Яқинда regulation.gov.uz (https://regulation.gov.uz/uz/d/31751) сайтида «Ўзбекистон Республикасида тарих фани соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси» муҳокамага қўйилди. Бошидан айтиб ўтишим керак: бу концепция 1998-йилда қабул қилинган концепция моҳият жиҳатидан унча катта фарқи йўқ (қаранг: http://uzanalytics.com/tarix/3686/).Ман бу концепция билан танишиб чиқиб чуқур қайғуга тўлдим. Ва мани безовта қилаётган фикрлар билан қисқача ўртоқлашмоқчиман. Мани ҳайратлантиргани, биз ҳали ҳам концепцияда ёзилганидек «ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихини илмий ўрганмоқчимиз» ва тарихни концепцияда ёзилганидек «тарғибот-ташвиқот ишларида таъсирчан қўллаш» мақсад қилиб қўйилган. Юқорида зикр этилган икки мақсад бутун концепциянинг мазмун-моҳиятини ташкил этади. Хўш, бу мақсадларнинг нимаси ёмон деб, сўрарслар мандан?Коцепцияда асосий илмий мақсад акс этмаган, яъни жаҳон фани билан ҳамнафаслик ҳақида сўз йўқ. Фақатгина «илғор халқаро тажрибани инобатга олиш» назарда тутилган. Эслатиб ўтишга мажбурман: биз Болония жараёнига ўтганлигимиз, жаҳонда тан олинган илмий базаларда (Scopus, Web of Science, E-library) сифатли мақолалар чоп этиш ва хорижий олимлар билан ҳамкорлик қилмоқлик ўзбек олимига қўйилиши бўлган асосий талабдир. Бу жиҳатлар концепияда умуман акс этмаган. Бу концепция тарихчиларни ва тарих фанини изоляционизмга, яъни жаҳон фанидан узилиб қолишимизга олиб келади. Охирги 30 йилда гуманитар фанлар соҳасидаги давлат сиёсати жаҳон илмида охирги ўринларда жой олишига олиб келди. Агар, бу концепия қабул қилинса, оламда ўзбек тарихчиси яккаланиб қолади!Тарих ва тарихчи учун асосий илмий принцип – илмий ҳақиқат ҳисобланади. Яъни жаҳон тарих фанида илмий этика ва замонавий фан фалсафасига асосланган принциплар мавжуд. Яъни, истаган жаҳондаги илмий журналнинг талабларидан бири инсонийлик (гуманистик) принципларга асосланган. Тарих фани, истаган гуманитар фан каби ирқий, миллий камситиш, тоталитар мафкура ва давлат пропагандаси билан шуғулланиши керак эмас. Бундай мақолалар чоп этилмайди. Концепциядаги ғоялар ва принциплар кучга кириб амалга ошса, ўзбек тарихчи олимларининг мақолалари ва китоблари ҳеч қаерда чоп этилмайди. Чунки бу «илмий» ишлар мафкуралашган ва тарғибот-ташвиқотга хизмат қилади. Биз бир нарсани ажратиб олишимиз керак. Академик (илмий) тарих мавжуд ва тарғибот-ташвиқотга хизмат қилувчи тарих мавжуд. Бу иккаласа ҳам зарур, албатта. Лекин, концецпияда тарих фани ҳақида эмас, балки тарғибот-ташвиқотга хизмат қилувчи тарих яратилмоқчи ва давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқчи. Яна бир бор қайтараман, академик (илмий) тарих давлат томонидан яратиладиган концепцияга муҳтож эмас, чунки илмий тарих ўзини принциплари, ёндашувлари, методлари, методологияси ва илмий коцепциялари мавжуд. Сиёсат илмий жараёнга аралаша олмайди. Чунки, академик (илмий) фан асосий мақсади – илмий ҳақиқатни излаш, топиш ва ўрганишдан иборат. Концепцияда аниқ кўрсатилганки, тарих фанини молиялаштириш «давлат буюртмаси доирасида бажараладиган лойиҳаларга» ажратилади. Бу эса, албатта, мафкуралаштиришга олиб келади. Концепцияда тарихимизнинг «ўзига хослиги» ҳақида кўп таъкидланган. Яъни, Ўзбекистон тарихи, концепцияга кўра, «ўзига хослигини» топиш тарихчини олдига қўилган вазифалардан бири ҳисобланади. «Ўзига хослик» изоялционизм мафкурасини асосидир. Биз дунё фани билан ҳамнафас бўлишнинг ўрнига «ўзига хослик» принципи билан яшамоқчимиз. Манимча, дунё бўйлаб гуманистик принцип ягонадир. Бизнинг давлатда ҳам халқаро ҳуқуқ нормалари ишлайди. Бир ўйлаб кўринг, тарихимизни «ўзига хослик» принципи бўйича талқин қилсак, қандай натижаларга келамиз?Яна бир иборани жуда кўп маротаба учратдим: «миллий манфаатларимиз». Афсуски, концепияни ўқиб «миллий манфаат» иборасига аниқ талқин топа олмадим. Менимча, концепция муаллифлари тарих фани билан сиёсатшунослик (политология) фанларини адаштириб юборишган. Биз, аввало, «миллий манфаатларимизни» аниқ белгилаб олишимиз керак. Тарихчи учун фақат бир манфаат бор: илмий ҳақиқат!Концепцияни устувор йўналишларидан бири «Тарих институтини тарих фанини ривожлантириш бўйича таянч илмий муассаса этиб белгилаш, институт қошида Тарих фани соҳасидаги илмий фаолиятни мувофиқлаштириш республика кенгашини тузиш»дан иборат. Яъни, Тарих институти илмий ҳақиқат устидан монополия ўрнатади. Маълумки, илмий ҳақиқат устидан ҳеч ким ёки ҳеч қайси институтциянинг жаҳон академик оламида ҳукмронлигига йўл қўйилмайди. Концепциянинг 5-бобида очиқдан-очиқ ёзилган: «тарих фани соҳасини ривожлантириш бутунлай янгича асосда ва тизимли равишда амалга оширилади, жараённи самарали бошқариш имкони туғилади»! Яъни, самарали бошқариш концепцияни асосий мақсадидир. Тарихда маълумки, гуманитар соҳани « самарали бошқариш» қандай ачинарли ҳолатларга олиб келинган. Яна ўша 5-бобда: «ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихи бўйича бутунлай янгича, миллий манфаатларимизга мос илмий ёндашувлар асосидаги теран туркум асарлар тайёрланади». «Бутунлай янгича», «миллий манфаатлар», «илмий ёндашувлар» ибораларига аҳамият беринг. Қизиғи шундаки, «илмий ёндашувлар» ибораси гапни энг сўнгида ишлатилаяпти. Яъни, «илмий ёндашувлар», агар, концепция қабул қилинса, «миллий манфаатларга» бўйсундирлади, тарих мафкуралашади, тарих фани тарғибот-ташвиқот қуролига айлантирилади. Натижада, жаҳон фани билан интеграция бўлмайди ва биз туташ дунё фуқароларига айланамиз қоламиз. Энг кулгилиси, 5-бобда таъкидлангандек, эмишки «шу тариқа совет тарихчилик мактаби томонидан қурилган, ҳозиргача сақланиб келаётган пойдевор йўқотилади»!!! Ман, профессионал тарихчи сифатида айтаманки, бу концепция, аксинча, совет тарихчилик ва тарихшунослигини ҳаётга қайтаради ва тарихни неосталинча талқинига қайтамиз.Ва концепцияни 5-бобини энг «қизиқ» ғояси: «чуқур билимга эга, ижодий ва тизимли фикрлайдиган, миллий руҳ билан суғорилган илмий ходимлар авлоди шаклланади»!!! Мантиқдан маълумки, ижодий фикрлаш учун ижодий эркинлик керак, тизимли фикрлаш учун аниқ метод ва методология зарур, миллий руҳ билан «суғорилган» илмий ҳодим эса фақат тарғибо-ташвиқот ишлари билан банд бўлиши муқаррар. Тарих фанини мафкуралаштирмайлик, тарихчи жаҳон фани билан ҳамнафас бўлиши зарур. Тарихчи – ўзи миллатпарвар бўлади, юртсевар ва куйинчак булади. Чунки тарихни тадқиқ қилиш шуни кўрсатадики, академик (илмий) тарихни бошқариб бўлмайди. Бу концепция тарихчиларни саралаб юборади, яъни «хиёнатчи» тарихчи, «миллий душман тарихчи», «ватанпарвар тарихчи» ва ҳоказо тушунчалар ва иборалар пайдо бўлади. Биз тарихчилар орасига кимдир раҳна солиб, қўрқув ҳиссини уйғотмоқчи. Бу кетишда, кўп профессионал тарихчилар маънавий ва жисмоний қатағонга учрамаслик учун ўз юртини тарк этишади. Ўйлайманки, Янги ва янгиланаётган Ўзбекистонда ва Президентимиз раҳнамолигида ўтказилаётган ислоҳотлар бундай концепцияни қабул қилинишига йўл қўйилмайди. Чунки бу концепция охирги тўрт йилдаги барча саъй-ҳарактларни пучга чиқаради. Бу фикрларимни барча тарихчи олимларимиз қўллаб-қувватлашларига аминман. Ва, албатта, дискуссия ва диалогга очиқман. Барча тарихчиларимизни, шарқшуносларимизни, файласуфларимизни, тилшунослармизни, сиёсатшуносларимизни бу концепцияни кенг муҳокама килишга чақираман.
Бахтиёр Алимджанов, тарих фанлари номзоди