АОКАда бўлиб ўтган брифингда Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева бу ҳақда маълум қилди.
Кўпчиликнинг хабари бўлса керак, Ҳукуматнинг жорий йил 13 март куни “Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 134-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур Ҳукумат қарори Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб бўлиб, асосий мақсад давлат бошқаруви органлари ва барча даражалардаги ҳокимликлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлик даражасини доимий равишда мониторинг қилиш ҳамда баҳолашдан иборатдир.
Қарор билан давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш ва баҳолаб боришга доир қуйидаги тартиблар белгиланди:
- давлат хизматининг ягона электрон-ахборот таҳлил тизими орқали давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш бўйича ўқитиш ва баҳолаб бориш (ҳар 3 йилда 1 марта) тизимини жорий этиш;
- давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш бўйича ўқув дастури, материаллар ва тест саволлари базасини шакллантириш, давлат ташкилотлари ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини баҳолаш ва мониторинг қилиш вазифалари Адлия вазирлиги зиммасига юклатилди;
- давлат ташкилотларига электрон платформага жойлаштирилган ўқув материаллари асосида ўз ходимларининг мустақил равишда (ишдан ажралмаган ҳолда) ўқишларини таъминлаш топширилди;
- давлат бошқаруви органлари марказий аппарати таркибий бўлинмалари, ҳудудий бўлинмалари, тизимидаги ташкилотлар раҳбарлари, ўринбосарлари ва бошқарув ходимлари, шунингдек вилоят даражасидаги ҳокимларнинг ўринбосарлари, туман (шаҳар) ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, ҳокимликлар таркибий бўлинмалари раҳбарлари, ўринбосарлари ва бошқарув ходимларининг ўқитилиши ва уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги баҳолашдан ўтказилиши назарда тутилмоқда;
Шунингдек, қарор билан Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш ва баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлик даражаси белгиланган минимал талаблар асосида баҳоланади.
Бунда ходимлар Давлат хизматининг ягона электрон-ахборот таҳлил тизимидаги “Давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули” – махсус тест тизимида онлайн тест синовидан ўтказилади.
Баҳолаш ҳар 3 йилда бир марта Адлия вазирлиги томонидан тегишли давлат ташкилоти билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган режа-график асосида ташкил этилади.
Давлат ташкилотларига биринчи марта ишга қабул қилинаётган иш стажига эга бўлмаган шахслар ишга қабул қилинган кундан бошлаб 12 ой ўтгач тегишли тартибда баҳолашдан ўтказилади.
Ҳар бир ходим томонидан 40 та тест саволи бажарилиб, баҳолашдан муваффақиятли ўтган давлат ташкилотлари ходимларининг шахсий кабинетига электрон тарзда QR код орқали тасдиқланган маълумот баҳолаш натижалари чиқиши билан дарҳол юборилади.
Шунингдек, эндиликда Адлия вазирлиги баҳолаш натижалари асосида:
- юқори кўрсаткичга эришган давлат ташкилотларининг ижобий тажрибаларини бошқа ташкилотлар фаолиятига ҳам жорий этиш ва салбий натижалар қайд этган идоралар ва ҳудудларда бунинг сабабларини бартараф этиш бўйича услубий кўрсатма ва таклифлар ишлаб чиқади;
- давлат ташкилотларига баҳолашдан ўтмаган ходимларининг ўқитилиши ва қайта баҳолашдан ўтказилишига оид кўрсатмалар беради;
- баҳолаш натижалари бўйича Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига таҳлилий маълумотлар киритиб боради.
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими