Бу гулшан ичра йўқдур бақо гулига сабот,
Ажаб саодат эрур қолса яхшилик била от.
Алишер Навоий
2021 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Фанлар Академиясининг академиги, физика-математика фанлари доктори, профессор Мўминов Толиб Мусаевич 79 ёшида оламдан ўтди.
Т.М.Муминов 1943 йил 11 январида Самарқанд шаҳрида таваллуд топди. 1960 йилда Самарқанд шаҳридаги 37-мактабни тамомлади. 1965 йилда Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат университетининг физика факультетини тамомлади. Шундан сўнг унинг илмий – педагогик фаолияти Дубна шаҳрида жойлашган Бирлашган Ядро тадқиқотлари институтига (БЯТИ) келиши билан бошланади.
У ерда Толиб Мусаевич 1964-1979 йиллари мобайнида аспирантлик даражасидан БЯТИда фаолият кўрсатаятган илмий гуруҳнинг раҳбарига айланди. Гуруҳ унинг раҳбарлигида собиқ иттифоқда ягона бўлган ноёб Ер элементларининг нейтронлари дефицит бўлган ядроларини фан ва ишлаб чиқариш учун муҳим бўлган хусусиятларини тадқиқ қилиш учун лозим бўлган қисқа яшовчи ядролар нурларининг фазода вақт бўйича тақсимот корреляцияларини тадқиқ қилиш имкониятини берувчи йирик қурилмалар мажмуасини яратишга муваффақ бўлди. Бу мажмуа асосида 40 дан ортиқ ядролар нурланишларининг вақт-фазо коррелеяцияларига оид ўлчанган ва таҳлил қилинган спектрлари ядро физикасининг ушбу қисми учун янги ва муҳим ҳисса бўлиб қолмоқда.
Олинган янги маълумотлар унинг томонидан муваффақиятли тарзда БЯТИ Илмий кенгашида ҳимоя қилинган номзодлик (1970) ва докторлик (1979) диссертацияларига асос бўлди. Нейтронлари камёб бўлган ядролар хусусиятларини тадқиқ қилишга оид илмий изланишлари натижаларига кўра унга Ўзбекистон Республикасининг Беруний номидаги Давлат мукофоти берилди (1977).
Докторлик диссертацияси ҳимоясидан сўнг Толиб Мусаевич илмий-педагогик фаолиятини ТошДУда Ядро ва космик нурлар физикаси тадқиқот лабораториясида мудир сифатида давом эттирди ва у 1981 йилда ТошДУ қошида унинг ташаббуси асосида Физика факультети илмий лабораториялари негизида ташкил этилган Амалий физика илмий текшириш институтига директор лавозимига тайинланди. Тез орада, яъни 1982 йили унинг ташаббуси ва таклифи асосида ТошДУ АФИТИнинг СамДУ қошидаги филиали (бўлими), ҳозирги кундаги СамДУ Ядро физикаси лабораторияси ташкил этилди ва шу туфайли республикамизнинг икки йирик ўкув ва илмий марказлари ҳисобланган Тошкент давлат университети ва Самарқанд давлат университетларида ядро физикаси соҳасида илмий ишларни ривожлантириш ва кенгайтириш ва ҳамда малакали кадрлар тайёрлаш учун керакли шароитлар яратилди.
Ўтган йиллар ичида Толиб Мусаевич раҳбарлиги ва бевосита иштирокида ТошДУ АФИТИ ва СамДУ ЯФЛарида Марказий Осиё мамлакатларида ягона бўлган зарядли зарралар тезлатгичлари, яъни CБ-50 бетатрон, ЭГ-2 Сокол электростатик тезлатгичи, МТ-22С микротрони мажмуаси яратилиб, мажмуа асосида ядро физикаси соҳасида жаҳон миқёсида ҳам янги ҳисобланган илмий натижалар олишга эришилди. Олинган натижалар АҚШ, Европа ва Россиянинг нуфузли илмий журналларида чоп этилди ва Т.М.Мўминовнинг ёзган монографияларида ўз аксини топди.
