20.7 C
Узбекистан
Вторник, 17 сентября, 2024

Қатағон  оловида  тобланган  ватандошларимиз қиссаси

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,800участниковПодписаться
- Advertisement -

Халқимизнинг кўп минг йиллик тарихида бошидан кечирган алғов- далғов, қувғин ва қатағонларнинг охиргиси шўролар замонида юз берган эди. Ҳар галгидай, бу гал ҳам, биринчи навбатда, миллатнинг пешқадам қатламлари – зиёлилар ва дин уламолари қатағон қурбони бўлдилар. Биз, катта авлод вакиллари ўтган асрнинг 30- ва 50-йилларида уюштирилган шундай қатағонларнинг гувоҳи бўлганмиз, қатағон тегирмонидан қутилиб чиққан жабрдийдалар ва уларнинг қариндошлари билан учрашганмиз.

  Чунончи, ГУЛАГ лагерларининг азобини чеккан машҳур файласуф ва Ватанимиз тарихининг билимдони Ўзбекистон Фанлар академиясининг вице-президенти, академик Иброҳим Мўминовнинг акаси Араб Мўминович ва  Бухоро Давлат педагогика институти ходими  Мансур Ғуломович Ғуломовнинг ҳасратли ҳикояларини уларнинг ўзларидан эшитганмиз…  

Хайриятки юртимиз давлат мустақиллигига эришдию, у қора кунлар ўтмишга айланди. Уларнинг ташкилотчилари ва ижрочилари аниқланди, қурбонларнинг номи ва шаъни тикланмоқда. Эндиги вазифамиз тарихимизнинг ушбу саҳифаларидан тўғри хулосалар чиқариб, бу ҳақидаги ҳақиқатни  кўзимизнинг қораси ва белимиз қуввати бўлмиш невара ва эвараларимизга  етказишдир.  Зеро,  ўтмиш сабоқларини унутмаслик, хатоларни такрорламаслик учунгина эмас, балки  Янги Ўзбекистонни бунёд этиш учун ҳам муҳимдир.  Кекса авлодлардан қолган бой мерос, миллий қадриятлардан оқилона фойдаланиш бизга маёқ бўлиб хизмат қилиб, кучимизга куч қўшиши аниқ. Шунинг учун мамлакатимизда, айниқса кейинги беш-олти йилликда  кекса авлоднинг тажрибасига ҳурмат билан ёндошиш, ўрганиш ва  ундан сабоқ олишга ҳар қачонгидан кўпроқ эътибор  берилмоқда. Фикримизни тасдиғи учун шўровий қатағонларнинг тарихини чуқур ўрганиш асосида кўплаб мақола,  рисола ва китобларнинг эълон қилиниши, кино ва телефильмларнинг яратилаётганлигини эслатиш  мумкин. Мисол сифатида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, таниқли шоир, таржимон, публицист  Ғулом Мирзонинг яқинда нашр этилган “Эй, дарвеш” (Ғулом Мирзо. Эй, дарвеш: Зулмни енгган мазлумлар қиссаси. – Тошкент:  “Машраб” нашриёти. 2022), деб номланган янги асарини ҳам  кўрсатиш мумкин.

Ғулом Мирзонинг ушбу асари таниқли олим ва давлат арбоби, академик Акмал Саидовнинг ҳамда муаллифнинг  сўзбошилари ва етти китоб (боб) дан иборат бўлиб, унинг ҳар бир бобидан учтадан то йигирматагача митти ҳикоялар жой олган. Тарихий далиллар ва мисоллар асосида, юксак бадиий маҳорат билан битилган қиссада бир ўзбек оиласининг, аниқроғи  муаллиф бобоси ва унинг фарзанди тақдири мисолида ХХ асрда халқимиз бошидан кечирган шўровий қатағонларнинг мудҳиш оқибатлари ишончли тарзда  очиб берилган. Ёзувчининг  бобоси Мирза Сўфи ким эдики, шўро давлатининг хавфсизлик органлари томонидан биринчи марта 1926 йили ва орадан 23 йил ўтиб,  1949 йили иккинчи марта қамоққа олинган? Унинг айби нимада эди? Ёзувчи бу саволга тарих қатидан жўяли жавоб топиш учун давлат мутасадди органларининг расмий қоғозлари,  маълумотномалар, суд баённомалари ва архив ҳужжатлари, илмий адабиётлар, замондошлар хотираларини ҳақиқий олим сифатида синчковлик билан ўрганиб, ҳақиқатни аниқлашга муваффақ бўлди.

