Ўзбекистонда реклама материалларини тайёрлаш, эълон қилиш ва тарқатишда давлат тилига оид талабларга амал қилмаслик учун жавобгарликни белгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Бу ҳақда “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида айтиб ўтилган.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексининг 178-1-модданинг иккинчи қисми “реклама тарқатишда давлат тилига доир талабларга амал қилмаганлик” деган сўзлар билан тўлдирилиши билдирилган.
Унга кўра, фуқаролар ва мансабдор шахслар томонидан нотўғри реклама берганлик, ташқи рекламани жойлаштириш тартибига риоя қилмаганлик ёки аксилреклама беришдан бош тортганлик, давлат тилига доир талабларга амал қилмаганлик, худди шунингдек реклама қилиниши қонунчилик билан тақиқланган маҳсулотни реклама қилганлик учун БҲМнинг 5 бараваридан 7 бараваригача (1 млн 650 минг сўмдан 2 млн 310 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.