Жорий йилнинг 29 ноябрь куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти томонидан “Бошланғич таълим тизимини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди.
Бошланғич синф ўқитувчиларининг узлуксиз касбий таълимини янада такомиллаштириш, бу борадаги илғор миллий ва халқаро тажрибаларни таҳлил қилиш, самарали ёндашувларни аниқлаш ва уларни амалиётга жорий этиш муҳокамасига бағишланган ушбу тадбирда соҳа мутахассислари, олимлар, илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари ҳамда илмий изланувчилар иштирок этди.
Тадбир аввалида сўз олган вазир Ҳилола Умарова ва мутасадди раҳбарлар бошланғич таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва тадқиқотларнинг қамрови ва илмий-тадқиқотлар самарадорлигини ошириш орқали таълим сифатини яхшилаш бугунги кунда тизим олдида турган муҳим масалалардан бири эканлигига алоҳида урғу бериб ўтди.
Хусусан, Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази директори Воҳид Хамидов мазкур конференция соҳада сифат ва самарадорлик кўрсаткичларини оширишга хизмат қилишини таъкидлаб, бу борада ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
— Ушбу конференция кун тартибидан ўрин олган мавзулар бугунги кун талабларига жуда мос ҳамда ҳар биримиз учун долзарб.
Хусусан, бошланғич синф ўқитувчилари томонидан таълим соҳасини такомиллаштириш учун берилаётган таклифлар, соҳада сифат ва самарадорлик кўрсаткичларини оширишга қаратилган методлар, дарс ўтиш услублари, ўқитувчи ва ота-она муносабатига бағишланган мақолалар, фикр-мулоҳазаларни ўқиб хурсанд бўлдим.
Ўз навбатида, Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази директори сифатида бошланғич таълим соҳасини такомиллаштириш бўйича доим ҳамкорликка тайёр эканлигимизни таъкидлаб ўтмоқчиман, – деди Воҳид Хамидов.
Конференция давомида бошланғич таълим босқичида олиб борилаётган ислоҳотлар ва тадқиқотларнинг қамровини ошириш орқали таълим сифатини янада яхшилаш бўйича қатор таклиф ва мулоҳазалар илгари сурилди.
Хусусан, илғор хорижий тажрибалар асосида бошланғич синф ўқувчилари учун яратилган янги авлод дарсликлари «4К” моделига асосланганини таъкидлаб, замонавий методикалар бўйича ўқитувчиларга узлуксиз методик ёрдам кўрсатиш бўйича таклифлар билдирилди.
Куннинг иккинчи ярмида конференция ўз ишини мавзуга доир қатор шўбаларга бўлинган ҳолда давом эттирди. Унда таълим мазмунини такомиллаштириш масалалари, муаммо ва ечимлар, илғор хорижий тажрибалар, самарали метод усуллари, ўқитувчи ва ота-оналар ҳамкорлигининг ҳуқуқий асослари атрофлича муҳокама қилинди.
Конференция иши қуйидаги шўбалар бўйича ташкил қилинди:
1-шўба. Бошланғич синфларда таълим мазмунини такомиллаштириш масалалари (муаммо ва ечимлар);
2-шўба. Бошланғич таълим тизимини такомиллаштиришда илғор миллий ва хорижий тажрибалар;
3-шўба. Бошланғич синф ўқитувчиларининг узлуксиз касбий ривожлантиришнинг самарали шакл ва методлари;
4-шўба. Бошланғич синфларда ўқитувчи ва ота-оналар ҳамкорлигининг амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари.