24 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Унда адлия вазири Р. Давлетов мазкур Қонун лойиҳаси бўйича сўзга чиқиб, лойиҳада йўл ҳаракати соҳасидаги айрим ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни бекор қилиш ва маъмурий жавобгарликка тортишда янги механизмларни жорий этиш таклиф этилаётганлигини таъкидлади.
Айтиш керакки, мазкур Қонун лойиҳаси бўйича ижтимоий тармоқлар орқали турли хил фикр ва мулоҳазалар билдирилмоқда. Жумладан, лойиҳада “ҳайдовчиларни тезликни оширганлик учун жаримани камайтириш таклиф этилмоқда” ёки “учар” ҳайдовчиларга жарима камайтирилади” ва бошқа турли хил фикрлар.
Адлия вазири Р. Давлетов ўз маърузасида ижтимоий тармоқлар ва ахборот сайтларида кенг тарқалган тезликни оширганлик учун жаримани камайтириш бўйича таклиф мазкур Қонун лойиҳасида мавжуд эмаслигини қайд этди.
Шунингдек, мамлакатимизда ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш ҳолати ва ҳайдовчилик маданияти ҳам етарли даражада эмаслигини алоҳида таъкидлади.
Лойиҳада қатор таклифлар мавжудлиги айтилди. Хусусан, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юборганда тезликни ўлчайдиган махсус ускуналар қайд этган тезликдан соатига 5 километр айириб ташлаб ҳисоблаш механизми жорий этилиши кутилмоқда. Мазкур таклиф йўл ҳаракати соҳасидаги қонунчиликни ислоҳ қилишдаги дастлабки қадамлардан биридир.
Бироқ, Адлия вазири шу ўринда йўл-транспорт ҳодисасининг сабаблари бўйича статистик маълумотларни ҳам инобатга олиш кераклигига эътибор қаратди.
Шу билан бирга ўз маърузасида йўл-транспорт ҳодисалари бўйича статистик маълумотларга ҳам тўхталиб, жорий йилнинг ўтган саккиз ойида республикада 5 746 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, уларда 1 484 одам халок бўлгани ва 5 098 одам жарохат олгани, ушбу йўл-транспорт ҳодисаларининг 2026 таси, яъни 35 фоизи тезликни ошириш оқибатида юз бергани, уларда халок бўлганлар сони 599 тани (40%) ва жарохат олганлар сони 1660 тани (32%) ташкил этгани жуда ачинарли ҳолатлигини билдирди.
Шунингдек, Қонун лойиҳасида транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларга bluetooth, қулоқчин ва бошқа қўлни банд қилмайдиган гарнитуралар фойдаланишга рухсат бериш таклиф этилмоқда. Мазкур таклиф, замонавий автоиндустриянинг ривожланишидан ҳолатидан ҳамда ҳайдовчиларга кулайлик яратиш мақсадида киритилмоқда. Бироқ транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларнинг телефондан фойдаланганлиги учун жавобгарлик сақланиб қолинмоқда.
Бундан ташқари, лойиҳада транспорт воситаси салонининг олд қисмига ўзбошимчалик билан монитор (дисплей) ўрнатиш учун жавобгарликни бекор қилиш таклиф қилинмоқда. Ушбу таклиф ахборот технологияларнинг ривожланиши натижасида яратилаётган кулайликлардан, мазала GPS навигатордан фойдаланиш мақсадида қўшилмоқда. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, транспорт воситасини бошқариш пайтида монитордан теле-, видеодастурларни томоша қилиш учун фойдаланганлик учун жавобгарлик сақланиб қолинади.
Ушбу Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маъмурий жазолар миқдорининг инсонпарварлик, одиллик тамойилларига мувофиқ равишда камайтирилишига ҳамда айрим ҳаракатлар учун жавобгарлик бекор қилиниши транспорт воситалари ҳайдовчилари учун эса енгилликлар яратилишига олиб келади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, биринчи ўқишда маъқулланди.
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими