15 C
Узбекистан
Четверг, 28 ноября, 2024

Ўзбекистонда экстремизмга қарши кураш борасидаги ёндашувлар концептуал жиҳатдан ўзгармоқда

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,070участниковПодписаться
- Advertisement -

Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон экстремистик ва террористик таҳдидларни ўз «тана»сида ҳис этди. Мазкур даврда бир гуруҳ экстремистлар томонидан мамлакатда сиёсий тузумни ўзгартириш, ислом халифалиги тузиш, давлатни шариат меъёрлари асосида бошқариш каби талаблар қўйилди. Ушбу режа ҳамда интилишларнинг асосий қисми динлараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувликнинг пойдеворига путур етказиш ҳамда кўп миллатли жамиятимизнинг барқарор ва тинч ривожланишига таҳдид солишга қаратилди. Шу билан бирга, экстремистлар томонидан ҳокимиятни қурол билан эгаллаш каби ҳолатлар кузатилди.Террористик хуружларнинг кучайиши ва мамлакатнинг барқарор ривожланишига тўғридан-тўғри таҳдидларнинг ортиши шароитида радикал гуруҳларни зарарсизлантириш, шунингдек, террористик ҳаракатлар иштирокчиларига нисбатан қатъий қонуний чоралар кўрилди. Шубҳасиз, бу тадбирлар аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш ва мамлакат тараққиёти учун барқарор ижтимоий-сиёсий шароитларни яратишга қаратилган эди.Бугунги кунда халқаро терроризм ва экстремизм ўзида сиёсий, иқтисодий, ҳудудий, маънавий, ахлоқий ҳамда диний характердаги муаммоларни мужассамлаштирган тобора мураккаб ижтимоий-сиёсий ҳодисага айланмоқда. Бу экстремизмни фақат куч воситалари, яъни маълум бир гуруҳ фаолиятини тугатиш ёки уларнинг «етакчи»ларини жавобгарликка тортишнинг ўзи етарли эмаслигини кўрсатади. Замонавий шароитда экстремизмни бартараф этиш, биринчи навбатда, унинг мафкурасига қарши курашни англатади. Чунки экстремистик ғоялар ва мафкуранинг тарқалиши оқибатида бундай гуруҳлар сафи кенгайиб бормоқда.Бунга сўнгги ўн йил ичида Ўзбекистонда биронта ҳам террористик ҳаракат амалга оширилмаганига қарамай, мамлакат фуқароларининг Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги жанговар ҳаракатлардаги иштироки мисол бўла олади. Шу билан бирга, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган шахсларнинг АҚШ, Швеция ва Туркияда террористик ҳаракатларни содир этиши ҳам бу муаммо ечимига нисбатан ёндашувни қайта кўриб чиқиш, аҳоли орасида диний мутаассибликка қарши курашиш ҳамда профилактик чоралар самарадорлигини оширишга катта эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатди.Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг янги сиёсий йўналишида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, хавфсизлик, динлараро тотувлик ҳамда бағрикенгликни таъминлашга катта эътибор бермоқда. Ушбу йўналишдаги вазифалар 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аниқ акс эттирилди.Хусусан, экстремизмга қарши курашиш борасидаги ёндашувлар концептуал жиҳатдан ўзгарди. Бунда асосий эътибор экстремизмнинг оқибатлари билан эмас, унинг сабаб ва омилларини бартараф этишга қаратилди. Мазкур жиҳатлар қуйидагиларда ўз аксини топди.Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти «Жаҳолатга қарши маърифат» ғояси асосида зўравонлик мафкураси «вируси» тарқалишининг олдини олиш вазифасини қўйди. Хусусан, ёшларда диний-ахлоқий онгни шакллантириш ва маърифат асосида уларни мафкуравий тарбиялаш бу йўналишнинг асосий бўғинига айланди.Мамлакатда диний таълимнинг беш босқичли тизими шакллантирилди. Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Калом, Ҳадис, Ақида, Ислом ҳуқуқи, Тасаввуф илмий мактабларининг диний-маърифий таълим муассасалари сифатида фаолияти йўлга қўйилди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий номидаги халқаро тадқиқот марказлари ташкил этилди. Ушбу муассасаларнинг асосий вазифаси сифатида ислом дини меросини ўрганиш ҳамда унга хос бўлган тинчлик, раҳм-шафқат ва бағрикенглик каби ҳақиқий қадриятларни кенг тарғиб қилиш белгилаб қўйилди.Шунингдек, мазкур соҳада ўқитишнинг илмий-услубий асослари такомиллаштирилди. Унда Ўзбекистон ҳудудида яшаб ижод қилган, ислом динининг инсонпарварлик қадриятларини тарғиб этган буюк илоҳиётчиларнинг диний ва фалсафий асарларини чуқур фундаментал тадқиқотлар асосида ўрганишга катта урғу берилди.Эътиборли жиҳати, мазкур жараёнда диний бағрикенгликни таъминлаш масалаларини ўрганиш натижалари асосида илмий тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, тарғибот ва ташвиқот тадбирларини ўтказиш чоралари амалга оширилмоқда. Бунда ислом маърифати ҳамда диний бағрикенглик анъаналарини мустаҳкамлашга қаратилган ишларни кучайтириш кун тартибига чиқмоқда.Шу билан бир қаторда, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг билим савиясини ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Уларнинг таълим олиш имкониятлари кенгаймоқда ва таълим сифати яхшиланмоқда. Бу ҳам кенг билим ва юксак тафаккурга эга бўлган ёшлар таркибини шакллантиришга хизмат қилади.Иккинчидан, сўнгги йилларда халқимизга хос инсонпарварлик ва кечиримлилик сиёсатини экстремистик ғояларга қарши йўналтиришга қаратилган ишлар кўламини кенгайтириш борасида бир қатор ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, мамлакатимизда экстремистик гуруҳларга алоқадор деб ҳисобланган 20 мингдан зиёд фуқаролар махсус ҳисобдан чиқарилди ва бундай рўйхатларни юритиш амалиётидан бутунлай воз кечилди. 2017 йилдан то бугунги кунгача экстремизм учун ҳукм қилинган 4 минг нафардан ортиқ шахслар афв этилди.Ўтган давр мобайнида инсонпарварлик тамойилининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Жумладан, 2018 йилнинг 19 сентябрида «Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент Фармони эълон қилинди. Мазкур Фармон экстремистик гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлган, ўз қилмишининг қонунга хилофлигини англаб етган ва тузалиш йўлига ўтган фуқароларга Ватанига, оиласи бағрига, тинч ҳаётга қайтиш имконини беради.Фармонга мувофиқ тузилган комиссия биргина ўтган йилнинг ўзида тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган 40 нафар фуқарони жиноий жавобгарликдан озод этиш ҳақида тақдим қилинган мурожаатларни кўриб чиқди.Бундан кўзланган асосий мақсад — мазкур тоифадаги инсонлар ўзларини давлат ҳимояси ва ғамхўрлиги остида, тўлақонли фуқаролар сифатида ҳис қилиши учун шарт-шароитлар яратишдан иборатдир. Боиси давлат ҳамда жамият учун хавфлилик даражаси унча юқори бўлмаган фуқароларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш усулидан кенг фойдаланиш ўзининг акс таъсирини бериб, уларни янада ғазаблантиришга ҳамда давлатга қарши ҳаракат қилишга олиб келиши мумкин.Шунингдек, 2018 йилда «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Унда мазкур соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида экстремизмнинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, жумладан, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда экстремизмга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш, шу билан бирга, унинг юзага келишига имкон берувчи сабаблар ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш белгиланган.Учинчидан, мамлакатда экстремизмни келтириб чиқарувчи омил ва шарт-шароитларга қарши қаратилган ишларга катта эътибор берилмоқда. Бу борада икки хил йўналишда, яъни мафкуравий ҳамда амалий саъй-ҳаракатларни ўз ичига олган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.Жумладан, мафкуравий йўналишдаги ишларга давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан бир қаторда фуқаролик жамияти институтлари ҳам жалб этилмоқда. Хусусан, Дин ишлари бўйича қўмита, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда жамиятда виждон эркинлиги кафолатлари ҳамда диний-маърифий муҳит барқарорлигини таъминлаш бўйича доимий ҳамкорликни назарда тутувчи янги тизим асосида тегишли ишлар ташкил этилган.Янги тизим доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари этиб: 1) дин соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий мақсади, вазифалари ва принципларини кенг жамоатчиликка, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари раҳбар ва ходимларига тушунтириш, уларнинг фаоллиги, ташаббускорлигини ошириш; 2) аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг диний ва дунёвий қарашларини ривожлантириш; 3) оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган радикал ғояларга қарши миллий анъана ва қадриятларимизнинг кенг тарғиб этилишини таъминлаш белгиланган.Бунга асосий сабаб эса юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларга диний тус бериш, сохта ғояларни асл диний қадриятлар сифатида талқин қилиш ва аҳоли орасида носоғлом ақидани сингдириш ҳолатлари кузатилаётганидир.Амалий йўналишда эса содир этган қилмишига пушаймон бўлган ҳамда тинч турмуш тарзига қайтган фуқаролар, шунингдек, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар фаолиятида иштирок этишга мойил бўлган шахсларни иш билан таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.Қолаверса, экстремистик ғоялар таъсирига энг кўп тушувчи тоифа вакиллари, яъни аёллар ва ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилди. Бунда ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш, жинси, миллати ҳамда келиб чиқишидан қатъи назар, тенг имкониятлар яратиш, камситишга йўл қўймаслик каби йўналишларда ишлар олиб борилмоқда.Асосий мақсад — экстремистик ғоялар таъсирига қайта тушишга мойил бўлган шахсларни ҳам мафкуравий, ҳам амалий қўллаб-қувватлаш ҳамда экстремистларнинг ижтимоий базасини қисқартириш. Энг муҳими, фуқароларни ушбу бузғунчи мафкурага мойил қиладиган сабаб ва шароитларга, жумладан, ижтимоий тенгсизлик, камситиш, инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларини бузишга қарши курашишдир.Тўртинчидан, экстремистик ғояларга қарши профилактик чоралар нафақат мамлакат ичкарисида, балки ташқарисида ҳам фаол амалга оширилмоқда. 2019 йилда бошланган ҳамда Яқин Шарқ ва Афғонистон ҳудудидан Ўзбекистон фуқароларини олиб чиқишга қаратилган «Меҳр» инсонпарварлик операцияси бунга яққол мисол бўла олади. Хусусан, 2019-2020 йиллар давомида 318 нафар Ўзбекистон фуқароси, асосан, аёллар ва болалар ўз Ватанига қайтарилди. Мазкур шахсларни Ўзбекистонга қайтариш олдидан улар билан суҳбатлар ўтказилди ва содир этган қилмишига пушаймон бўлган ҳамда тинч турмуш тарзига қайтиш ниятидаги фуқаролар саралаб олинди. Айни пайтда репатриация қилинган шахсларни реабилитация қилиш ва уларнинг жамиятга ижтимоий мослашуви учун доимий равишда индивидуал ҳамда мақсадли ишлар олиб борилмоқда.Шунингдек, профилактик тадбирлар доирасида экстремистлар домига тушиш эҳтимоли катта бўлган шахслар гуруҳи, шу жумладан, меҳнат муҳожирларига катта эътибор қаратилмоқда. Ички ишлар вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ёшлар иттифоқи ва бошқа жамоат ташкилоти вакилларидан ташкил топган гуруҳлар мунтазам равишда Россия ҳамда Қозоғистондаги ўзбек меҳнат муҳожирлари ва талабалари ўртасида профилактик тадбирларни ўтказиб келмоқда. Унда экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик борасида суҳбатлар, оғир ижтимоий аҳволдаги фуқароларга ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ёрдам кўрсатиш масалаларига алоҳида урғу берилаётгани эътиборга молик.Бешинчидан, экстремизмга қарши кураш борасидаги қарашларнинг ўзгариши жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда. Боиси мазкур йўналишдаги устувор вазифалар қаторига мамлакатда диний бағрикенглик ва виждон эркинлигини таъминлаш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш киритилганидир.Сўнгги йилларда Ўзбекистонда дин соҳасида ҳам янгича ёндашув ва тамойилларни ўзида акс эттирган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Диний ташкилотлар фаолияти эркинлигининг ҳуқуқий кафолати сезиларли даражада кучайтирилди. Жумладан, диний ташкилот фаолиятини тугатиш бўйича қарор чиқариш ваколати рўйхатга олувчи органдан судларга ўтказилди.Бундан ташқари, юртимизда жамият ҳамжиҳатлигини таъминлайдиган муҳим омил сифатида конфессиялараро мулоқотни мустаҳкамлаш механизмлари такомиллаштирилди. 2018 йилда Дин ишлари бўйича қўмита ҳузурида жамоатчилик-маслаҳат органи сифатида фаолият олиб борувчи Конфессиялар бўйича кенгашнинг янги таркиби тасдиқланди. Унга Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган турли конфессияларга мансуб барча диний ташкилотлар киритилди.Энг муҳими, Ўзбекистонда экстремизмга қарши курашда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни халқаро ташкилотлар нафақат эътироф этмоқда, балки ўртага ташланаётган ташаббусларни ҳам қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон ташаббуси асосида «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси қабул қилинди. Мазкур резолюцияни БМТга аъзо давлатлар бир овоздан маъқуллади. Дунёда динлараро қарама-қаршиликлар кучаяётган, экстремизмдан келиб чиқаётган таҳдидлар ортаётган бир даврда «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси ушбу замонавий чақириқларга ўзига хос жавоб, десак, муболаға бўлмайди.2020 йилнинг декабрь ойида АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинлик соҳасидаги Махсус кузатув рўйхатидан чиқарди. Мазкур жараённи баҳолар экан, АҚШ Давлат департаменти собиқ котиби М. Помпео «Ўзбекистон бошқа давлатлар учун ўрнак бўлиши мумкин»лигини қайд этди.2020 йил 13 октябрда Ўзбекистон тарихда биринчи марта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланди. Ушбу сайловларда Ўзбекистон энг кўп овоз олган давлат қаторида зикр этилди. Бу ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга асосланган экстремизм ҳамда терроризмга қарши курашнинг долзарб муаммоларини ҳал қилишда Ўзбекистоннинг ёндашувлари халқаро ҳамжамият томонидан тан олинганини кўрсатади.Умуман олганда, экстремизмга қарши кураш соҳасидаги қарашларнинг ўзгариши бир томондан, хавфсизлик нуқтаи назаридан ўз самарасини бераётган бўлса, иккинчидан, ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг ҳукуматга бўлган ишончи ортиб, аҳолининг диний эркинликлари кафолатлари учун шароит яратишга асосланган давлат ва аҳоли ўртасидаги муносабатларнинг янги модели барпо этилмоқда. Ушбу моделнинг асосини эса ислом маърифати ҳамда диний бағрикенглик анъаналарини мустаҳкамлаш ташкил этмоқда. Бундай ёндашув, шубҳасиз, яқин истиқболда ўз натижасини беради.

Темур АҲМEДОВ,Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридагиСтратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтибўлим раҳбари.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Яхши қўшничилик

Яхши қўшни қариндошдан ҳам яқин, нақли бежиз айтилмаган. Жанубдаги қўшнимиз Ўзбекистон жорий йили Қозоғистонга 4,7 млрд куб сув берди....

Больше похожих статей

×