4.8 C
Узбекистан
Среда, 13 ноября, 2024

“Док-1 Макс”: Айбдорлар жазоланиб, қаҳрамонлар рағбатлантирилса, адолат қарор топади!

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,030участниковПодписаться
- Advertisement -

“Док-1 Макс” сиропини қўллаш 65 нафар бола ўлимига сабаб бўлганлиги билан боғлиқ суд жараёни давом этаётганлигидан кўпчиликнинг хабари бор. Суд адолатли қарор чиқаради ва қайси лавозимда фаолият юргизаётганлигидан қатъий назар айбдорлар жазоланади деган умиддамиз. Шу билан бирга, ушбу дори воситаси “ўлим сиропи” эканлигини айтиб, уни қўллашни тўхтатиш талаби билан чиққан ва бу жасорати учун жазоланганлар ҳақиқий қаҳрамон сифатида рағбатлантирилиши лозим. Шунда ҳақиқат қарор топади.

 Тасаввур қилинг: агар Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи профессор Маматқул Азизов аксарият тиббиёт ходимлари каби қўрқиб, лавозимидан айрилиб қолмасам деб,  “Док-1 Макс” сиропининг салбий таъсири аниқлангандан кейин ҳам жим ўтирганда, нима бўларди? Оқибати бундан ҳам ўн, юз карра ёмон бўлмасмиди? Ҳозирча ўлган болалар сони 65 нафар эканлиги айтилаётган бўлса, у ҳолда бу рақам қанчага борарди? Нега энди профессор ва унинг сафдошларининг қаҳрамонлигини бутун оламга маълум қилиш, уларни муносиб тақдирлаш мумкин эмас?

Яна бир гап ва бу муаммога жиддий қараш лозим. Нега профессор ва Самарқанд вилоятидан яна олти нафар тиббиёт ходими ўшанда ишдан бўшатилган эди? “Айбдорлар топилди, иш босди-бости қилинсин” деган буйруқни кутиб турганлар кимлар эди? Буни ҳам аниқлаш зарур. 

11 август куни “Док-1 Макс” дори воситаси билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича Тошкент шаҳар судида бошланган очиқ суд жараёни шу кунларда ҳам давом этмоқда. Иш доирасида жами 21 киши, жумладан, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари, Ҳиндистон фуқароси, “Quramax Medikal” МЧЖ директори ҳамда бошқаларга айблов эълон қилинган. Айбланувчиларнинг 5 нафари аёл бўлиб, уларнинг 7 тасига қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланган.

Суд жараёни оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиб борилмоқда. Уларга қараб кўпгина тафсилотлар очиқланиб бораётганлигини кўриш мумкин. Улардан айримларини санаб ўтиш билан кифояланамиз.

Суд жараёни давомида ҳозирча ошкор қилинганидек, “Док-1 Макс” ишлаб чиқарувчилари сиропни беморларга тавсия қилиб келган шифокор, ҳамшира ва дорихона ходимларини доимий рағбатлантириб келган. Ишлаб чиқарувчилар “Док-1 Макс” сиропини беморларга тавсия қилган ва унинг кўпроқ сотилишига ҳисса қўшган шифокорларга 5 миллиард 57 миллион сўмлик рағбат пули тўлаган. Шифохонадаги эмлаш ҳамшираларига эса бу хизмати учун 122 миллион сўмлик мукофот пуллари берган. “Док-1 Макс” сиропини бошқаларга нисбатан яхши ва кўпроқ сотган дорихона сотувчилари ва раҳбарларини муокофотлаш учун эса 2 миллиард 345 миллион сўм маблағ ажратган. Мансабдорлардан бири Ҳиндистоннинг 3 та дориси Ўзбекистонда сотилиши учун 45 минг доллар олгани судда маълум қилинган.

“Док-1 Макс” сиропи қайта рўйхатдан ўтказилаётган пайтда GMP сертификати бўлмаса-да, Ўзбекистондаги дорихоналарда сотилгани очиқланган.

Судда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг раҳбар ходимлари ҳам сўроқ қилинган. Жумладан, вазир ўринбосари Элмира Боситхонова, вазирлик таркибидаги Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритган Севара Убайдуллаева шулар жумласидандир.

