Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига келиб тушган аризалар асосида олиб борилган ўрганишлар натижасида Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Шайхонтоҳур, Олмазор ва Учтепа туманларига хизмат кўрсатувчи иссиқлик қозонхоналаридан етказиб берилган иссиқлик даражаси белгиланган меъёрдан пастлиги аниқланган.
Агентлик ўзининг ўрганишлари натижасини далолатномада акс эттириб, “Тошиссиққуввати”га кўрсатилмаган хизмат учун тўловларни қайта ҳисоблаш тўғрисида, шунингдек, бошқа қонунбузарликларнинг олдини олиш учун зарур чораларни кўриш бўйича кўрсатма берди.
“Бугунги кунга қадар берилган кўрсатма доирасида “Тошиссиққуввати” ДУК томонидан мазкур тўртта туманининг 85 272 та абонентига 2020 йил ноябрь-декабрь ойлари учун 8,1 млрд сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилди.
Истеъмолчиларнинг абонент ҳисобрақамига маблағларини қайта ҳисоблаш жараёни давом эттирилмоқда”, — дейилади Агентлик муносабатида.