Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-моддасига қўшимча киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан турар-жой билан таъминлашда мазкур кўчмас мулкларни уларнинг номига расмийлаштириш бўйича нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнида давлат божини тўлашдан озод қилишни назарда тутади.
Маълумот учун айтиш мумкинки, амалдаги қонунга кўра, уй-жойлар Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида жойлашган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, агар бошқа аҳоли пунктларида жойлашган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўланиши белгиланган эди.
«Шу муносабат билан, қонун лойиҳасининг нотариал ҳаракатлар амалга оширилганда давлат божини тўлашдан озод этиш тўғрисидаги 11-моддаси «етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар – уларга давлат томонидан иккиламчи бозордан олиб берилган уй-жойлар уларнинг номига расмийлаштириб берилганлиги учун», деган қўшимча банд билан тўлдирилмоқда», дейилади Қонунчилик палатаси хабарида.
Аввалроқ ота-оналарнинг болаларини қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилганлиги учун жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ белгиланиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.