Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар замирида инсон манфаати ва унинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш ётади. Фуқароларнинг эркин ва адолатли меҳнат шароитларида ишлашини таъминлаш давлатнинг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда миллий қонунчилигимиз мустаҳкамланиб, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлиги тан олинган ҳолда такомиллаштирилмоқда.
Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 майдаги ПФ–5997-сон Фармонига мувофиқ ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритиш, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида юртимизда меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши юзасидан амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.
Сўнгги йилларда меҳнат муносабатларини тартибга солувчи
18 та Қонун, 29 та Президент Фармон ва қарорлари, 47 та Ҳукумат қарорлари, шунингдек, 300 га яқин бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Қабул қилинган ҳужжатларда меҳнат соҳасида ходимларга бир қатор имтиёзлар берилди.
Хусусан, илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи ходимларнинг лавозим маошига 30 фоиздан 60 фоизгача қўшимча ҳақ тўлаш тизими жорий этилди.
Шунингдек, йўл ҳужжатлари мавжуд бўлмаган хизмат сафарида бўлган бюджет ташкилоти ходимларига ҳар бир километрга базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 0,08 фоиз миқдорида йўл харажати тўланади (илгари бу масалани корхона раҳбарининг ўзи ҳал қилган). Бошқа ташкилот ходимларига жамоа шартномаси ёки меҳнат шартномасида белгиланган миқдорларда бироқ, ҳар бир километрга БҲМнинг 0,08 фоизидан кам бўлмаган миқдорда йўл ҳақи тўланади.
Меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ҳудудлар рўйхати аниқ белгиланди. Бунда, йиллик устама ва йиллик қўшимча таътиллар табиий иқлим шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойлар рўйхатига киритилган жойларда ишларни бажарувчи барча ходимларга қўлланилади ва берилади. Мазкур устама миқдори ушбу жой учун белгиланган тегишли коэффициентни иш ҳақи суммасига кўпайтириш орқали белгиланади. Устамалар ходим ушбу жойда яшаши
ёки яшамаслигидан қатъи назар иш жойи бўйича тўланади.
Мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратиш мақсадида:
2019 йил 1 майдан бошлаб аёллар меҳнатини муайян соҳа
ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилинди;
аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ёки касблар рўйхати тасдиқланди, ушбу рўйхат тавсиявий хусусиятга эга;
бола парваришлаш таътилининг камида уч ойи ота томонидан фойдаланилган тақдирда, ота ёки онадан бирига қўшимча бир ой нафақа тўланадиган бола парваришлаш таътили берилди;
икки ёшга тўлмаган фарзандини тарбияловчи ота-оналарнинг бирига уларнинг иш пайтидаги дам олиш ва овқатланиш, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар ҳисобидан иш берувчи билан келишган ҳолда кун давомида фойдаланиладиган танаффус вақтини белгилаш ҳуқуқи берилди.
Шу билан бирга, 2020 йил 1 январдан бошлаб автоматик тарзда шакллантириладиган ходимнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олувчи электрон меҳнат дафтари жорий этилди.
Камбағал, ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитиш маҳалла, туман (шаҳар) ва ҳудуд марказлари даражасида “маҳаллада касб-ҳунарга ўқитиш масканлари – туман касб-ҳунарга ўқитиш марказлари – ҳудуд “Ишга марҳамат” мономарказлари” механизми асосида амалга оширилиши белгиланди.
Коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш вақтида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилган даврда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим муассасаларининг бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига ҳақ тўланадиган йиллик меҳнат таътилини бериш ҳамда давлат органлари ва мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар ходимларини масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби жорий этилди.
2021 йил 1 январдан бошлаб ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан хорижда вақтинча ишлаш ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турларига тенглаштирилди ва унга ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган солиқларни тўлаш ҳамда пенсия миқдорини ҳисоблаш тартиби қўлланила бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июлдаги
ПФ–5775-сон Фармони билан Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ташкил қилинди.
Бундан ташқари, меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилди (жарима миқдори БҲМнинг 100 бараваригача оширилди) ҳамда Жиноят кодекси янги модда билан тўлдирилди.
Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан Ўзбекистонда 2019 ва 2020 йилларда пахта йиғим-терими давомида тизимли равишда болалар меҳнатидан умуман фойдаланилмаганлиги тўғрисида ижобий хулоса берилди. Шунингдек, 2020 йилда пахта теримига мажбурий жалб этиш ҳолатлари 2019 йилга нисбатан 33 %га камайганлиги ва 4 %ни ташкил этганлиги таъкидланди.
Ўзбекистоннинг мажбурий меҳнатга барҳам беришга қаратилган ижобий саъй-ҳаракатлари дунёнинг 50 дан ортиқ нуфузли ахборот воситаларида ёритилди. Булар қаторида “Reuters” (Буюк британия), “Thomson Reuters Foundation News” (АҚШ), “The New York Times”,
“The Diplomat” (Япония, АҚШ), “Yahoo! News” (АҚШ), “France-Presse” (Франсия), “Metro International” (Швеция), “Al-Jazeera” (Қатар), “Sharenet” (ЮАР), “Devdiscourse” (Индия) ва бошқаларни санаб ўтса бўлади.
Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди
ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши аҳволи
Республика бўйича 13 млн. 300 мингдан ортиқ расмий
ва норасмий секторларда фаолият кўрсатаётган ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнатини муҳофаза қилишни кучайтириш бўйича қабул қилинаётган чораларга қарамай, меҳнат жараёнида фуқароларнинг иш қобилияти ва соғлиғини сақлашга, хавфсизлигини таъминлашга, иш берувчилар билан ходимлар ўртасидаги мувозанатли меҳнат муносабатларини кўллаб-қувватлашга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларга барҳам беришнинг ҳамон имкони бўлмаётганлиги қайд этилмоқда.
Бу ўринда аҳоли бандлиги, меҳнат миграцияси ва меҳнат муносабатлари соҳасида ягона сиёсат олиб борувчи Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Биргина 2019 ва
2020 йиллар сарҳисобини оладиган бўлсак, 2019 йилда
356 897 нафар (57% аёллар) ишсиз ва банд бўлмаган аҳоли ишга жойлаштирилган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилда 362 874 нафарга (50% аёллар) етказилди.
Аҳолини қонуний йўл билан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижий давлатларга юбориш ҳолатлари кескин ошган. Хусусан, 2019 йилда хорижда ишлаш учун 4 392 нафар шахс юборилган бўлса, 2020 йилда ушбу ҳолат 2 бараварга (10 272 нафар) ошганлиги кузатилади.
Бироқ, ишсизлик даражаси 2020 йилда 11,1%ни ташкил этганлиги боис (2019 йилда 9%), фуқароларга ишсизлик нафақасини тайинлаш ҳам сезиларли даражада ортган. Шу боис, 2019 йилда 57 874 нафарга ишсизлик нафақаси тайинланган бўлса, 2020 йилда ишсизлик нафақаси оладиган шахслар сони 35%га ошганлиги
(89 651 нафар) қайд этилган.
Олиб борилаётган ислоҳотларга қарамасдан иш берувчилар томонидан меҳнат ҳуқуқларига риоя этмаслик ёки уни менсимаслик ҳолатлари учрамоқда.
Шу боис, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 2019 ва 2020 йиллар давомида олиб борилган ўрганишлар таҳлил қилинди. Таҳлил натижаси қуйидагиларни кўрсатади.
Хусусан, қонунчиликда ишга қабул қилиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилиши лозим бўлсада, ходимларни ишга қабул қилишни расмийлаштирмаслик 2019 йилда 4 980 та ҳолатда аниқланган бўлса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 93%га (338 та) камайганлигини кўришимиз мумкин.
Шунингдек, иш берувчилар меҳнат органларига бўш иш ўринлар тўғрисида маълумотларни ҳар ойда тақдим этишлари шартлилигига қарамасдан, иш берувчилар томонидан 2019 йилда 3 194 та,
2020 йилда эса, 1 607 та бўш иш ўринлари тўғрисида белгиланган тартибда аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига маълумот тақдим этилмаган.
Мамлакатимизда мажбурий меҳнатга қарши қурашиш бўйича олиб борилаётган ислохотларга қарамасдан 2019 йилда 259 нафар ҳодим мажбурий меҳнатга жалб қилинган, 2020 йилда эса бу ҳолат 38 %ни ташкил этди. Болалар меҳнатидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари 2020 йилда умуман қайд этилмаганлигига гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Шу билан бирга, иш берувчилар томонидан қуйидагича меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилмаганлик ҳолатлари ҳам аниқланди.
1) ходимларни ўқитиш ва билимларини текширишни ташкил этмаганлик:
2019 йилда – 4 392 та;
2020 йилда – 1 527 та;
2) иш жойлари меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказмаслик:
2019 йилда – 2 852 та;
2020 йилда – 473 та;
3) махсус кийим ва ҳимоя воситалари билан таъминланмаганлик:
2019 йилда – 2 227 та;
2020 йилда – 482 та;
4) ходимларни тиббий кўрикдан ўтказмаслик:
2019 йилда – 1 390 та;
2020 йилда – 522 та;
5) ногиронлиги бўлган шахслар учун меҳнат ҳуқуқлари
ва шароитларининг яратилмаганлиги:
2019 йилда – 100 та;
2020 йилда – 53 та қонунбузилиш ҳолатлари содир этилган.
Коронавирус инфекциясининг жаҳон миқёсида тарқалиши нафақат иқтисодиёт тармоқларига, балки меҳнат соҳасига ҳам салбий таъсирини кўрсатди.
Бунда ходимларнинг асосий саналадиган меҳнат қилиш ва иш ҳақи олиш ҳуқуқлари бузилганлик ҳолатлари ошганлигини кўришимиз мумкин.
Хусусан, 2020 йилда 1 517 та ходим асоссиз равишда ишдан бўшатилган (2019 йилда 758 та) бўлса, 4 301 та ходимга иш берилмаганлиги (2019 йилда 3 933 та) аниқланди.
Қўлланилган таъсир чоралар бўйича
2020 йилда 6 578 нафар мансабдор шахс меҳнат қонунчилигини бузганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилиб, жами 110 млн. 642 минг сўм жарима жазоси қўлланилди (2019 йилда 15 377 нафар шахс жаримага тортилиб, 134 млн. 129 минг сўм ундирилди).
Шу билан бирга, 2020 йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ишга тиклаш масаласида жами кўрилган 2 385 та ишдан 1 040 таси ҳамда иш ҳақини ундириш масаласида жами кўрилган 1 914 та ишдан 1 473 таси бўйичақарорлар қабул қилинган.
Шунингдек, ходим соғлиғига етказилган зарарни қоплаш бўйича жами кўрилган 62 та ишдан 46 та ҳолатда даъволар қаноатланитирилган.
2019 йилда судлар томонидан ишга тиклашда – 775 та, иш ҳақини ундиришда – 873 та, ходим соғлиғига етказилган зарарни қоплашда – 60 та ишлар қаноатлантирилган.
Меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши соҳалар кесимида
Меҳнат ҳуқуқларига риоя қилиниши соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, таҳлиллар натижаси шуни кўрсатадики, мазкур қонунбузилиш ҳолатларининг энг кўп содир этилиши таълим муассасаларида аниқланган.
Хусусан, 2019 йилда 40 275 нафар педагог ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилган бўлса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич
7 772 нафарни ташкил этади.
Таълим йўналишида ходимларнинг кўпроқ бузиладиган меҳнат ҳуқуқлари иш берувчи томонидан хизмат сафари, малака ошириш
ва тиббий кўрик учун пуллик компенсациялар берилмаслигига тўғри келади.
Соғлиқни сақлаш муассасаларида 2019 йилда 7 495 та,
2020 йилда эса, 6 600 та қонунбузилиш ҳолатлари содир этилган.
Иш берувчи томонидан ходимнинг розилиги билан лекин ҳақ тўланмасдан, вазифасига кирмайдиган бошқа ишга жалб этилиши тиббиёт муассасаларида кўпроқ учраши қайд этилди.
Бугунги кунда шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширишда ҳамда ҳудудларни комплекс ривожлантиришга қаратилган кенг миқёсдаги ислоҳотларга қарамасдан қурилиш соҳасида фаолият олиб бораётган ишчи ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари ўзгармасдан қолмоқда.
Мисол учун, 2019 йилда 3 523 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган бўлса, 2020 йилда бу ҳолат 39,6%ни (1 397 та) ташкил этади.
