Тошкент шаҳрида ўзганинг пластик картасидаги 250 миллион сўм пулни ўзлаштирган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ ТДҚ Киберхавфсизлик маркази хабар берди.
Маълум қилинишича, Яшнобод туманида яшовчи 38 ёшли Г.О. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан пул маблағлари номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганини билдирган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Яшнобод туманида яшовчи 26 ёшли Н.Г., Андижон вилояти, Жалақудуқ туманида яшовчи 18 ёшли Т.Х. ҳамда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшовчи 26 ёшли И.М. содир этганли аниқланган.
Аниқланишича, Н.Г. жабрланувчи Г.О.нинг қўл телефонига қўнғироқ қилган ва ўзини Click оператори сифатида таништириб, SMS-хабарнома юбориш орқали бошқарув ҳуқуқини қўлга киритган ва жами 250 миллион сўм миқдоридаги пулларни ўтказиб олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 4-қисми банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Н.Г.,Т.Х. ва И.М.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.