“Муваффақиятли ислоҳотлар — юқори натижалар” халқаро анжумани бугун, 7 июнь куни бўлиб ўтди.
Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёеванинг маълум қилишича, анжуман қатнашчилари таълим сифати, бу соҳадаги жорий тенденциялар борасида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
“Таълим сифатини яхшилаш – давлатимиз сиёсатининг, олиб борилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бири. Педагоглар жамиятда энг муҳим ўрин тутган касб эгаларидир. Инсонни тарбиялаб, атрофдагиларга, маданиятга, Ватанга муносабатимизни шакллантирадиган асосан шулар. Агар давлатни бир дарахт деб тасаввур қиладиган бўлсак, ўқитувчиларни унинг илдизига қиёслаш мумкин.
Ишончим комилки, дарахтнинг илдизи чуқур, бақувват бўлмас экан, кўкка бўй чўзолмайди, гуллаб-яшнамайди, мева бермайди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон таълим тизимини такомиллаштиришга бу қадар катта эътибор қаратиб, педагогларимизни халқаро дастурларда иштирок этишга, дунёнинг энг илғор тажрибаларини қўллашга ундамоқда”, — деб ёзади Саида Мирзиёева.
«Конференсияда таълимга оид масалалар бўйича тажриба алмашдик, халқаро ҳамкорлар билан мулоқот жараёнида соҳадаги илғор усуллар билан танишдик.
Умид қиламанки, бу ғоялар методикаларимизни яхшилашга, ўқитувчиларни таълим тизимидаги янгиликларга тайёрлашга ёрдам беради»– дейди Саида Мирзиёева.