Ислом тараққиёти банки Бошқарувчилар Кенгашининг 46-йиллик анжумани дастури доирасида Трастбанк Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ХСРИК) билан 10 миллион АҚШ доллари миқдорида БИТИМ имзолади.
Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар Кенгашининг Тошкентда бўлиб ўтаётган 46-йиллик анжумани нафақат банкка аъзо 57 та давлат вакилларини бирлаштирувчи тадбир, балки музокаралар ўтказиш ва турли томонлар учун фойдали бўлган шартномалар имзолаш учун ҳам катта имкониятдир.
Анжуманнинг 4-куни давомида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков, Ислом тараққиёти банки президенти Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир ҳамда бошқа масъул шахслар иштирокидаги матбуот анжумани давомида “Трастбанк” ХАБ Бошқаруви раиси Сардор Рифатович Нормухамедов Islamic Corporation for the Development (ICD) – Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси бош директори жаноб Айман Амин Сежини билан 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ажратилиши тўғрисида БИТИМ имзолади.
Ушбу маблағ соғлиқни сақлаш, жумладан, фармацевтика соҳаси озиқ-овқат саноати каби йўналишларни ривожлантириш учун йўналтирилиши режа қилинган. Қолаверса, мазкур исломий дарча орқали Трастбанк мижозларига ислом молияси тамойиллари асосидаги молиявий хизматларни таклиф этиш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 9 июлида Трастбанк делегациясининг Жидда шаҳрига (Саудия Арабистони) ташрифи доирасида Трастбанк хусусий акциядорлик банки ва Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ХСРИК) ўртасида имзоланган Битим бўйича 7 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит линияси ажратилган.
2019 йил 10 июнь санасида “Трастбанк” хусусий акциядорлик банкида Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси вакиллари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланган.
Маълумот ўрнида: Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ICD) халқаро молия муассасаси бўлиб, Ислом тараққиёт банки (IsDB) гуруҳи таркибига киради. ICD 1999 йил ноябр ойида хусусий тармоқ лойиҳаларини молиялаштириш, рақобат ва тадбиркорликни ривожлантириш, ҳукуматлар ва хусусий компанияларга маслаҳат хизматларини кўрсатиш ва ташқи инвестицияларни рағбатлантириш орқали аъзо мамлакатларнинг иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси 2004 йилнинг 14 сентябрида ICD га аъзо давлатлар қаторига қўшилган.