Фарғона вилояти ҳокимлигида Хитойнинг“Chengdu Shiny Technology” ва “Zhiyuanhui Information Technology” компаниялари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги маълумотига кўра, учрашувда Фарғонада “Ақлли шаҳар” технологияларини жорий этиш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги Фарғона вилояти делегациясининг жорий йил сентябрь ойида Хитойга амалий ташрифи давомида Ченду шаҳрида “Zhiyuanhui Information Technology” компанияси раҳбарлари билан музокаралар ўтказилиб, ушбу лойиҳа бўйича дастлабки келишувга эришилганди.
“Ақлли транспорт”, “ақлли энергетика тизими”, “ақлли сув ва газ таъминоти” ва бошқа кўплаб йўналишларни ўз ичига оладиган ушбу лойиҳанинг жорий қилиниши ягона рақамли муҳитни шакллантириш орқали ҳудудларни бошқариш самарадорлигини оширади, бир бутун ҳолатда бошқаришга имконият яратади.
Барча коммунал тизимларнинг “ақлли технологиялар”га бирлаштирилиши хизматлар сифатида янада ошишини таъминлайди.
Хитой делегацияси вакиллари вилоятдаги қатор тегишли ташкилотларда бўлиб, учрашувлар ўтказади. Ушбу учрашувлар якунлари бўйича лойиҳанинг техник шартларини ишлаб чиқиш ва амалий босқичга ўтиш режалаштирилган.