ўзингиз бўғиласиз!

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ўзбекистонга келади

29 июнь куни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Марказий Осиё давлатларига сафар қилади. У Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва...

Больше похожих статей

×