Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Шоҳрух Ғуламов ҳамда Акрам Алиев инвестициялар, саноат ва савдо вазирига ўринбосар вазифасини бажарувчилар этиб тайинланди. Бу ҳақда бош вазир матбуот котиби Беҳзод Ҳидоятов маълум қилди.
Шоҳрух Ғуламов (1990 йилда туғилган) тайинловга қадар мазкур вазирликнинг халқаро ҳамкорлик департаменти бошлиғи лавозимида ишлаб келган. У, шунингдек, МДҲ Иқтисодий кенгаши ҳузуридаги Иқтисодий масалалар бўйича комиссияда Ўзбекистоннинг ваколатли вакили сифатида ҳам ишлаган.
Акрам Алиев (1991 йилда туғилган) эса вазирлик департаменти директори лавозимида ишлаган.
Маълумот учун, 2024 йил январида президент тизимидаги камчиликлар ва сусткашлик учун инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидовни лавозимидан озод қилганди. Ўша ойнинг ўзида “Ўзметкомбинат” бошқаруви раиси биринчи ўринбосари Дилшод Аҳмедов инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари этиб тайинланганди.