Хўш, асарнинг бош қаҳрамони   Мирза Сўфи Тўлаевнинг ўзи ким бўлган ва нима сабабдан давлат хавфсизлик органлари (машъум ГПУ, МГБ ва КГБ, НКВД) унинг шахсияти ва фаолияти билан ўнлаб йиллар давомида шуғулланиб келганлар?   Давлат хавфсизлик вазирлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси тергов бўлимида тўлдирилган “Маҳбус анкетаси”да ёзилишича Мирза Сўфи Тўлаев  “Ижтимоий ва сиёсий келиб чиқиши зарарли ўртаҳоллардан”  бўлган. Лекин унинг Қашқа воҳасида ўтган асрнинг 20-йилларида келиб чиққан, ҳокимият органларини ташвишлантирган ғалаёнларда қатнашганлиги ёки  “аксилинқилобий ташкилотлар”га кирганлиги ҳақида ҳеч қандай ҳужжат, далиллар йўқ.  Шундай бўлса-да колхозда кўп йиллар звеновой бўлиб ишлаб келган М.Тўлаевни  ўзи ўзлаштирган бир парча ери (унда оиласи учун зарур ғалла, сабзавот ва полиз маҳсулотларини етиштирган),  уй-жойи ва карвонсаройи ҳам  бўлганлиги баҳонасида “қулоқлар” табақасига киритилгану мол-мулкининг бир қисми (колхоз учун) мусодара  қилинган. Демак, у шўроларнинг синфий душманларидан саналган.

Қашқадарё вилоятининг Бешкент тумани Хушвақт қишлоғида 1905 йилда туғилган Мирза Сўфи Тўлаевнинг яна бир айби, унинг диндорлиги бўлган. Ленин бошлиқ дахрий большевикларнинг динга тиш-тирноғи билан қаршилиги, черков ва масжидларни бузиб, диндорларга душманлик кўзи билан  қараганликларини барча билади. Аммо худосизликни тарғиб қилиш давлат ва партия фаолиятида катта ўрин эгаллаган,  диндорлар ва уларга хайрихоҳлар таъқиб этилган, ҳаттоки жазога тортилган бўлишларига қарамасдан    миллионлаб одамларнинг динга эътиқодини йўқотиб бўлмади. Аксинча, Иккинчи жаҳон уруши давом этаётган 1943 йили, фашист босқинчиларига қарши курашда диндорлар қўшаётган ҳиссани  янада ошириш ҳамда мамлакатнинг халқаро имижини яхшилаш мақсадида черков ва масжидларнинг фаолиятига  рухсат берилди. Лекин бу кўплар ўйлаганидек, ҳақиқий виждон ва диний эркинлик эмас эди. Шунинг учун  40-йилларнинг охирига келиб, атеистларнинг ҳужуми кучайиб, масжиду черковларни ёпиш авжига чиқди. Ғулом Мирзонинг ёзишича, мавжуд 1701 та  черков ва ибодатхоналар биноларининг 1150 таси мусодара қилинган. Шунингдек, 1949 йили 570 нафардан ортиқ руҳоний ва қарийб 6 ярим минг диндор ҳибсга олинган. Агар янги қатағоннинг совуқ шамоллари бутун мамлакат каби бизнинг юртимизда ҳам эса  бошланганини инобатга олсак, 50-йилларда буржуа миллатчилигида айбланиб, ноҳақ қамалган  Шуҳрат, Шукрулло, Саид Аҳмад,  Мақсуд Шайхзода, Мирзакалон Исмоилий  каби таниқли ёзувчи ва бошқа зиёлилар бошига қатағон таёғи тушган  пайтларда   “Файзулла Хўжаев билан Акмал Икромов раҳбарлик қилган ўзбек миллатчилилик ташкилотлари тарафдорлари томонидан СССР билан курашиш руҳида тарбияланган”,   “аксилинқилобий тарғибот ва ташвиқот олиб боришда” гумон қилинган чекка бир қишлоқ масжидининг имоми Мирза Сўфи Тўлаев ва унинг ўғли – ёш деҳқон Абдирайимнинг турли баҳоналар билан қамалиши ажабланарли бир ҳол эмасди.  

