Жорий йилда Хоразм вилоятида 19 нафар ташаббускор тадбиркор томонидан ўз маблағлари ва банк кредитлари ҳисобига умумий қиймати 3 млн АҚШ долларига тенг бўлган 100 та микроавтобуслар харид қилинди. Уларнинг 52 таси Хитойда ишлаб чиқарилган “JAC “, 4 таси “FATON” ва 44 таси Россияда ишлаб чиқарилган “ГАЗEЛЬ-NEXT” русумли микроавтобуслардир. Бу автоуловлар ёрдамида 6 та янги йўналишларда жамоат транспорти қатнови йўлга қўйилди. Натижада мавжуд йўналишлардаги қатновларнинг оралиқ вақти қисқариб, йўловчилар учун қулайлик яратилди.
— Янги автотранспорт воситаларининг келтирилиши натижасида йўловчилар оқими юқори бўлган бир қатор йўналишларда қатновлар оралиқ вақти 15 дақиқадан 7 дақиқагача қисқарди, — дейди Хоразм вилояти транспорт бошқармаси бошлиғи Раҳматулло Бобоев. —Бундан ташқари 100 та янги иш ўринлари яратилди.
Яқинда вилоятимизга “COMFORT AUTO HAMKOR” МЧЖ томонидан умумий қиймати 1 млн 104 минг АҚШ долларига тенг бўлган 4 та “YUTONG“ ва 4 та “ZHONGTONG” автобуслари келтирилди. Мазкур автобуслар Урганч-Тошкент-Урганч йўналишида йўловчиларга хизмат кўрсатади. Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида чипталарни мобил илова орқали харид қилиш ва “Catering” хизмати ҳам йўлга қўйилади.
МАНБА:“Халқ сўзи”