-1.5 C
Узбекистан
Понедельник, 23 декабря, 2024

Ҳоким ким: муҳандисми ё агроном, меъморми ё қурувчи?

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,150участниковПодписаться
- Advertisement -

Ҳокимлар бирор бир жойга – қурилиш объектигами, саноат корхонасигами, фермер хўжалигигами, олий ўқув юртигами, илмий-текшириш институтигами борганда, ОАВ тайёрлаган ҳисоботда биринчи раҳбар мутасаддиларга кўрсатмалар берганлиги уқтирилиб, бундан сўнг ишлар ижобий томонга ўзгаришига ишонч билдирилади.

Бу нима? Хабар тайёрлаган журналистнинг хатосими ёки ҳоким ҳақиқатдан ҳам олим, педагог, муҳандис, агроном, ҳуқуқшунос, меъмор, қурувчи ҳамда бошқа касб эгалари ва тор мутахассисларга йўл-йўриқ, ҳар томонлама асосланган кўрсатмалар беришга қодир энциклопедик билим соҳибими?

Албатта, журналистлар орасида “қовун тушураётганлар” йўқ эмас. Айримлар ҳокимдан ташқари яна учта сектор раҳбарларининг ҳам мутахассисларга “доноларча” берган тавсияю кўрсатмалари хусусида бонг уришмоқда. Яқинда сектор раҳбарларидан бирининг пахта даласига қилган сафари ҳақидаги хабарда журналист қуйидагиларни ёзган эди: “раҳбар томчилаб суғориш асосида ғўза парвариши бўйича олиб борилган ишларни ўрганиб, ишларни тўғри ташкиллаштириш ва жадаллаштириш бўйича топшириқ ва тавсиялар берди”. Мутахассислиги ҳуқуқшунос бўлган сектор раҳбари фермерга, хўжаликдаги агрономга иш бўйича қандай “топшириқ ва тавсиялар” берган экан?

Аммо ОАВ ходимларини мавжуд аҳволни бўрттириб кўрсатишда айблаш мумкин, холос. Чунки юқорида тасвирланган ҳолат мавжудлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Аҳволнинг бу даражага етишида ҳокимларга чексиз ваколат берилганлиги, ҳудуддаги барча раҳбарларнинг уларга бўйсундирилганлиги, улар ҳокимият тизимининг ҳам вакиллик ва ҳам ижро бўғинларига раҳбарлик қилаётганлиги каби кўплаб омиллар сабаб десак, тўғри бўлади. Улар ўзларини ҳудуднинг ҳокими мутлақи деб ҳисоблайдиган бўлди ва ҳақиқат ҳам аслида шундай. Улар фақат “тепа”га қараб ишлашни ўрганди, “паст” билан иши бўлмади ва ҳеч кимни менсимасдан босар-тусарни билмай қолди. Бу хусусда мисоллар келтириб ўтирмайман. ОАВ ва ижтимоий тармоқларни кузатиб бораётганлар айрим ҳокимларнинг “хурмача қилиқлари”дан яхши хабардор.

Барча биринчи раҳбар ҳам аслида энциклопедистми? Мана, қаранг. Ҳоким йўл қурилиши билан танишмоқда. Мутахассислар, яъни махсус илмий-текшириш институти ходимлари томонидан лойиҳа тузилган ва у қатор тешириш ва тасдиқлаш босқичларидан ўтган. Ҳоким иш жараёни билан танишади ва бажарилаётган ишлар унга маъқул бўлмайди. Лойиҳадан қандайдир чекиниш бўлганда, ишлар сифатсиз бажарилганда, у эътироз билдириши мумкин ва бунга ҳақли. Аммо ҳокимнинг лойиҳага жиддий ўзгартириш киритиш ҳамда йўл, пиёдалар йўлаги ёки йўл бўйида барпо этилаётган объектларда нималарнидир ўзгартириш лозимлигини талаб қилиши қанчалик тўғри? Афсуски, ҳамма лойиҳачи ва қурувчи ҳам биринчи раҳбарга эътирози ўринсиз эканлигини асослаб беришга интилмайди. Чунки бу “каттага гап қайтариш” сифатида баҳоланиши ва хунук оқибатларга олиб келиши мумкинлигини билади.

Натижада йўл қурилиши охирига етгунча унга “катта” хоҳиши билан ҳар хил ўзгартиришлар киритилади. Агар раҳбар соҳага яқинроқ бўлса, муаммодан хабардор бўлса, кўп ҳам зарари тегмаслиги мумкин. Лекин агар у ўзини ҳудуднинг ягона валломати деб тушунса, айтганини қонун сифатида қабул қилишларини истаса, иш дабдала бўлади.

Бундай аҳволга бир қатор соҳаларда ҳақиқий мутахассис, ўз ишини яхши биладиган, раҳбарга ёмон кўринишдан қўрқмайдиганлар камлиги ҳам сабаб. Уларнинг дадилроғи, ўз фикрида туришга интилгани, раҳбарларга гап қайтаридигани ишдан ҳайдалган бўлса, нима ҳам бўларди?!

“Катталар” қайсарлигининг оқибатини ҳар қадамда кўриш мумкин. Масалан, Самарқандда Амир Темурга ҳайкал ўрнатилган жой масаласида ҳозир ҳам мунозаралар тинмайди. Ҳайкалга яқинлашиш учун автомашиналар серқатнов кўчани кесиб ўтиш лозим. Бирор бир тадбир туфайли ҳайкал пойига гул қўйиш маросими бўлса, кўча ёпилади ва бу шаҳар учун жуда катта ноқулайликлар келтириб чиқаради. Вақтида мутахассислар маслаҳатига қулоқ тутиб, ҳайкал бузиб ташланган “Табассум” кафеси жойида ўрнатилганда, айни муддао эди. Шунда унинг олд қисмида серқатнов кўча эмас, катта майдон ястаниб ётган бўларди ва ҳйкал дарахтлар остида қолиб кетмасдан, узоқдан кўринарди.

