Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз мурожаати давомида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш соҳасида қатор инновацион ташаббусларни илгари сурди. Таҳририятимиз ушбу ташаббусларнинг аҳамиятини изоҳлаб бериш учун СМТИ бўлим бошлиғи Алишер Низамовга мурожат қилди.
Алишер Арифович, Ўзбекистон Президенти томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш борасида қандай янги ташаббуслар эълон қилинди?
Ўзбекистон Республикаси Президенти парламентга қилган навбатдаги мурожаатида илгари сурилган Қишлоқ хўжалиги билимлари ва инновацияларининг миллий марказини ва унинг худудий бўлинмаларини очилиши хамда «ягона ойна» тамойили асосида 100 дан ортиқ қишлоқ хўжалиги хизматларининг кўрсатилиши бугунги кунда ушбу соҳани ривожлантириш учун энг муҳим ташаббуслардир.
Қишлоқ хўжалик билимлари ва инновациялар Миллий маркази қандай вазифаларни ҳал этиш учун яратилмоқда?
Қишлоқ хўжалиги билимлари ва инновацияларининг Миллий маркази ташкил этилиши – 2020-2030 йй. мўлжалланган қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини амалга оширишнинг муҳим элементи хамда қишлоқ хўжалиги соҳасида таълим, фан ва саноатнинг ҳар томонлама интеграциясини таъминлаб беради.
Ушбу Миллий марказ қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини фундаментал ва амалий тадқиқотлар ва инновациялар асосида аниқлаб беради.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасининг инновацион ривожланишини мустаҳкамлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги билимлари ва инновациялар тизимини жорий этиш билан шуғулланади.
Шу билан бирга, марказнинг яна бир вазифаси – ушбу соҳада даромадларни ошириш ва харажатларни камайтириш мақсадида янги илмий ва инновацион ютуқларни, рақамли технологияларни жорий этишдан иборат.
Бундан ташқари, Марказ давлат-хусусий шериклиги асосида қишлоқ хўжалигида қўшимча қиймат занжирларини ривожлантиришга қаратилган тадқиқотларни ташкил этади, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ва агрофирмалар ўртасида ҳамкорлик қилиш учун зарур платформаларни яратади.
Шунингдек, марказ агрофирма субъектларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича халқаро сифат стандартларини жорий этишда кўмаклашади.
Миллий Марказнинг ҳудудий бўлинмалари қандай масалалар билан шуғулланади?
Миллий Марказнинг ҳудудий бўлинмалари «ягона ойна» тамойили асосида 100 дан ортиқ хизматлар, жумладан, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги онлайн хизматларни тақдим этади. Бу, ўз навбатида, агросаноат мажмуасини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Бу хизматлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирадиган ва кўшимча қиймат занжири яратадиган ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар барча хўжалик юритувчи субъектларга
«call-центрлар» орқали ҳам тақдим этилади.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ҳукумат агросаноат мажмуасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда, чунки қишлоқ хўжалиги мамлакат ҳудудларида иқтисодий ўсишнинг асосий драйвери вазифасини ўтайди.
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун қандай чора-тадбирларни алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардингиз?
Бу борадаги ислоҳотлар натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича давлат буюртмаси бутунлай бекор қилинди, саноатда бозор тамойиллари ва янги молиялаштириш механизмлари жорий этилди. Бошқарувнинг замонавий шакллари, жумладан кластер ва кооперативлар яратилган бўлиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг логистика тизимини сақлаш, қайта ишлаш ва кенгайтириш орқали қиймат занжирини яратиш чоралари кўрилмоқда.
2017 йилдан 2019 йилгача бўлган даврда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида 10 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14 та фармони ва 64 та қарори, 111 та ҳукумат қарори қабул қилинди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги Фармонига асосан 2020-2030 йилларда жами 1,1 млн. гектар фойдаланилмаётган ерлардан фойдаланиш режалаштирилган.
Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 17 апрелдаги «Қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази, Қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологияларини сертификатлаш ва синаш давлат маркази ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида қайта ташкил этилган. Шунингдек, Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиаллари ҳам вазирлик тасарруфига берилди.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги соҳасида қуйидаги маъмурий тўсиқлар кўринишидаги тақиқлар бекор қилинди:
— экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари учун тўловнинг 100% олдиндан тўланиши;
— мева ва сабзавотлар учун экспорт нархларини белгилаш;
— давлат савдо компаниялари орқали мажбурий экспорт;
— минимал экспорт нархларини аниқлаш.
2016 йилдан бошлаб, хом ашё бўлмаган маҳсулотлар экспортини жумладан, мева-сабзавотлар экспортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда,.
Экспорт географияси 43 та давлатдан 77 та давлатга оширилди, бу борада Австралия, Албания, Жазоир, Бангладеш, Болгария, Босния и Герцеговина, Буюк Британия, Венгрия, Иордания, Канада, Қатар, Кипр, Мальта, Марокко, Мўғулистон, Мьянма, Норвегия, Уммон, Македония, Сан-Марино, Сербия каби давлатларни кўрсатиш мумкин.
Жорий йилнинг 11 ойи якунига кўра, 1 млрд. долларлик
1,4 млн. тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди.
Экспорт қилинаётган маҳсулотлар сони 34 тадан 68 тага кўпайди. Музлатилган сабзавот ва мевалар, картошка, резавор мева ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилиш йўлга қўйилди.
Хом пахта етиштиришдан бутун технологик занжирни қамраб олган «Кластер» усули жорий этилди. Ҳозирги кунда 112 та туманда 907,000 минг гектар ерни қамраб олган 95 та кластер мавжуд.
2017-2020 йилларда ғалла экинлари 55,1 минг гектарга, яъни 1,12 млн.гектардан 1,77 млн. гектарга қисқарди.
Хулоса қилиб айтганда, давлат Раҳбари томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида илгари сурилган ташаббуслар мамлакатда агросаноат мажмуасининг ривожланишига кучли туртки беради. Бундай инновацион ёндашув агросаноат мажмуаси иштирокчилари учун ўз бизнесини ривожлантириш, шунингдек, жаҳон бозорида рақобатбардош бўладиган юқори қўшилган қийматга эга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур қулайликлар яратади.