Яратилган ядро физикаси усуллари ва Тезлатгичлар мажмуасидан фойдаланиб республикамиз радиоэкологиясига оид изланишлар ўтказилди ва материалларга протонлар ва электронлар билан радиациавий ишлов бериш усуллари ишлаб чиқилиб жорий қилинди.
Жумладан радиоактивлиги кам ва ўтакам бўлган табиий ва техноген намуналар таркибида радионуклидларни аниқлашнинг янги ўта сезгир гамма – спектрометрия услублари ишлаб чиқилди. Улар асосида табиий ва техноген намуналарнинг 1000 дан ошиқ турининг элемент ва радионуклид таркиби ҳақида янги саноат ва қишлоқ хўжалиги ва атроф муҳит экологияси учун муҳим натижалар олинди, кремнийли диодлар тезкорлигини ўн баровардан кўпроқ ошириш учун зарур бўлган протонлар оқимининг дозаси аниқланди.
Яратилган тажриба қурилмалари ва услублар мажмуаси қуйи энергияли ядро физикаси, астрофизика, қаттиқ жисмлар физикаси ва материалшунослик соҳаларида амалий ва фундаментал тадқиқотлар олиб бориш ва ишлаб чиқаришнинг турли соҳалари ҳамда атроф-муҳитни назорат қилиш учун лозим бўлган аналитик тадқиқотларни кенгайтириш имкониятини беради. Олинган натижалардан фармакология, тупроқшунослик, конларни геологик тадқиқ этиш ва атроф — муҳитни муҳофаза қилинишида, ярим ўтказгичлар, шишалар ва юқори температурали ўтаўтказгичлардан маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкин.
Ўтган асрнинг 80 йиллари охирида И.В.Курчатов номидаги Атом энергияси институтининг топшириғи билан ТошДУ АФИТИда Толиб Мусаевич раҳбарлигида Чернобиль АЭС аварияси туфайли зарарланган ҳудудларнинг юзасини масофадан туриб аниқлашнинг дозиметрик усули ишлаб чиқилди.
Толиб Мусаевич ва унинг илмий мактаби иштирокчилари томонидан олинган натижалар асосида 11 киши докторлик диссертацияларини, улардан 6 таси бевосита унинг раҳбарлигида (Б.А. Аликов, У.С. Салихбаев, И. Холбаев, А.Х. Иноятов, А.М. Нурмухамедов ва С.Р. Полвонов) ва 30 дан ортиқ ёшлар номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилишди ва улар бугунги кунда мустақил республикамизнинг турли олий таълим ҳамда илмий муассасалари ва хорижий мамлакатларда, жумладан АҚШ, Россия ва Қозоғистонда фаолият олиб боришмоқда.
Толиб Мусаевичнинг илмий ва педагогик фаолияти у чоп қилган 200 дан ошиқ илмий мақолалар, патентлар, монография ва ўқув қўлланмаларда ўз ифодасини топган. Улардан 100 дан ошиғи АҚШ, Европа ва Россия журналларида нашр қилинган.
Т.М.Мўминов Ватанимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида (1992-1995 йилларда) СамДУ ректори лавозимида фаолият кўрсатиб, университетда ўқув ва илмий-тадқиқот ишларини юқори даражада ривожлантиришга хизмат қилди.
1994 йилда ЎзФА мухбир аъзоси, 2000 йилдан бошлаб ФА нинг ҳақиқий аъзолигига сайланди. 1992-2003 йилларда Бирлашган ядро тадқиқотлари институти илмий Кенгаши аъзоси, кейинчалик БЯТИнинг фахрий доктори бўлиб сайланди. Узоқ йиллар давомида (1981 йилдан ҳозирги кунгача) докторлик ҳимояси бўйича илмий кенгаш аъзоси, Олий аттестация комиссияси (ОАК) физика эксперт кенгаши раҳбари, СамДУ ректори лавозими, ЎзР Олий ва ўрта мазсус таълим вазирлигининг (ОЎТВ) физика бўйича услубий кенгаши раҳбари, БЯТИ Илмий кенгаши аъзоси (1992-2013 йиллар) сифатида фаолият олиб борди. У кўп сондаги халқаро илмий анжуманлар дастурий қўмиталарининг аъзоси ва раҳбари ва ҳамда илмий журналлар таҳририятларининг аъзоси сифатида фаол иш олиб борди.
