24-сентабрда жорий йилда Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган биринчи босқич курсантларининг тантанали “Ватанга қасамёд” тадбирлари бўлиб ўтди.
Хусусан, эрта тонгдан Қуролли Кучлар академиясида мазкур олий ҳарбий таълим муассасаси ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий тиббиёт академиясига янги қабул қилинган курсантлар Ватанга қасамёд қабул қилди.
Тантанали тадбирда мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-маёр Ҳамдам Қаршийев, Мудофаа вазирлиги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, ҳарбий хизматчилар, ота-оналар ва курсантлар иштирок этди. Сўзга чиққанлар курсантларни она Ватанни қўриқлаш каби шарафли касбни эгаллаш йўлидаги илк қадамлари билан қутлади.
Шунингдек, Чирчиқ олий танк қўмондонлик муҳандислик билим юртида курсантлар Ватанга қасамёд келтириш учун саф тортди. Маросимда мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари — Қуролли Кучлар бош штаби бошлиғи генерал-маёр Шуҳрат Халмухамедов иштирок этди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юрти, Aхборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтида ҳам “Ватанга қасамёд” тантаналари юқори савияда ўтказилди.
Aлоқа институтидаги маросимда кенг жамоатчилик вакиллари юртимизда ҳарбий хизматчилар учун яратилаётган шароитлар, уларнинг ижтимоий ҳимояси йўлидаги ислоҳотлар ҳақида гапирар экан, барчанинг ўқиш ва кейинги хизматларига муваффақиятлар тилади.
Курсантлар давлатимизнинг муқаддас рамзи бўлган байроқни ўпиб, буюк аждодларнинг пок руҳлари олдида, Ватани олдидаги бурчини ҳалол бажаришга бел боғлаб, виждони, ор-номус ва шаънини ўртага қўйиб, Ўзбекистон Республикасига, халқига ва Президентига бир умр содиқ бўлишга, ҳар қандай машаққатли синов ва қийинчиликларда ҳам эл-юртининг юксак ишончини оқлашга яқинлари ва кенг жамоатчилик гувоҳлигида тантанали равишда онт ичди.
Мудофаа вазирлиги Aхборот ва оммавий
коммуникациялар департаменти