Ташқи ишлар вазирлиги Иқтисодий дипломатия ва маданий ҳамкорлик департаменти директорининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келган Мамажонов Нуриддин Ёқубжонович Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари – вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Нуриддин Мамажонов 1982 йил 27 июлда Қувасой шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини ҳамда Марказий Богема университетини (Прага) тамомлаган. Европа амалий фанлар ва менежмент институтида (Прага) Бизнес бошқарув доктори (DBA) илмий даражасини олган.
Меҳнат фаолияти давомида Ташқи ишлар вазирлигида, Адлия вазирлигида турли масъул лавозимларда ишлаган. Ўзбекистон Республикасининг Германиядаги элчихонасида, Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонасида фаолият олиб борган. 2022-2023 йилларда Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонасида савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи бўлган.