Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари маълум қилишди.
Аввал маълум қилинганидек, 2021-2022 ўқув йили учун 1-синфга қабул 15 июндан бошланган эди. Жорий ўқув йилида ота-оналарга қўлайлик яратиш мақсадида Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят марказларидаги умумтаълим мактабларга 1-синфга қабул жараёнлари тажриба-синов тариқасида электрон шаклда амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда мазкур тизим орқали 1-синфга жойлаштириш учун ота-оналарда 41 мингдан ортиқ ариза келиб тушган.
Тажриба-синов тариқасида жорий этилаётган электрон шаклдаги қабул жараёни 2 та босқичда амалга оширилади:
Биринчи босқичда ота-оналар 2021 йилнинг 15 июнидан 5 июлига қадар my.maktab.uz электрон плафтормаси орқали рўйхатдан ўтиб, фарзандлари 1-синфга чиқадиган мактабларни танлайдилар.
Бунда ота-оналарга 3 та мактабни танлаш имконияти берилади:
Биринчи мактаб-ота-она доимий истиқомат қилаётган ҳудуддаги мактаб, яъни яшаш манзили бириктирилган микроҳудуддаги мактаб;
Иккинчи ва учинчи мактаблар ота-оналарнинг ихтиёрий танлови асосида фарзандларини қатнаши учун қулай бўлган мактаблар.
Иккинчи босқичда 2021 йилнинг 6 июлидан 31 июлга қадар ота-оналар электрон плафторма орқали танлаган биринчи мактабга, яъни бириктирилган микроҳудуддаги мактабга ҳужжатларини топширадилар, бунда ҳужжатларни топшириш тўлиқ электрон шаклда амалга оширилади. Ота-оналарнинг доимий яшаш манзили бўйича бириктирилган микроҳудуддаги мактабга жойлашишлари кафолатланади.
Агар ота-оналар микроҳуддуддаги мактабни эмас, бошқа мактабларни танлаган бўлса, яъни электрон рўйхатдан ўтиш вақтида танлаган иккинчи ёки учинчи мактабларнинг бирида бўш ўринлар бўлган тақдирда 1-15 август кунлари ҳужжатларини топширишлари мумкин бўлади.