Маҳалла мавқеи янада мустаҳкамланади, уларнинг харажатлари бюджетдан молиялаштирилади

0
234

Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ўрни ҳамда ролини кучайтириш, уларнинг аҳоли кундалик муаммолари билан ишлаш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги мавқеини мустаҳкамлаш, шунингдек, фуқаролар йиғини ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали тизимнинг самарадорлигини ошириш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан қатор чора-тадбирлар белгиланди. Улар Президент Шавкат Мирдиёевнинг 17 октябрдаги фармонида батафсил кўрсатиб ўтилган.

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони асосида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар маҳалла ходимлари томонидан анчадан бери кутилаётган эди. Кўпдан бери маҳалла фуқаролар йиғинлари харажатларини давлат бюжети томонидан қоплаш зарурлиги ҳақида гапириб келинарди. Чунки тизимда амалга оширилган ўзгаришлар туфайли авваллари давлат органлари бажарадиган бир қатор вазифалар маҳаллалар зиммасига ўтган эди. Шунга қарамасдан, канцелярия товарлари сотиб олиш, коммунал тўловлар, интернетдан фойдаланиш учун ойлик тўлов ва бошқа бир қатор харажатлар маҳалла фуқаролар йиғинларига ташлаб қўйилган эди.

Эндиликда, аниқроғи, 1 ноябрдан бошлаб вазият ўзгарадиган бўлди. Фармонга мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаш билан боғлиқ харажатлар тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Шунингдек, туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилади.

Молия вазирлигига 2021 йилда барча маҳалла фуқаролар йиғинларига зарур канцелярия товарлари хариди учун 9,2 миллиард сўм маблағ ажратиш ҳамда 2022 йилдан бошлаб ушбу мақсадлар учун зарур маблағлар Давлат бюджети параметрларида кўзда тутиш вазифаси юклатилди.

Яна бир янгилик. Энди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш, уларга бухгалтерия хизматини кўрсатиш вазифасини туман (шаҳар) ҳокимликларидан туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига ўтказилади. Бу ойлик маошлар билан бир қаторда устама ва мукофот пулларини вақтида ҳисоблаб, эгаларига бериш ишини тартибга солса керак. Чунки бу йўналишда ҳозирча қатор муаммолар мавжуд. Улардан айримларини санаб ўтамиз.

МАҲАЛЛА ХОДИМЛАРИГА МУКОФОТ ПУЛИ ҚАЧОН БЕРИЛАДИ? 

Бир қатор маҳалла фуқаролар йиғини раислари каминага Самарқанд шаҳар “Боғимайдон” МФЙ раиси ва журналист сифатида мурожаат қилиб, Мустақиллик байрами муносабати билан маҳалла ходимларига мукофот пули ҳисобланган эканлигини, у қачон берилишига аниқлик киритишни илтимос қилишди. Улар телеграмдаги Oylik bot орқали ўзларига ҳисобланган маош ҳақидаги маълумотноманинг скриншотини юборишди.

Маошга қўшиб берилиши лозим бўлган 20 фоизли устама ва Мустақиллик муносабати билан ҳисоблаб қўйилган 937 минг сўм мукофот пулини тақдири билан қизиқиб, Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг бухгалтериясига қўнғироқ қилдим. Маълум бўлишича, 20 фоизлик устама тўлаб келинаётган экан, байрам муносабати билан ҳисоблаб қўйилган мукофот пули ҳам яқин ўртада пластик карталарга ўтказиларкан. Кутамиз.

30 ФОЗЛИК УСТАМА ҲАМ ТЎЛАНАДИМИ?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги ПФ-5938-сон фармонга биноан маҳалла ходимларига тўланиши лозим бўлган 30 фоизлик устама устида анчадан буён гап-сўзлар авжига чиққан. Айрим ҳудудларда, жумладан Самарқанд вилоятининг қатор туманларида бу устама тўлаб берилган. Аммо Самарқанд шаҳри ва айрим туманларда бу иш пайсалга солиниб келинмоқда.

Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган “Маҳалла ходимларига устамалар нега тўланмаяпти?” саволига жавобан Самарқанд вилояти адлия бошқармаси томонидан тарқатилган хабарда шундай дейилади: “Самарқанд шаҳар, Паст Дарғом, Пахтачи, Иштихон, Нарпай, Оқдарё, Булунғур, Самарқанд, Қўшработ, Тойлоқ ва Пайариқ туманлари ҳокимликлари томонидан махсус устамаларни тўлаб бериш учун маблағ ажратиш масаласини халқ депутатлари Кенгашларида кўриб чиқилиши тўғрисида маълумотлар берилган”.

Ҳурматли депутатлар, Президент фармонининг ижроси сизларга боғлиқ экан.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь