16.2 C
Узбекистан
Пятница, 20 сентября, 2024

“Маҳалла раиси еди” дейсизми? Бунга нега йўл қўйдингиз?

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,820участниковПодписаться
- Advertisement -

Айрим пайтлар маҳалла раислари ҳақида турли гап-сўзлар қулоққа чалинади. Раис ниманидар ўзлаштирганлиги, кимнингдир ҳақини еганлиги айтилади. Аниқ бир факт бўлмаса ҳам одамлар орқаваротдан гап отаверишади. Шундан безиган маҳалла раислари “ҳа, бу лавозимнинг ўзи шундай, қанча қилсанг ҳам ҳеч ким миннатдор бўлмайди” деб ўзларини юпатишади.

Маҳалла раиси нимани ейди ўзи? Маҳаллада у ўзлаштирадиган қандай бойлик бор? Ейишга нимадир топилса-ю, маҳаллада бунга ишонадиганлар бўлса, нега сайлаб қўйиладиган лавозимдаги раисни назорат қилиш тизими ишга солинмайди? Нега маҳалла аҳли ҳар уч ойда ҳисобот бериши шарт бўлган раисни ўртага олиб, ундан қонун доирасида ишлашни талаб қилмайди? Ҳа, жамиятимизни ичидан кемирувчи яна ўша андиша!

Аҳоли андишага бориб, фаоллик кўрсатмаса, ҳисобот талаб қилмаса, раиснинг ўзи ҳисобот беришга манфаатдор бўлмоғи лозим. Агар маҳалла раиси ўзи ҳақида салбий гап-сўзлар тарқалмаслигини истаса, барча йўналишдаги ишлари очиқ ва шаффоф бўлмоғига эришмоғи даркор. Бунинг учун маҳалла фуқаролари олдида мунтазам ҳисобот бериб туриши керак.

Олдинлари фуқаролар маҳалла раисига турли ҳужжатлар, жумладан маълумотнома беришни сўраб мурожаат қиларди ва маълум сумма ташлаб кетарди. Ёки “бола пули” олишига ёрдам қилиши учун нималардир ваъда қиларди. Қисқаси, аҳоли орасида “маҳалла ходимлари пул ишламоқда” деган гап юрарди. Лекин эндиликда маҳалланинг юқорида тилга олинган функциялари тарихда қолди. Шунингдек, жорий йилдан бошлаб маҳалладаги барча молиявий ишлар ҳоким ёрдамчисига юклатилди ва ушбу йўналишдаги вазифалардан маҳалла раиси озод бўлди.

Ҳозирги вақтда фақат айрим тадбирлар ўтказганда маблағ керак бўлса, маҳалла фуқаролар йиғилиши кенгаши ёки вакиллар йиғилиши розилиги билан пул йиғилади. Масалан, маҳалла миқёсида Наврўз байрамини ўтказишнинг ўзи бўлмайди. Тадбир маълум миқдорда маблағ талаб қилинади. Кўпинча гапирадиганлар ана шу йиғилган пул қаерга кетганлигини билмасдан, турли салбий хулосалар билдиради.

Бунга йўл қўймаслик учун тадбирни ўтказгач, албатта йиғилиш чақириб, маҳалла аҳлига  қанча маблағ йиғилгани, қанчаси сарфланганлиги ва қанча қолганлиги ҳақида аниқ маълумот бериши зарур.

Мана, биз Самарқанд шаҳридаги Боғимайдон маҳалламизда Наврўз муносабати билан каттагина тадбир ўтказдик. Тадбирдан бир ҳафта олдин вакиллар йиғилишини ўтказиб, Наврўзни нишонлаш масаласини муҳокама қилдик. Аҳолидан махсус пул йиғмасликка келишиб олдик. Ўзига тўқ оила вакиллари баҳоли қудрат ўз ҳиссасини қўшишини маълум қилди. Аммо қолганлар ҳам қараб турмади. Кимдир 20 минг, кимдир 50 ёки 100 минг сўм берди.