Шунингдек, саноат, қишлоқ хўжалиги, банк ва молия, савдо ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларида меҳнат қилаётган ходимларнинг ҳуқуқлари бирмунча яхши йўлга қўйилганлиги кўзатилди.
Мисол учун:
саноат соҳасида – 2019 йилда 1 356 та, 2020 йилда 1 094 та;
қишлоқ хўжалиги соҳасида – 2019 йилда 2 906 та, 2020 йилда эса қонунбузилишлар 34% (986 та);
банк ва молия соҳасида – 2019 йилда 1 319 та, 2020 йилда
217 та;
савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида – 2009 йилда 59 та,
2020 йилда эса 90 та қонунбузилиш ҳолатлари қайд этиган.
Меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши ҳудудлар кесимида
Мазкур йўналиш ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Бухоро ва Наманган вилоятларида иш берувчилар томонидан ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этмаслик ҳолатлари бошқа вилоятларга қараганда кўпроқ учрайди.
Андижон, Навоий, Хоразм ва Жиззах вилоятларида эса меҳнат ҳуқуқларига риоя этиш аҳволи ижобий натижани кўрсатмоқда.
Т/р | Ҳудудлар | Қонунбузилишлар сони | |
2019 йил | 2020 йил | ||
1 | Қорақалпоғистон | 13 773 | 3 587 |
2 | Андижон | 2 424 | 1 514 |
3 | Бухоро | 7 336 | 3 075 |
4 | Жиззах | 3 269 | 1 550 |
5 | Қашқадарё | 16 061 | 12 692 |
6 | Навоий | 2 154 | 856 |
7 | Наманган | 4 578 | 3 195 |
8 | Самарқанд | 7 601 | 1 613 |
9 | Сирдарё | 5 266 | 1 054 |
10 | Сурхондарё | 5 859 | 1 884 |
11 | Тошкент в. | 5 885 | 1 263 |
12 | Фарғона | 7 111 | 2 402 |
13 | Хоразм | 3 893 | 1 658 |
14 | Тошкент ш. | 7 274 | 2 034 |
Адлия вазирлигининг асосий вазифаларидан бири бу ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, аҳолига қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини етказиш, аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш билан бирга инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш ҳисобланади.
Адлия вазирлиги доимий равишда аҳолининг ҳуқуқий онгини оширган ҳолда 2019 йилдан буён фуқаролар томонидан қонун билан кафолатланган ва ҳимояланган меҳнат ҳуқуқлари қай даражада амалга оширилишини ҳамда иш берувчи томонидан ушбу ҳуқуқларга риоя этилишини аноним сўров ўтказиш орқали ўрганиш амалиётини йўлга қўйди.
Мазкур сўровлар амалиётда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши ҳолатига баҳо беришга асос бўлмоқда.
Сўров республиканинг барча туман ва шаҳарларида анъанавий ва онлайн шаклда ўтказилди.
Сўровда 40.470 нафар 16 ва ундан катта ёшдагилар иштирок этди.
Сўровда таълим, соғлиқни сақлаш, банк ва молия ташкилотлари, давлат бошқаруви, хўжалик бошқаруви ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа соҳа вакиллари иштирок этди.
Қонунчилик талабига кўра иш берувчи ва ходим ўртасида ёзма шаклда меҳнат шартномаси тузилиши лозим. 2020 йилда
94,2% билан меҳнат шартномаси тузилганлиги маълум бўлди
(2019 йил – 96,3%).
Меҳнат шартномасини тузмаслик асосан тадбиркорлик соҳасида ишловчилар орасида қайд этилган.
Дам олиш ва байрам кунлари ходимларни ишга жалб этиш ҳолатлари 2020 йилда камайган. Бу албатта ижобий баҳоланади.
2019 йилда иш берувчиларнинг иш вақтига риоя этилиши ҳақида
68,9% ходимлар хабар берган бўлса, 2020 йилга келиб бу ҳақда
73,7% ходимлар хабар берган.
Шундай бўлсада, иш вақтига риоя этмаслик ҳолатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ошган (2019 йилда 15,7%, 2020 йилда 19,5%).
Ходимга унинг вазифаларига кирмайдиган ишларни бажартириш ҳолатлари кескин камайган. Хусусан, 2019 йилда вазифаларига кирмайдиган ишларни бажариш 16,2% ходимлардан талаб этилган бўлса, 2020 йилда бундай ҳолатга 8,9% ходимлар дуч келган. Албатта бу ижобий ўзгариш ҳисобланади.
Бундай ижобий ўзгаришларга аҳолининг ҳуқуқий онги ошиши ҳамда уларда ўз ҳуқуқларини талаб қилиш кўникмалари шаклланиши биринчи сабаб бўлса, иккинчи сабаб – иш берувчининг қонун олдида жавобгар эканлигини тушуниши ва хис этишидир.
Ходимларга ўз вақтида меҳнат таътилини бериш ҳолати салбий томонга ўзгарган. Хусусан, 2019 йилда респондентларнинг 90,1% ўз вақтида йиллик меҳнат таътилини олган бўлса, 2020 йилга келиб 87,2% ходимлар ўз вақтида йиллик меҳнат таътилини олган.
Респондентларнинг жавобига кўра 2019 йилда меҳант таътили давомида ишга жалб этилган ходимлар 3,2% ташкил этган,
2020 йилга келиб улар сони 4,4% етган. Таҳлилларга кўра 2019 йилда ҳам 2020 йилда ҳам меҳнат таътили вақтида ишга чиқишга мажбур қилинганларнинг энг кўпи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларидир.
Меҳнатга ҳақ тўлаш тартибига риоя этиш аҳволи ҳам салбий томонга ўзгарган. Хусусан, 2019 йилда 83,3% ходимлар ўз вақтида ойлик иш ҳақларини олишган бўлса, 2020 йилга келиб улар сони
79,3% ташкил этди.
Ойлик иш ҳақини сурункали равишда кечиктириб тўлаш ҳолатлари ҳам ошган, хусусан 2019 йилда мазкур кўрсаткич
3,8% ташкил этган бўлса, 2020 йилда – 5,7% га етган.
Шу ўринда 2020 йилга келиб ходимларнинг ойлик иш ҳақидан уларнинг розилигисиз пул ушлаб қолиш ҳолатлари камайганлигини кўриш мумкин. Ойлик иш ҳақидан ходимнинг розилигисиз ушлаб қолиш ҳолати 2019 йилда 22,5% ташкил этган бўлса, 2020 йилда бундай ноқонуний ҳаракатлар 17,6% ташкил этди.
Қонунчиликка кўра хизмат сафари, тиббий кўрикдан ўтиш
ва бошқа шу каби хизмат билан боғлиқ харажатлар иш берувчи ҳисобидан амалга оширилиши лозим. Шундай бўлсада, мазкур харажатлар бевосита ходим томонидан амалга оширилиши ҳолатлари кўплаб учрамоқда ва йилдан йилга ортмоқда.
Масалан, 2019 йилда сўров иштирокчиларининг 44,7% ушбу харажатлар иш берувчи томонидан олдиндан тўланишини қайд қилган бўлса, 2020 йилда ушбу ҳолат 38% ни ташкил этди. Шу билан бирга,
2019 йилда бундай харажатлар иш берувчи томонидан қоплаб берилмаганлиги ҳақида 28% сўров иштирокчилари хабар берган бўлса, 2020 йилга келиб бу ҳақида 34,7% хабар берган.
Аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, хусусан меҳнатга оид ҳуқуқларини ҳимоя қилиш воситалари ва усуллари борасида олиб борилаётган манзилли ишлар ўзининг ижобий натижасини кўрсатмоқда.
Хусусан, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилганда ваколатли органларга мурожаат этган ҳолда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳолатлари ортмоқда.
2019 йилда ўтказилган сўров қатнашчиларининг 20% уларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилганда ҳеч қаерга шикоят қилмасликларини билдирган бўлса, 2020 йилда қонунбузилиш ҳолатига кўз юмадиганлар 13,3% ташкил этди.
Шу ўринда, меҳнат ҳуқуқлари бузилганда ваколатли органга мурожаат қилиши ҳақида 2020 йилда 42,6% сўров қатнашчиси хабар берган бўлса, 2019 йилда уларнинг сони 2,5 баравар кам бўлган
ва 19,4% ташкил этган.
Қайд этилганлардан келиб чиқиб, мамлакатимизда аҳолининг меҳнат ҳуқуқларига риоя этишда қонунбузилиш ҳолатлари учраётганлигини инкор этиб бўлмайди.
Шундай бўлсада, умуман олганда 2020 йилда 2019 йилга нисбатан ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши аҳволи ижобий томонга ўзгарган деса ҳам ўринли бўлади. Буни сўровда қатнашганларнинг жавобидан ҳам кўриш мумкин.
Масалан, меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши қониқарли даражада деб 2019 йилда 71,4% сўров қатнашувчилари хабар берган бўлса, 2020 йилда бу ҳақида 81,2% респондент хабар берган.
Келиб тушган мурожаатлар, уларни кўриб чиқиш аҳволи ҳамда қўлланилган таъсир чоралар
Хусусан, 2020 йил давомида жами 14 432 та мурожаат (шундан 4,7% (676) – вазирликка, 95,3% (13 756) – бевосита ҳудудий адлия органлари орқали) келиб тушди.
Мурожаатларнинг 81% (11 680) қаноатлантирилди, 17,5% (2 534) бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 1,5% (218) эса тегишлилигига кўра бошқа ташкилотларга юборилди.
Мурожаатлар соҳаларга бўлиниб, таҳлил қилинганда,
0,3% (43) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан, 21,7% (3 139)таълим муассасалари, 26,2% (3 791) соғлиқни сақлаш, 8,4% (1 209)хўжалик бошқаруви органлари, 4,4% (638) давлат бошқаруви органлари,
0,6% (84)молия ташкилотлари, 0,4% (54)тижорат банклари, 1,9% (275) тадбиркорлик субъектлари, 0,6% (94) нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, 35,5% (5 105) бошқа соҳаларга тўғри келиши аниқланди.
Мазкур мурожаатларни кўриб чиқишда 26 923та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган бўлиб, адлия органлари томонидан тегишли ташкилотларга 2 229 та тақдимнома (ҳуқуқи бузилган ходимларга жами 27 млрд. 866 млн сўмдан ортиқ пуллик компенсация қопланиши сўралган) ҳамда 4 898 та огоҳнома, шунингдек, судларга 20 млрд.
484 млн. сўмлик 5 491 та даъво аризаси киритилди.
Маълумот учун: Урганч шаҳрида яшовчи фуқаро Ё.Э.нинг “Хоразм иссиқлик манбаи” ДУК томонидан ойлик иш ҳақи берилмаганлигидан норозилиги ҳақидига мурожаати Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан ўрганилиб, корхонада ишловчи жами 338 нафар ходимларга 253,5 млн. сўм иш ҳақлари ундирилиши ҳамда меҳнат қонунчилигини бузганлик учун ДУК директорини маъмурий жавобгарликка тортилиши таъминланди.
Шунингдек, Андижон шаҳар, Бўстон даҳаси, 6-уй, 59-хонадонда яшовчи фуқаро У. А. ва бошқаларга Андижон шаҳар педагогика коллежи раҳбарияти томонидан ишдан бўшатиш нафақаси тўланмаганлиги аниқланиб, мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар адлия бўлимининг тақдимномасига асосан фуқароларга 39,1 млн. сўм ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилди.
Шу билан бирга, қўлланилган таъсир чоралари натижасида 596 нафар мансабдор шахслар интизомий жавобгарликка тортилди (шундан, 26 таси билан меҳнат шартномаси бекор қилинди, 25 тасига жарима жазоси ва 528 тасига хайфсан жазоси берилди).
Бундан ташқари, 626 та ҳолатда айбдор шахсларни маъмурий (468 та шахс жавобгарликка тортилди) ва 16 та ҳолатда – жиноий жавобгарликка тортиш (11 та шахс жавобгарликка тортилди) юзасидантаклифлар берилди.
Шу ўринда, Адлия вазирлиги меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий
ва жиноий жавобгарлик белгиланганлигини эслатган ҳолда барча иш берувчиларни ходимларнинг қонун ҳужжатлари билан қўриқланадиган меҳнат ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ва уларга риоя этишча яна бир бор чақириб ўтади.