Толиб Мусаевич Мўминов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ғояси, ташаббуси ва раҳбарлигида Янги Ўзбекистонни қуриш ва III Ренессанс асосларини яратиш бўйича бошланган ишларнинг жонкуяр иштирокчиси эди.
Толиб Мусаевич Ўзбекистонда ядро энергетикасини ривожлантириш бўйича қабул қилинган қонун ва Президентимиз томонидан қабул қилинган қарорлар, жумладан Президентимиз томонидан 2019 йил 16 октябрида қабул қилинган ПҚ-4492 сонли “Ўзбекистон Республикаси ядро энергетикаси дастури учун кадрлар тайёрлаш СТРАТЕГИЯСИ ҳақидаги” қарори ижросини таминлаш устида ғайрат билан самарали ишларни олиб борди. У ўз шогирдлари (И.Холбаев ва бошқалар) иштирокида ЎзМУ ва СамДУда Ядро физикаси ва ядро технологиялари соҳаларида миллий кадрлар тайёрлаш учун зарур бўлган ўқув дастурларини ишлаб чиқди ва улар бакалавр ва магистрлар тайёрлаш учун самарали хизмат қилмоқда.
Толиб Мусаевичнинг илмий ва педагогик хизматлари муносиб баҳоланди ва мамлакатимиз Президенти томонидан “Меҳнат Шухрати” ордени билан тақдирланди ҳамда Бирлашган Ядро Тадқиқотлари институтининг фахрий доктори этиб сайланди.
Физика-математика фанлари доктори, профессор, академик Саидаҳмат Лақаев шундай деди:
“Толиб Мусаевич Мўминов 1992 йил Самарқанд давлат университетига ректор бўлиб келди. Мен ўшанда Математика факультетида кафедра мудири, профессор бўлиб ишлар эдим. Толиб Мусаевич ишга киришиши биланоқ ректор сифатида асосий эътиборини илмга ва университет талабаларининг билимли бўлишига қаратди…
Мен Толиб Мусаевич Мўминовни қалби тоза фидойи инсон сифатида эслайман ва илм-фанга катта ҳисса қўшган, фанни, илмни ва илмли одамларни қадрлайдиган буюк олим деб биламан”.
Академик Толиб Мусаевич Мўминовнинг шогирди — М. Улугбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ядро физикаси кафедраси профессори Физика-математика фанлари доктори Исобек Холбаев устози ҳақида фахрланиб шундай деди:
“Толиб Мусаевич ҳозирги кунгача ҳам куч ва ғайратга тўла бўлган ҳолда илмий ва педагогик фаолиятини давом эттириб келди. Шу кунларда унинг бевосита раҳбарлигида 3 фан докторлиги ва 6 магистрлик диссертациялари бажарилаётган эди. Яқингача фидокор олим ядро физикасининг турли йўналишлари бўйича Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетлари талабалари учун маъруза ва амалий дарсларни олиб борди”.
Ҳақиқий Хазрати инсон, академик Толиб Мусаевич Мўминов вафот этди. Унинг кенг қиррали илмий ва мураббийлик фаолияти, олижаноб ишларини шогирдлари, албатта давом эттиришади.
Толиб Мусаевичнинг ёрқин хотираси кўплаб жамоалар, шогирдлари ва дўстлари, барча билганлар қалбида абадий сақланиб қолади.
Носир ТОИРОВ,
меҳнат фахрийси, сиёсатшунос