Президент Администрацияси ҳамда Халқ қабулхонаси вакиллари бошчилигида Сирдарё вилоятида суд-ҳуқуқ соҳаси бўйича ташкил қилинган икки кунлик очиқ-жонли мулоқотларда жами 488 та масала кўриб чиқилган бўлиб, уларнинг 212 таси жойида ҳал қилинди, 125 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди, 151 та мурожаат бўйича эса аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.
Судьялар олий кенгаши ва Олий суд масъуллари вилоят, туман-шаҳарлар судлари билан бирга 124 та масалани кўриб чиқди. Мурожаатлар асосида жиноят ишлари бўйича Сайхунобод, Гулистон, Сардоба, Мирзаобод, Ховос туманлари ва Янгиер шаҳар судларида 17 нафар шахснинг ишлари кўриб чиқилди, 16 нафари ички ишлар органларининг пробация бўлинмалари тақдимномалари асосида жазони ўташдан муддатидан олдин шартли озод этилди. Бир нафар маҳкумга нисбатан белгиланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси эса енгилроғига алмаштирилди.
Мулоқотлар натижасида 26 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилиниб, тегишли судлов ҳайъатларига ҳал этиш учун ўтказилди.
Бош прокуратура масъуллари тадбиркорлик, тергов-суриштирув, суд қарорлари ижроси, ижтимоий ҳимоя, уй-жой ва моддий ёрдам ажратиш, қурилиш ва коммунал соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш, мансабдор шахслар хатти-ҳаракатлари юзасидан зарур чоралар кўриш каби масалаларга оид 165 та мурожаатни кўриб чиқиб, уларнинг 100 дан зиёдига ечим топди. Эътиборлиси, бу жараёнда кўплаб тадбиркорларнинг банк кредитлари олиш билан боғлиқ муаммолари ҳам ҳал қилинди.
Масалан, Рустам Тоғаевнинг ҳам мурожаати асосида томорқа хизматини ташкил этиш учун сўралган 150 миллион сўм кредит ҳужжатлари билан боғлиқ муаммо ҳал қилиниб, банк тизимига янгидан ариза расмийлаштирилди. Боёвутлик Хадича Шодмонқуловага эса хусусий боғчасини жиҳозлаши учун кредит ажратилишида амалий ёрдам берилди. Мулоқотлар давомида 16 нафар мурожаатчига 289,3 миллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилиши таъминланди.
Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари кўриб чиққан 71 та масаланинг ҳам 42 таси жойида ҳал қилинди. Мурожаатларнинг асосий қисмини суриштирув ва тергов, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жазодан муддатидан аввал озод этиш, жазони ижро этиш, ички ишлар органлари ходимларини ишга қайта тиклаш, фуқаролик, паспорт-виза, мол-мулкни олиб қўйиш ва қайтармаслик каби йўналишлар ташкил этди.
Бир мисол, мирзаободлик 44 ёшли Абдуҳаким Исмоилов ҳам Ички ишлар вазирлиги масъуллари олдига адолат сўраб келди. Мурожаатчининг айтишича, бир ой аввал танишларидан бири уни кўчада дўппослаб, тан жароҳати етказган. Бу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган, аммо жабрланувчи айбдорга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чорасидан норози бўлмоқда. Бу масала ҳам тўпланган ҳужжатлар асосида ўрганилгач, айбдорга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.
Икки кунлик қабулларда вилоят ҳокимлиги, адлия, солиқ, божхона, Миллий гвардия бошқармалари масъуллари ҳам кўплаб мурожаатларни қабул қилиб, қатор масалаларга ечим топди.
Суд-ҳуқуқ соҳаси бўйича очиқ-жонли мулоқотлар бошқа ҳудудларда ҳам давом эттирилади.