2000 га яқин Ҳукумат қарорлари ўз кучини йўқотди

0
109

Бугун, 26 январь куни АОКА анжуманлар залида Адлия вазирлиги масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Матбуот анжуманида Адлия вазирлигининг таклифлари асосида  жорий йил 22 февраль куни қабул қилинган 2 000 та Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларини ўз кучини йўқотишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори ҳамда ҳафта давомида қабул қилинган қонун ҳужжатлари ҳақида бўйича тушунтириш берилди.

Таъкидланишича, бугунги кунга Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (lex.uz) да 35 мингдан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари мавжуд. Қонуности ҳужжатларнинг кўплиги қонунчиликдаги такрорланишларга, тафовут ва чалкашликларга сабаб бўлмоқда. Бу эса ўз навбатида ҳуқуқни қўллаш амалиётини мураккаблаштиради, улардан фойдаланишда ноқулайликлар келтириб чиқармоқда.

Шу каби муаммоларнинг долзарблигини инобатга олган ҳолда Адлия вазирлиги томонидан барча соҳаларда қонунчиликни тизимлаштириш орқали қонунчилик базасини қисқартириш ёки бошқа сўз билан айтганда кесиб ташлаш (“тартибга солувчи гильотина” усули орқали) ишлари самарали йўлга қўйилган.

Қонунчилик ҳужжатларини қисқартиришдан кўзланган асосий мақсад ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни бартараф этиш, тадбиркорлик фаолиятига нисбатан тартибга солиш юкини камайтириш, қонунчилик базасини ҳаракатсиз ва амалда қўлланилмаётган ҳужжатлардан “халос этиш”, пировардида қонунчилик ҳужжатларидан фойдаланишда фуқаролар ва тадбиркорларга енгиллик яратишдир.

Ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатларни бекор қилишнинг амалий аҳамияти, яъни фуқаролар ва тадбиркорлар учун фойдаси шундан иборатки:

биринчидан, фуқаролар ва тадбиркорлар томонидан айнан қайси ҳужжатдан фойдаланса, тўғри бўлади деган саволга ечим топилади;

иккинчидан, ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишда ва ҳуқуқшунос хизматлари билан боғлиқ сарф-харажатлар қисқаришига хизмат қилади;

учинчидан, қонунчиликдаги такрорланишлар ва тафовутларнинг бартараф этилишига олиб келади.

Адлия вазирлиги томонидан бошланган қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш бўйича ишлар дастлабки қадамлар бўлиб, ушбу йўналишдаги ишлар яна давом эттирилади. Ҳозирда вазирлик томонидан қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштиришнинг иккинчи босқичи бошланган бўлиб, унда қонунчилик ҳужжатлари соҳалар кесимида бирлаштирилади.

Шунингдек, матбуот анжуманида Адлия вазирлиги томонидан илғор ҳорижий давлатлар тажрибаси асосида ишлаб чиқилиб, давлат рўйхатидан ўтказилган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом бўйича тушунтириш берилди.

Қайд этилишича, мазкур низомда “коррупцияга қарши экспертиза” тушунчасига таъриф берилган бўлиб, унга кўра коррупцияга қарши экспертиза норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларида коррупциявий омилларни аниқлаш, аниқланган коррупциявий омилларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқиш ва чоралар кўришга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуи ҳисобланади.

Ҳужжат лойиҳаларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишда жамоатчилик кенг жалб қилиниши,бунда фуқаролар regulation.gov.uz порталида чеклист тўлдириш орқали қонун ҳужжатлари лойиҳалари бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириши мумкинлиги алоҳида таъкидланди.

Коррупциявий омиллар тўлиқ қайта кўриб чиқилиб, 4 та йўналишга ажратилди:

  • нормаларнинг барқарорлиги ва ҳуқуқий мувофиқлиги билан боғлиқ бўлган коррупциявий омиллар;
  • ваколатлар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқ бўлган коррупциявий омиллар;
  • маъмурий тартиб-таомиллар билан боғлиқ бўлган коррупциявий омиллар;
  • назорат билан боғлиқ бўлган коррупциявий омиллар.

Матбуот анжумани давомида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш самарадорлигини ошириш мақсадида Коррупциявий омилларни анлиқлаш методикаси ишлаб чиқилганлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, матбуот анжуманида ОАВ вакилларининг янги тизим бўйича ўзларини қизиқтирган саволлариги Адлия вазирлиги масъул ходимлари томонидан жавоб берилди.

Адлия вазирлиги Жамоатчилик

билан алоқалар бўлими

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь