24.2 C
Узбекистан
Пятница, 20 сентября, 2024

Ҳаётини  илм-фан  ва  ёшларга  таълим беришга  бағишлаган  олим

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,820участниковПодписаться
- Advertisement -

Насимиддин Абдулҳаевич Тоиров 1937 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўрта мактабни тамомлагандан кейин, Насимиддин бир пайтлар САГУ (Ўрта Осиё давлат университети, ҳозир Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) деб аталган университетнинг, филология факультетига ўқишга киради. Бу ерда у, кейинчалик Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Халқ шоири, атоқли давлат ва жамоат арбоби бўлган  Эркин Воҳидов, таниқли ижодкор бўлишган Анвар Исроилов, Анвар Эшонов, Раҳматилла Иноғомов ва бошқалар билан бирга ўқийди.

1960 йилда университетда ўқишни тамомлагандан кейин, Насимиддинни Тожикистондаги қишлоқ мактабида ўқитувчилик қилиш учун ишга юборишади. Тожикистондан қайтиб келгандан сўнг, Насимиддин Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтида илмий ходим, Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейида илмий ходим бўлиб ишлайди, кейинчалик эса, умрини охиригача Маданият институтида ўзбек адабиётидан дарс берди. …

Шуни қайд этиш лозимки, Насимиддин астойидил илмий иш ва таржимонликка қизиқди. Бу қизиқиш натижасида у талабалик даврида, Ғарб адабиётининг машҳур билимдони Фозила опа Сулаймонова раҳбарлигида француз ёзувчиси Стендальнинг ижодини ўрганди.

Атоқли француз ёзувчисининг асл номи Мари-Анри Бейль бўлиб, у Стендаль тахаллуси билан ижод этган ва психологик роман асосчиларидан бири сифатида танилган. У “Қизил ва қора”, “Парма ибодатхонаси”, “Худбиннинг хотиралари”, каби қатор роман ва қиссалари билан машҳур бўлган.  Насимиддин Стендальнинг ижодини ўрганиш жараёнида, унинг “Ванина Ванини” қиссасини таржима қилди ва бу китоб 1961 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт томонидан чоп этилди…

Атоқли француз ёзувчиси Стендаль (Мари-Анри Бейль: 1783 йил,  23-январь – 1842 йил, 23-март)

Атоқли олим, машҳур навоийшунос, филология фанлари доктори, профессор Ҳамид Сулаймонович Сулаймонов раҳбарлигидаги Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейида фаолият юритар экан, Насимиддин Тоиров Ҳамид Сулаймонович тавсияси билан Хуршид ижодини ўрганди ва 1975 йилда “Хуршид драматургияси” мавзусида филология фанлари номзоди даражаси учун диссертация ёқлади. Шу мавзуда иш олиб борар экан, тадқиқотчининг қатор мақолалари вақтли матбуот саҳифаларида ёритиб борилди…

Хуршид (Шамсиддин Шарафиддинов) – таниқли ўзбек шоири, драматурги, режиссёри, таржимони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1892 йил, 10-май – 1960 йил, 13-сентябрь)

            Шуни қайд этиш керакки, Хуршид (Шамсиддин Шарафиддинов) таниқли ўзбек шоири, драматурги, режиссёри, таржимони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби. Бу йил унинг таваллуд топганига 130 йил тўлади.

            Хуршид 1892 йилда Тошкентда боғбон оиласида таваллуд топган. Мадраса ва эски мактабда таҳсил олган. У ХХ аср бошларидан, аниқроғи, 1905—1906 йиллардан бошлаб жадид адабиётининг навқирон намояндаларидан бири сифатида қалам тебрата бошлаган. Шу маънода у маърифатпарварлик руҳида «Эскилик ва янгилик» деган дастлабки пьесасини, кейинроқ «Ориф ва Маъруф», «Қора хотин», «Кичик аскар» каби пьесаларини, «Лайли ва Мажнун», «Фарҳод ва Ширин», «Сиёвуш», «Ойбону» сингари мусиқий драмаларини яратган. Айниқса, унинг Алишер Навоий достонлари асосида яратган ҳар икки драмаси ўз даврида жуда машҳур бўлган. Хуршид қатор опералар либреттоларини ҳам ёзган.