“Халқ душмани” деб тамға қўйилган бундай бегуноҳ гуноҳкорларнинг фарзандларига давлат идоралари ва бошқарув тузилмалари, ўқув юртларининг эшиклари ёпиқ бўлганини биз яхши биламиз.  Ўқув юртларида таҳсил олаётган йигит-қизларга айрим ўқитувчи ва болаларнинг уларга  ётқарашларининг гувоҳи бўлганмиз. 

Бироқ ана шундай вазиятда ҳам метин иродали юртдошларимиз иймон-эътиқодларидан воз кечмаганлари ҳам ҳақиқатдир. Таъқиб ва қамоқларга қарамасдан болаликда масжид қошидаги мактабда савод чиқарган ва китобга меҳр қўйиб ўз шахсий кутубхонасига эга бўлган   қишлоқ масжидининг оддий имоми Мирза Сўфи ана шундай кишилардан бири эди. У Қуръони карим ва бошқа диний-маърифий  китобларни мутолаа қилишни канда қилмагани, уйи тинтув қилиниб, китоблари олиб кетилганда шахсий кутубхонасини қайта-қайта тиклагани, ҳамқишлоқлари  ўртасида диний-маърифий  ишлар олиб боргани учун дахрийлар ҳокимиятининг ашаддий душманлари ҳисобидан чиқарилмаган. Шу сабаблардан у, армия сафида хизмат қилган бўлмаса-да, Конституция ва қонунларга хилоф равишда,  ҳарбий трибунал томонидан 10 йилга, ўғли Абдурайим Мирзаев 6 йилга  озодликдан маҳрум этилган. 

Бу бегуноҳ гуноҳкорлар драмасининг яна бир мунгли саҳифаси шу эдики, аср  ўрталарида Сталиннинг шахсига сиғиниш қораланиб, Хрушчевнинг “илиқлик даври”да  30- ва 50 — йиллар қатағонларининг қурбонлари оқланганда бу ҳақидаги қарорлар уларни четлаб ўтган.

Ғулом Мирзо меҳнаткаш, иймон-эътиқодли, мустаҳкам иродали ота-бобосининг пок номлари ва шаънини тиклашга бел боғлади. Бунинг учун ҳуқуқий, демократик давлатни қуришга киришган мамлакатимизда тегишли шарт-шароитлар туғилди.  Устоз академик Акмал Холматович Саидов ва унинг раҳбарлигидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази маслаҳат, йўл-йўриқ ва кўмагини аямади. Натижада Ғулом Мирзонинг собитқадам меҳнати самарали бўлди.

Алқисса, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди ўзининг 2019 йил 30 апрелдаги мажлисида Туркистон ҳарбий округи Самарқанд гарнизони ҳарбий трибуналининг 1949 йил 9 декабрдаги М.Тўлаев ва А.Мирзаевга нисбатан чиқарган ҳукми бекор қилинди. Улар тўла оқланиб,  Ғулом Мирзо ўз ниятига етди.

Қиссадан ҳисса шуки,  Ғулом Мирзонинг ушбу ҳужжатли бадиий асари нафақат ҳар жиҳатдан ибратли, балки ота-боболаримизнинг ҳаёти ва кечмишини, уларнинг эътиқоди ва маънавий дунёсини билиш ҳамда улардан ёш  авлодни тарбиялашда фойдаланишда ҳам ўта муҳимдир.

Собир ҚУРБОНОВ,

тарих фанлари номзоди

Носир ТОИРОВ,

сиёсатшунос, журналист  

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Тошкентда яна бир йўловчи автобуси ҳаракат пайти тутаб кетди

Жорий йилнинг 16 сентябр куни ижтимоий тармоқларда "Mercedes-Benz" русумли автобусда тутун ҳосил бўлгани акс этган видео тарқалди. "Toshshahartransxizmat"нинг маълум қилишича,...

Больше похожих статей

×