Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Jazeera Airways авиакомпаниясининг Ўзбекистон ва Тожикистон бўйича директори Ильдар Абубекировни қабул қилди, дея хабар қилмоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Учрашувда Jazeera Airways томонидан йўлга қўйилаётган Қувайт-Фарғона-Қувайт йўналишидаги авиақатнов билан боғлиқ масалалар, шунингдек, Фарғона халқаро аэропортидан ушбу авиакомпания билан биргаликда Миср, Туркия ва қатор Европа мамлакатларига авиақатновларни ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг учта шаҳридан Jazeera Airways томонидан Қувайтга амалга оширилаётган авиақатновларда Фарғона вилоятида яшовчи йўловчилар салмоқли ҳиссага эга эканини қайд этган Ильдар Абубекиров, авиакомпания бундан келиб чиққан ҳолда декабрь ойидан бошлаб Қувайт-Фарғона-Қувайт йўналишида мунтазам қатновларни йўлга қўйишга қарор қилганини маълум қилди. 168 ўринга мўлжалланган Airbus A320neo самолётларида дастлабки босқичда ҳафтасига 3 та авиарейс ташкил этилса, келгуси ойлардан бошлаб кунлик авиақатновлар амалга оширилади.
Мулоқот давомида шунингдек, Фарғонадан Миср, Туркия ва қатор Европа мамлакатларига авиақатновларни ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Маълумот учун: 2004 йилда ташкил этилган Jazeera Airways Қувайтнинг иккинчи миллий авиакомпанияси бўлиб, штаб-квартираси Қувайт халқаро аэропортда жойлашган ва арзон нархлардаги ҳаво саёҳатларига ихтисослашган. Авиакомпания флоти ҳозирги кунда 21 та Airbus самолётларини ўз ичига олиб, дунёнинг 34 та мамлакатига 60 дан ортиқ йўналишларда мунтазам парвозларни амалга ошириб келмоқда.