           Хуршид таржимон сифатида ҳам самарали ижод этган. Хусусан, Шиллернинг «Қароқчилар», В. Шекспирнинг «Қора араб», «Отелло», У. Ҳожибековнинг «Аршин мол-олан» каби машҳур асарларини ўзбек тилига ағдарган. Шунингдек, Шарқнинг буюк шоирларидан бири Ҳофиз Шерозийнинг юзга яқин ғазалларини она тилига таржима этган.

          Моҳир ғазалнавис шоир, етук драматург ва таржимон Хуршиднинг ижодий мероси анча бой, серқирра ва сермазмун бўлиб, у ҳозирги пайтда Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейида  сақланмоқда. Хуршид 1960 йил 13-сентябрда Тошкент шаҳрида вафот этган…

Вақти келиб, Насимиддин Тоиров таниқли давлат ва жамоат арбоблари бўлган Ғайни Нажимов, Азиз Тўраев ректорлик қилишган даврда, Маданият олийгоҳида чорак аср талабаларга ўзбек адабиётидан дарс берди, профессор ўқитувчилар, талабалар орасида катта обрў-эътибор топди. Унинг 60 ва 70 йилликлари дўстона, камтарона шароитда, мазмунли нишонланди.

Шуни қайд этиш керакки, мен ўқиш ва меҳнат фаолиятим даврида Насимиддин ака билан бирга ўқиган Эркин Воҳидов, Анвар Исроилов, унинг укаси истеъдодли журналист, кўп йиллар “Тошкент оқшоми” газетасида Бош муҳаррир ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган Дилшод Исроилов ва бошқалар билан кўп мулоқотда бўлдим, бу учрашувлар хотирамда ўчмас из қолдирди…

Эркин ака билан, у киши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида ишлаган пайтларида, тез-тез учрашиб турар эдик… Мен Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида бўлим мудири лавозимида фаолият юритар эдим. Парламентдаги фракциямиз навбатдаги йиғилишидан кейин, биз – устоз, давлат ва жамоат арбоби, меҳнат фахрийси Собир Шералиевич Қурбонов, Эркин Воҳидович ва мен суҳбатлашиб қолдик. Шунда мен Эркин акага “Сизнинг “Шоиру, шеъру, шуур” номли китобингизни ўқиган эдим. Сиз 1966 йилда академик-шоир Ғафур Ғулом билан Душанбега борганингиз ва қайтишда у киши Сизга насиҳат қилганлари, лекин бу насиҳатни китобга ёзиб бўлмаслигини айтгансиз. Шу насиҳат нимадан иборат эди, билса бўладими?”, –деб савол бердим. У киши бироз ўйландиларда, кейин: “Бу воқеага 40 йилча бўлди. Мен бу насиҳатни ҳеч қаерда ёзмаганман. Аслида бу насиҳатда ҳеч қандай сир йўқ. Насимиддин ҳурмати учун, Сизга айтаман… Бу насиҳатни Ғафур Ғуломга шоир Чўлпон: “Ғафур, ҳеч қачон катталарга гап теккизиб, уларни танқид қилма. Хотин-қизлар ва пул масаласида доим эҳтиёт бўл. Бирор жойга дам олгани борсанг, мени ҳеч қачон эсдан чиқарма”, деб, айтган экан. Бор гап шу. Буни устоз шоир менга ҳазиллашиб”, айтган эдилар”, деб гапини тугатди, ардоқли шоиримиз.

Эркин ака ва Насимиддин ака охирги мартда курсдош дўстлари Раҳматилла Иноғомовнинг “Регистон”да ўтган маъракасида учрашиб, анчагача ёшлик даврларини эслашди. Икковлари ҳам ўтиб кетишди. Ҳаёт давом этмоқда…

Ҳаётини илм-фан ва ёшларга таълим беришга бағишлаган олим, камтарин инсон, меҳрибон ота, ғамхўр бобо бўлган Насимиддин Тоировнинг таваллуд топганига 2022 йил май ойида 85 йил тўлар эди. У кишини Аллоҳ раҳмат қилсин деймиз.

Носир Тоиров
сиёсатшунос

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Больше похожих статей

×