Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги мажлисида қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини сўзсиз амалга ошириш ва аҳолига давлат хизмати кўрсатилишини яхшилашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди. Унда фуқароларга пенсия тайинлаш билан боғлиқ меъёрлар ўрин олган. Лойиҳа билан “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги ва “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутилмоқда.
Хусусан, пенсияларнинг энг кам миқдорини белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда. ЎзХДП фракцияси аъзолари бу меъёр партия ғоялари амалга ошиши кафолатини мустаҳкамлаётгани, пенционерларнинг ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилаётганини қайд этишди.
Шунингдек, лойиҳадаги иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсиялар расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги норма ҳам катта ижтимоий аҳамиятга эгалиги таъкидланди.
Лойиҳага кўра, фуқароларнинг Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали пенсия тайинлаш учун мурожаат қилиш ҳуқуқини яратиш, Пенсия жамғармаси томонидан Халқ банкига ахборот тизими орқали электрон шаклда юбориладиган фуқаронинг пенционерлиги ҳақидаги маълумотлар асосида жамғариб бориладиган пенсия тизимдаги тўловларини олиш ҳуқуқини яратиш назарда тутилмоқда. Депутатлар бундай тартиб фуқароларни ортиқча овогарчилик ва югур-югурлардан ҳимоя қилишини қайд этиб, қонун лойиҳасини маъқуллашди.
Кун тартибидан ўрин олган яна бир масала ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш билан боғлиқ бўлиб, унда айрим маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун қўлланиладиган жазоларни енгиллаштириш назарда тутилмоқда.
Жумладан, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасига кўра, транспорт воситаси мулкдорининг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахс билан биргаликдаги мурожаатига кўра ваколатли орган томонидан ҳуқуқбузарликларни қайд этиш тизимига тегишли ўзгартиришлар киритиш белгиланмоқда.
Бу борада йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани расмийлаштириш тартибини жорий этиш кутилмоқда. Шу масалани назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Гап шундаки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 171-моддасининг иккинчи қисмига асосан юридик шахсга тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка фақат юридик шахснинг транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул бўлган шахси тортилиши белгиланган.
Мазкур лойиҳа билан эса юридик шахсга тегишли транспорт воситаси нотариал шаклда расмийлаштирилган ҳамда юридик шахс номидан бериладиган ишончнома асосида олган шахсларни маъмурий жавобгарликка тортишни назарда тутувчи қўшимчаларни киритиш таклиф этилмоқда.
Депутатлар ушбу ўзгаришлар айбсиз айбдор бўлиб қолаётган фуқароларнинг ҳуқуқларини тиклашга, ҳуқуқбузарнинг айнан ўзига нисбатан чора кўрилиши, қонун устуворлиги таъминланишига хизмат қилишини таъкидлади.
Аммо фракция аъзолари мазкур тартиб фақат юридик шахсларга нисбатан қўлланилиши зарурлигини қайд этди. Яъни, лойиҳада таклиф этилаётган “транспорт воситасининг мулкдори” деган сўзлардан кейин “ёки мазкур транспорт воситасидан фуқаролик-ҳуқуқий тартибда фойдаланган шахс” деган сўзлар билан тўлдирилсин, деган ўзгартиришга эътироз билдирди. Чунки ушбу ҳолат жисмоний шахслар ўртасида тушунмовчиликларга сабаб бўлиши мумкин. Ишончнома билан автомобилдан фойдаланаётган ҳайдовчи ҳамда мулкдор ўртасида жарималарни тўлаш билан боғлиқ масалада келишмовчиликлар кузатилмаган ҳамда тўловларни амалга ошириш билан боғлиқ электрон тизим муаммосиз ишлаб келмоқда. Шу сабабли янги тартиб фақатгина юридик шахсларга тегишли бўлиши мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.
Фракция аъзолари яна қатор лойиҳаларни биринчи ҳамда иккинчи ўқишда кўриб чиқди. Ҳар бир масала юзасидан ўз фикр ва таклифларини билдирди. Муҳокамалардан якунида лойиҳалар қўллаб-қувватланди.