Ҳоким қанчалик ақлли бўлмасин, меҳнат фаолияти давомида дуч келадиган барча соҳаларни чуқур билиши амри маҳол. Бундан ташқари, у ҳар бир соҳа бўйича ўзининг шахсий қарашлари, туғилиб ўсган жойи, вояга етган муҳити таъсири остида шаклланган тасаввурларига эга бўлади. Ҳокимнинг болалиги қаерда ўтган? Шаҳардами, тоғ ён бағридами, чўл зонасида ёки дарё ё кўл бўйидами? Ана шу тўрт хил, бир-биридан фарқ қиладиган ҳудудда 17-18 йил яшаб, мактабни тугатиб, катта шаҳарга ўқишга борган ва олий маълумотли бўлгач, шаҳарда қолиб, секин-аста ҳоким даражасига кўтарилганларнинг дунёқараши, борлиққа бўлган муносабати бир-биридан фарқ қилади. Ударнинг онг остида ўша болалик ва ёшликда олган тасаввурлари ўрнашган ва қандайдир қарор қабул қилишида таъсир ўтказадиган бўлади.

Масалан, тоғ ёки чўл зонасида ўсган раҳбар дарахту гулларни, рангу бўёқларни, кўчаю бинолар дизайнини ўзига хос тарзда идрок қилади. Агар у меъмор, қурувчи, ландшафт дизайнерининг маслаҳати ва тавсияларига қулоқ тутмасдан, ўзининг тасаввуридан келиб чиқиб кўрсатмалар берса, ўз айтганини бажаришларини талаб қилса, аҳвол яхшилик билан анжом топмайди. Бундай вақтда нималар бўлишини яхши биламиз. Чунки айни дамларда шундай ҳолатга ҳар қадамда дуч келмоқдамиз. Айтайлик, чинорларнинг кесилаётганлиги, қаердандир олиб келинган бир пулга қиммат ниҳолларнинг экилаётганлиги, кўп йиллик хушбўй, турли рангларда жилоланувчи атиргуллар ўрнида бир йиллик гулчалар ҳамма ёқни босиб кетганлиги айримлар ўйлагандек фақат “откат” билан эмас, ўша раҳбарларимизнинг диди билан ҳам боғлиқ. 

Айрим ҳокимлар ҳатто қарор чиқаришда ҳам қонун талабларини четлаб ўтмоқда. Улар ҳокимлик юристига қулоқ тутмасдан ўзига керакли қарорга имзо қўймоқда. Адлия вазири Русланбек Давлетов 25 ноябрда бўлиб ўтган онлайн мулоқотда охирги икки ярим йил ичида адлия тизимидаги идоралар ташаббуси билан маҳаллий ҳокимликларнинг 2000 тагача қарорлари бекор этилганини таъкидлаб, ҳокимлик юристлари қаерга қараяпти, нега улар объектив ишламаяпти, дея эътироз билдирган эди.

Биринчи раҳбарлар фаолияти билан боғлиқ яна бир муаммо мавжуд. Бу жойлардаги кадрлар сиёсати масаласидир. Бундан бир ярим йил аввал каминага фуқаролардан мурожаат бўлиб, шу йўналишда Самарқанд вилоятидаги вазият ҳақида мақола тайёрлаш сўралган эди. Унинг сарлавҳаси ҳам таклиф этилганди: “Қаерликсиз, биродар: Қўшработданми, Сурхондарёдан? Ёки Хоразмдан?”.

Мавзу анча нозик бўлганлиги учун унга қўл урмасдан турдим. Бошқа томондан, ўзимга мурожаат қилганларга ҳар бир янги раҳбар ўз командасини атрофида тўплаши дунё амалиётида мавжудлигини тушунтирдим. Лекин ундан кейин ҳам ҳар бир янги тайинлов амалга оширилганда, “кўрдингизми, яна ўша тумандан” деб, аниқ фактлар билан мавзуга қайтишимни таклиф қилаётганлар бўлди. Ушбу мавзуни ёритиш учун иккинчи томонни ҳам эшитиш лозим. Аслида, сифатли журналистика талаби ҳам шундан иборат.

Мақола сарлавҳасида қўйилган “ҳоким ким?” деган саволга шундай жавоб қайтариш мумкин. Ҳоким ҳудуднинг иссиқ-совуғига масъул бўлган раҳбардир. У қонун ва ўз ваколати доирасида фаолият юргизадиган бошқарувчи, менежер. Ҳокимлар хоҳиш-истаги, сўзи доим ҳам устиворликка эга эмаслигини, қонун ва ўз ваколати доирасида ҳаракат қилиши зарурлигини тушуниши учун бошқарув тизимини ислоҳ қилиш талаб этилади. Бунда ҳокимларни сайлаш йўлига ўтиш муҳим қадамлардан бўлиши мумкин. Давлатимиз раҳбари таъкидлаган эди: «Ҳокимларни халқ сайлаши керак. Шу кунларга барибир келамиз».

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ, Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ўзбекистонда мобиль алоқа учун акциз солиғи бекор қилинади

1 январдан бошлаб Ўзбекистонда ер ёки давлат мулки қўшимча қиймат солиғисиз сотилади, мобиль алоқа учун акциз солиғи (10 фоиз)...

Больше похожих статей

×