Бугун, БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси (CRIC-21 UNCCD) ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси доирасида ялпи мажлис бўлиб ўтди.
Тадбирда Цент-Люсия Қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ тараққиёти вазири Алфред Проспер, UNCCD COP15 раиси Ален-Ришар Донваи, Саудия Арабистони Қироллиги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири ўринбосари, UNCCD COP 16 янги раиси Усама Иброҳим Фақиҳ, UNCCD ижрочи котиби Иброҳим Тиау, ИҲТ Бош котиби ўринбосари Ҳусейн Авни Бижакли иштирок этди.
Учрашув мақсади:
– озиқ-овқат хавфсизлиги, инсон саломатлиги, атроф-муҳит ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишга қарши таҳдидлар, уларнинг сабаблари ва юзага келиши мумкин бўлган оқибатлари, шунингдек, иқлим ўзгариши, ерларнинг деградацияси ва ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқлиги тўғрисида сиёсий хабардорликни ошириш;
– миллий, минтақавий ва глобал миқёсда сиёсат, қоидалар ва ҳаракат режаларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, шу жумладан, миллий бошқарув салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ушбу трансчегаравий муаммони ҳал қилишда минтақавий ҳамкорликни рағбатлантириш мақсадида кўп манфаатдор томонларнинг ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ҳамкорлик ўрганиш;
– молиявий институтлар, ривожланиш агентликлари ва тегишли ташкилотларни салоҳиятни оширишга, шунингдек, салбий таъсирларнинг олдини олиш ва камайтиришга қаратилган лойиҳа ва дастурларга сармоя киритишни рағбатлантириш учун молиялаштириш.
Тадбирда «Глобал миқёсда қум ва чанг бўрони дастурининг сиёсий мавқейини ошириш учун биргаликда нима қилиш керак?», «Кўплаб қум ва чанг бўрони ҳодисалари чегараларни кесиб ўтганлиги сабабли, глобал ва минтақавий ҳамкорликни камайтириш учун қандай имкониятлар мавжуд?», «Қум бўронлари таъсирини юмшатиш ва камайтириш учун асосий техник ва молиявий эҳтиёжлар қандай?» каби мавзулар муҳокама қилинди.
«Ўзбекистон учун кучайиб бораётган қум ва чанг бўронлари муаммоси ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Чунки мамлакат ҳудудининг катта қисми дашт ва чўллардан иборат. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун барча даражаларда комплекс чора-тадбирлар кўриш керак.
Бу масалани Ўзбекистон Президенти, муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзлари назорат қилиб, Вазирлар Маҳкамасига ерларнинг деградацияси нейтраллигига эришиш бўйича самарали сиёсат ва чора-тадбирларни жорий этиш бўйича топшириқлар бермоқдалар», — деди вазир Абдуҳакимов ўз нутқида.
«Менинг ҳамкасбларим, Марказий Осиё мамлакатлари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлари билан биз самарали платформа яратдик. Мессенжерда долзарб масалаларни муҳокама қиламиз, фикр алмашамиз. Бугун мен ушбу платформани кенгайтириш ва қўшни вилоятлардаги сиёсатчиларнинг кенг доирасини бирлаштиришни таклиф қиламан», — дея қўшимча қилди Азиз Абдуҳакимов.