Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари 2018-2022 йилларда цитрус мевалар (киви, мандарин, апельсин), кешю ёнғоғи ва хурмо импортини таҳлил қилди.
2022-йилда Ўзбекистонга цитрус мевалар, кешю ёнғоғи ва хурмо импорти 2018-йилдагига қараганда сезиларли даражада ошган. Бунга бир қанча омиллар сабаб бўлган.
Республика иқтисодиётининг барқарор ўсиши ва аҳоли сонининг ортиши. 2018-2022 йилларда ялпи ички маҳсулотнинг ўртача ўсиш суръати 5,3 фоизни, аҳоли сонининг ўсиш суръати эса 1,9 фоизни ташкил этди.
Қулай макроиқтисодий шароит. Ялпи ички маҳсулотнинг аҳоли жон бошига улуши 2018-йилдаги 1604 АҚШ долларидан 2022-йилда 2255 АҚШ долларига кўтарилди. Бу ҳам 2018-2022 йилларда аҳоли реал умумий даромадларининг 32,1 фоиз ошишига замин яратди.
Импорт божхона тўловларини нолга тушириш. Жумладан, 2021-йилнинг октябрь ойидан бошлаб Ўзбекистонда цитрус меваларни олиб киришда ноль божхона ставкаси тартиби жорий қилинди ва бу муддат бир неча бор узайтирилди. Айни чоғда нолга тенг ставка 2024-йилнинг 1-январигача амал қилади.
Озиқ-овқат чакана савдосини ривожлантириш. Маркетинг тадқиқотларига кўра, 2015–2021 йилларда республиканинг замонавий чакана савдо бозори йилига ўртача 17 фоизга ўсган. Савдо ҳажмининг 58 фоиздан ортиғи чакана озиқ-овқат савдосининг улушига тўғри келган. 2026-йилга бориб, Ўзбекистон бозоридаги замонавий чакана савдонинг улуши деярли икки баробар ошиши мумкин.
2022-йилда цитрус мевалар ва ёнғоқлар импорти ҳажми 2018-йилдагига нисбатан қуйидагича ошган:
Кешю ёнғоғи — 8,2 баробар;
Хурмо — 7,6 баробар;
Мандарин — 6,6 баробар;
Киви — 4,7 баробар;
Апельсин — 3,9 баробар.
➖ Гарвард университети Жамоатчилик соғлигини сақлаш мактаби тадқиқотига кўра, цитрус мевалар саломатлик учун кўплаб фойдали хусусиятларга эга. Жумладан, уларнинг таркибида С витамини, шунингдек, юрак — қон-томир тизимига ижобий таъсир кўрсатадиган ва сурункали юрак ва қон-томир касалликларининг ривожланишига тўсқинлик қилувчи флавоноидлар катта миқдорда мавжуд.
➖ Кешю ёнғоғи мис ва магнийга бой бўлиб, суяк мустаҳкамлигини оширади.
➖ Хурмо таркибида кўп миқдорда полифеноллар (антиоксидантнинг бир тури) мавжуд бўлиб, улар танани саратоннинг айрим турларидан, шунингдек, диабет ва юрак — қон-томир касалликларидан ҳимоя қилади.