Биз Наврўз ўтказамиз деб ҳеч кимдан пул сўраганимиз йўқ. Маҳалла аҳли баҳоли қудрат савоб йўлида атаганини келтириб берди. Алоҳида дафтарга қуйидагича маълумот киритдик:

Т.р.  СанаМаблағ берган шахс Ф.И.Ш.ИмзоБерилган маблағ миқдориҚабул қилиб олган шахс Ф.И.Ш.Имзо
       

Кўриб турганингиздек, дафтарга ҳам маблағ берган ва ҳам уни олган шахс имзо қўяди. Хоҳлаган киши исталган вақтда келиб, маблағ кирим қилганлиги ҳақида маълумот олиши мумкин. Худди шунингдек, сарфланган ва қолган маблағни ҳам аниқлаш жуда осон. Чунки сарф қилинган ҳар бир сўм ҳам ҳисобланиб борилди ва қуйидагича қайд этилди:

Т.р.  Сарфланган маблағ йўналишлариСарфланган маблағ миқдориСанаМФЙ раиси ва Тафтиш комиссияси раиси имзоси
     

7 апрелда маҳаллада ўтказилган йиғилишда жорий йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳисобот берилди ва Наврўз байрами сарф-харажатларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Дафтардаги ёзувлар йиғилиш қатнашчиларига кўрсатилиб,  қизиқувчилар хоҳлаган пайтда текшириб кўриши мумкинлиги таъкидланди.

Наврўз байрами харажатларидан ортиб қолган 6,7 миллион сўмни маслаҳатлашиб, маҳалла ободончилигига сарфлашга келишиб олдик. Ҳа, айтгандек, байрам арафасида маҳалла марказида иккита виеокамера ҳам ўрнатдик.

Шу муносабат билан “маҳалла раиси еди” деганларга айтадиган гапим бор. Агар сиз жамоатчилик назоратини ўрнатиб, раисингиздан ўз вақтида ҳисобот беришни талаб қилсангиз, тушган ва сарфланган маблағни текшириб турсангиз, маҳалла раиси ёйишга ботинолмайди. Ҳамма ўзини четга олса, “ёмон кўриниш”ни истамаса, лоқайд бўлса, унда айрим эътиқоди суст раислар кўпнинг маблағига кўз олайтириши мумкин.

Биламан, маҳалла раисларининг асосий қисми тоза, ҳалол ишлаб, ўзини сайлаб қўйган аҳоли хизматини сидқидилдан бажаришга интилади. Ана шундайларни ҳам қоралаб, “еди” демасликлари учун мунтазам ҳисобот бериб турилиши лозим. Масалан, агар ҳисобот бермаганимда, ўша қолган 6,7 млн сўмни ҳеч ким сўрамасди.

Йиғилиш чақириб, ҳисобот беришимдан хабар топганлар орасида “ҳисобот нима керак, ҳамма кўрди, байрам яхши ўтди, тўки-сочинлик бўлди, йиғилган маблағ сарфланди” деганлар ҳам бўлди. Ушбу мисолнинг ўзи ҳисоб-китоб аниқ бўлиши лозимлигини, ҳисоботдорлик муҳимлигини кўрсатиб турибди.

Юқорида ёзганларимни ўқиганлар “пора билан қўга тушган маҳалла раислари оз эмас-ку, бунга нима дейсиз” қабилидаги сўровларга жавоб тариқасида алоҳида мақола тайёрлайман. Ҳозирча қуйидаги фактни келтириш билан чекланаман: Google қидирув тизими “маҳалла раиси пора…” деган сўровга 15 мингдан кўпроқ натижа кўрсатди. Бу шунча раис қўлга тушди дегани эмас. Чунки кўпгина хабарлар бир неча мартадан такрор бўлган. Аммо бу ҳолатга бефарқ бўлиш ҳам мумкин эмас…

Тошпўлат Раҳматлуллаев,

Самарқанд шаҳар “Боғимайдон” МФЙ раиси

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Больше похожих статей

×