28.7 C
Узбекистан
Вторник, 23 апреля, 2024

Самарқандда суд ошкоралигини таъминлаш йўлида нима ишлар қилинмоқда?

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,260участниковПодписаться
- Advertisement -

Кейинги йилларда мамлакатимизда суд тизимини ислоҳ қилиш, суд фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш йўлида, судлов фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ҳамда жамоатчиликнинг судларга ишончини ошириш учун қатор ишлар қилинди.

Самарқандда ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар билан танишиш мақсадида  вилоят суди раиси Олим Ҳайитов ташаббуси билан Ургут туманига пресс-тур ташкил этилди.

Биз, журналистлар, аввалида сайёр суд мажлисида қатнашдик. Суд мажлиси туман Халқ қабулхонаси биносида бўлиб ўтди. Дастлаб Фуқаролик ишлари бўйича туман суди раиси Темур Рустамов никоҳдан ажратиш билан боғлиқ аризани кўриб чиқди. Маълум бўлишича, учинчи томон – куёв боланинг ота-онаси аралашуви туфайли ёш оила бузилиш ёқасига келган ва куёв никоҳдан ажратиш ҳақида судга ариза билан мурожаат этган. Суд уларга олти ой муддат берган экан.

Ёшлар бу орада ўз муносабатларини қайта кўриб чиқиб, оила катталари билан тил топишиб кетган ва сайёр судда даъвогар, яъни куёв бола ўз аризасини қайтариб оладиган бўлди. Унинг умр йўлдоши ҳам бунга рози эканлигини билдирди. Натижада бир ёш оила сақланиб қолинди. Бу эса, ўз навбатида, суд ёшларга ўйлаб кўриш учун муддат бергани тўғри бўлганлигига яққол далилдир.

Суд мажлисидан сўнг Т.Рустамовга бир қатор саволлар билан мурожаат этдик. Фуқаролик ишлари бўйича туман судида суд раисидан ташқари бир нафар судья фаолият юргизар ва уларнинг ҳар бирига ойида 300тадан кўпроқ ишни кўриб чиқиш тўғри келаётган экан.

“Шуларнинг анчагинаси оилавий ажримлар эканлиги ўта ачинарли ҳол. Чунки уларнинг 70-75 фоизи ёш оилалар бўлиб, ўртада гуноҳсиз болалар сарсон қолмоқда”, – дейди дард билан Т.Рустамов.

Шундан сўнг Жиноят ишлари бўйича туман судининг судьяси Акмал Аҳмадов сайёр суд мажлиси ўтказиб, жиноят содир этган ва қилмишидан пушаймон бўлган ҳамда тузалиш йўлига кирган беш нафар  шахсни муддатидан олдин шартли озод қилиш ҳақида қарор чиқарди.

Судьяларнинг самарали ишлаши ҳамда суд жараёни иштирокчилари учун яратилган шароитлар билан танишиш мақсадида Жиноят ишлари бўйича туман судининг биносида бўлдик. Шу вақтгача судлар мослаштирилган биноларда фаолият юргизарди. Афсуски, ҳозир ҳам барча судлар учун замонавий бинолар қурилган эмас. Аммо бу борада қатор ишлар амалга оширилмоқда. Аввалроқ Жиноят ишлари бўйича Тойлоқ туман судининг янги биносида яратилган шароитлар билан танишган эдим.

Ургутдаги суднинг янги биносида девонхона, кутубхона, архив, судья хонаси, суд ёрдамчилари хоналари, адвокат хонаси, судланувчиларни вақтинча ушлаб туриш хонаси мавжуд. Инсонпарварлик тамойили нуқтаи назаридан маҳбуслар энди темир панжара ортида сақланмайди, балки улар учун суд залида мустаҳкам ойнадан ясалган хонача бунёд этилган.

Бино билан танишишимиз жароёнида А.Аҳмадов судьялар спорт билан шуғулланишга вақт топаётганлиги ва мусобақаларда қатнашиб совринли ўринларни эгаллаётганлигини ҳақида ҳам сўз юритди.

Жиноят ишлари бўйича туман суди раиси Фарҳод Худойбердиевнинг сўзларига қараганда, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилаётганлиги оқибатида  суд фаолиятида очиқлик ва ошкоралик таъминланмоқда. Масалан, гувоҳ видеоконференция шаклида ўтказиладиган суд мажлисига бошқа ҳудудан бўлса ҳам қатнашиши мумкин.  

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар эса онлайн тарзда кўрилмоқда. Бундай янги иш тизимининг йўлга қўйилиши ватандошларни ортиқча оворагарчиликлардан сақлаб қолмоқда.

“Жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида 500дан кўпроқ жиноят ишларини кўриб чиқдик. Улардан 60 фоизини судья А.Аҳмадов, қолган 40 фоизини мен кўрдим. Ишларни судьяларга тақсимлашда инсон омили аралашмайди. Ҳаммаси автоматик равишда ҳал этилади”, – дейди Ф.Худойбердиев.

Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, судларнинг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги жамият манфаати йўлида хизмат қилади. Чунки шу йўл билан аҳолига ўз вақтида тўғри ва аниқ маълумот берилади ва бу кенг жамоатчиликнинг ҳуқуқий хабардорлик даражасини оширишга олиб келади.  

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

Муаллиф туширган суратлар

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Серра-Леоненинг Ўзбекистондаги биринчи элчиси аккредитациядан ўтди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун Серра-Леоненинг мамлакатимиздаги биринчи элчиси Муҳаммад Ёнгавони қабул қилди. «Серра-Леоне Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва...

Больше похожих статей

×