Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегацияси Буюк Британиянинг энг қадимий қишлоқ хўжалиги университети – Уэлс шаҳзодаси қироллиги ҳомийлигидаги Royal Agrocultural University (RAU, www.rau.аg.uk)га ташриф буюрди.
Ўзбекистон аграр идораси вакилларининг ташрифидан кўзланган мақсад Ўзбекистонда Халқаро қишлоқ хўжалиги университетини ташкил этиш юзасидан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва бошқа масалаларни муҳокама қилишдан иборат бўлди. Делегацияга Тошкент давлат аграр университетида бўлиб ўтган сўнгги кадрлар ўзгаришлари жараёнида ректор маслаҳатчиси лавозимига тайинланган профессор Мунира Аминова бошчилик қилди. Профессор М. Аминова Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари билан биргаликда RAU раҳбарияти, жумладан, проректор ўринбосари профессор Нил Равенскрофт, RAU Қишлоқ хўжалиги мактаби раҳбари Филип Хадсон ва RAU тадқиқот директори профессор Марк Хортон билан учрашди.
“Биз Ўзбекистон жамоасини Сайренсестэрда кутиб олишдан мамнунмиз, – деди профессор Равенскрофт. – Бу йил бўлиб ўтган муҳокамалар натижаларига кўра, улар Ўзбекистонда янги Халқаро қишлоқ хўжалиги университетини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик талабларига жавоб бера олишимизга ишонч ҳосил қилиш мақсадида университетимизга ташриф буюришди. RAUнинг тарихига назар ташласак, у барча даврларда бутун дунё бўйлаб қишлоқ хўжалиги мутахассислари билан ҳамкорлик қилишга интилиб, билимлар халқаро форматда бўлса-да, долзарб бўлиб қолишига ва маҳаллий даражада қўлланилишига, талабаларнинг жаҳон даражасида таълим олишларини таъминлашга ҳаракат қилди. Профессор Нил Равенскрофтнинг таъкидлашича, RAUнинг Ўʻзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан мустаҳкамланиб бораётган алоқалари ушбу анъанавий ёндашувни давом эттириб, янги Халқаро қишлоқ хўжалиги университети талабалари ушбу ҳамкорликдан энг яхши натижаларга эришишларини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги жамоаси университетнинг талабалари, ўқитувчилари ва бошқа ходимлари билан учрашишди, талабалар шаҳарчаси ва университет хўжалигининг Фарм-491 агротехнологик инкубаторида бўлиб, инфратузилма билан танишишди. Шунингдек, делегацияга янги виртуал ўқув муҳити (Virtual Learning Environment) ва RAU талабаларининг ҳамкор университетлар билан масалан, Хитойда ўқитишда муваффақиятли қўлланилган бошқа инновациялар намойиш этилди. “Биз Буюк Британиянинг қишлоқ хўжалиги университети билан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз ва Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида Британия таълим стандартларини жорий этиш учун очиқмиз, – дейди профессор М. Аминова. – Биз қишлоқ хўжалиги соҳасида тадқиқотлар, мукаммал ва сифатли таълимни биргаликда жорий қилишни интиқлик билан кутамиз ва бу ҳамкорлик ўзаро манфаатлар ва янги имкониятлар олиб келишига аминмиз”. Қироллик қишлоқ хўжалиги университети Ўзбекистон ҳукуматининг қишлоқ хўжалигини рақобатбардош тармоққа изчил айлантириш йўлида қишлоқ хўжалиги ва билимларни қўллаб-қувватлаш механизмлари орқали озиқ-овқат хавфсизлигига эришишга қаратилган экспортг йўналтирилган ва эркин бозор секторига айлантириш бўйича олиб бораётган ҳаракатларини қайд этди.
Ўзбекистонда янги Халқаро қишлоқ хўжалиги университетини ташкил этиш, шунингдек, RAU билан ҳамкорлик масалалари Ўзбекистон ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланмоқда. 2021-йил ёзида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қироллик қишлоқ хўжалиги университети ( RAU ) ва Литва Vitautas Magnus University (VMU) ўртасида уч томонлама ўзаро келишув ва ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, унинг асосида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, RAU ҳамда VMU янги халқаро университетни яратиш ва фаолиятини йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб боришлари мумкин бўлади.
Шунингдек, меморандумда университетлар ўртасида ўқитувчи ва талабалар алмашинувинийўлга қўйиш ҳамда фермерлар ва фермер хўжаликлари маслаҳатчиларининг малакасини ошириш ва алмашиш дастурларини амалга ошириш, лойиҳа ва дастурлар ишлаб чиқиш, қўшма илмий тадқиқотларни ўтказиш, халқаро конференциялар ва бошқа кўплаб масалалар кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030-йилларга мўлжалланган стратегиясининг «Қишлоқ хўжалигида илм-фан, таълим ва ахборот хизматлари тизимларини ривожлантириш» банди — соҳадаги устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Мазкур илм-фан ва таълим соҳаларида амалга оширилаётган халқаро ҳамкорликни кенгайтириш лойиҳаси стратегиядаги устувор вазифалар ижросининг амалий кўринишларидан бир дебочадир.
Ассаломму Алаккум, бу университет очилса яхши….