 23 октябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлисида гувоҳ сифатида кўрсатма берган Элмира Боситхонова суд якунида “Док-1 Макс”дан вафот этган болаларнинг ота-оналарига мурожаат қилиб, улардан узр сўраган.

Судда профессор М.Азизов ҳам гувоҳ сифатида таклиф этилди. У юз берган ҳолатни батафсил сўзлаб берди. Таъкидлашича, 2022 йил сентябрдан бошлаб Самарқанд вилояти ва қўшни вилоятларда болалар ўлими билан боғлиқ ҳолатлар кўпайганидан ташвишга тушиб, унинг сабабини аниқлашга интилган. 14 декабрда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига хат билан мурожаат қилиб, “Док-1 Макс” дори воситасини қўллашни тақиқлаш масаласини кўриб чиқишни тавсия этган.

Биздаги шароит, айниқса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги мавжуд ҳолатни билганлар буни катта жасорат деб қабул қилган ва М.Азизовни нима кутиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилган эди. Афсуски, хавотирлар ўринли бўлиб чиқди. Унинг бу чиқишини ҳазм қила олмаганлар, вазиятдан осонликча чиқиб кетиш умидида қаҳрамонимизни жазолашни лозим топди. Вазиятни ўрганиб, мавжуд ҳолат сабабларини аниқлаш учун вазирлик тузган ишчи гуруҳи энг осон йўлни танлади. “Ўрганиш” натижасида 7 нафар масъул ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва қатор мутахассисларга интизомий жазо чоралари қўлланилди.   

Аммо бу билан ҳақиқат аниқланмади ва адолат қарор топмади. Кўп ўтмай Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ўз ходимлари билан халқаро аҳамиятга эга вазифани уддалашгани маълум бўлди! Чунки ўша йўтал сиропининг салбий оқибатлари бошқа мамлакатларда ҳам кузатилган эълон қилинди. Сиропларни ишлаб чиқарувчи фирма Ҳиндистонда заҳарли саноат моддасидан фойдаланганлиги аниқланган ва унинг лицензияси бекор қилинган ҳамда мутасаддилари ҳибсга олинган эди.

Шу сабабли ҳам ўшандаёқ юртдошларимиз ижтимоий тармоқлар орқали М.Азизов ва шерикларининг ўринсиз таъқиб қилинганлигини қоралаб, уларга қарата “Сизлар қаҳрамонсизлар!” дея мурожаат қилишганди. Мана, улардан биттаси. Китоб туманида икки ёшли қизига врач тавсияси билан ўша йўтал сиропидан берган онанинг ноласи:

“Самарқандлик жонкуяр шифокорлар жазоланиши – адолатсизлик. Болаларнинг ўлимига сабаб бўлаётган масъуллар жазоланишини хоҳлайман. Қайсидир паст бўғиндаги ишлаётган, ҳаракат қилаётган, беморнинг соғайишига ҳисса қўшаётган врачлар эмас, шу дориларнинг кириб келишига сабабчи бўлаётган масъулларнинг ишдан кетишини хоҳлайман. Улар жиноий жавобгарликка тортилишини хоҳлайман”.

Бўлиб ўтаётган суд жараёнидан аксарият адолат қарор топишини кутмоқда. Айбдорлар жазоланиши лозим. Токи бундан кейин бизда ҳам нотўғри муолажа ва дорининг сифатсизлиги учун жавобгарлик мавжудлигини тиббиёт ходимлари ва фармацевтлар аниқ ҳис этсинлар. Шу билан бирга, жасорат кўрсатиб, болалар ўлими янада кўпайиши олдини олганлар хизмати муносиб тақдирлансин. Уларни ишдан четлаб, жазолаганларга ҳам тегишли чора кўрилсин. Шунда жамоатчилик, ҳар бир юртдошимиз ва жараёттни кузатиб бораётган хорижликларнинг Ўзбекистонда қонун устуворлиги, инсон қадр-қиммати ҳар нарсадан устун эканлигига ишончи кучаяди!

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

Фото: daryo.uz

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ипотека, даромад ва шартномалар. Ўзбекистонда уй-жой бозоридаги иқтисодий фаоллик омиллари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан иқтисодий фаоллик даражасини баҳолаш ва прогноз...

Больше похожих статей

×