Кўп йиллик эътиборсизлик ва лоқайдлик туфайли издан чиқиб кетган таълим соҳасида бўлаётган янгиланиш жараёнидан ҳаммамиз хабардор десак, муболаға бўлмайди. Чунки таълим тизими ҳар биримизга яқин бўлиб, ундаги ўзгаришлардан бутун жамият манфаатдордир. Шу сабабли мактаблардаги аҳвол яхши томонга ўта сустлик билан силжиётгандек назаримизда ва бу кўпчиликни ташвишга солмоқда.
Хўш, Самарқанд вилоятида халқ таълими соҳасида қандай ўзгаришлар бўлмоқда, уларнинг мазмун-моҳияти нимада?
Самарқандда “Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотлар ва уларнинг ижросини таъминлаш бўйича вилоят халқ таълими тизимида амалга оширилаётган ишлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда вилоят ХТБ бошлиғи Саидаҳмад Усмонов чиқиш қилди.
Матбуот анжумани кўп ҳолларда бўлгани каби “тизимни ёмон кўзлардан асраш”, яъни ОАВ ходимларига фақат ижобий фактлар айтиб, камчиликларни яшириш учун ўтказилмаганлигига тадбирнинг аввалиданоқ амин бўлдик. Вилоят ХТБ бошлиғи қилинган ишлардан кўра бажарилиши лозим бўлган юмушлар ҳамда камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга батафсил тўхталиб ўтди.
Самарқанд вилояти нафақат аҳолиси сони жиҳатидан, шу билан бирга мактаблар ва уларда ишлаётган педагог ходимлар бўйича ҳам мамлакамтимизда етакчилик қилмоқда. Вилоятда 1247та умумтаълим мактаби, 8та махсус мактаб-интернат, “Меҳрибонлик уйи” ва 17та “Баркамол авлод” маркази фаолият кўрсатмоқда. Ўқитувчилар сони 56 минг нафардан ортиқроқ бўлиб, улар 734 мингдан кўпроқ ўқувчига таълим-тарбия бермоқда.
Шундай экан, вилоят маърифатчиларининг юки айрим бошқа уч-тўртта ҳудудникига тенг. Шу ҳақда сўз юритиб, С.Усмонов бу вилоят таълим тизимидаги нуқсон ва камчиликларни оқлашга асос бўла омаслигини таъкидлади. Энг катта камчиликлар сифатида мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичларининг пастлиги, ўқитувчилар малака тоифаларининг қониқарсизлиги, яъни олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар камлиги тилга олинди. Шу сабабли ҳам жорий йил таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан ташкил этилган миллий рейтингда вилоят дуруст натижа кўрсатолмади.
Вазиятни ўнглаш йўлида нималар қилинмоқда:? Бу ҳақда матбуот анжуманида батафсил сўз юритилди.
Вилоят ҳокимининг 2020 йил 20 октябрдаги қарори асосида Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги математика ва физика фанларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ташкил этилади. Унга танлов асосида 120 нафар 7 ва 8 синфларда таълим олаётган ўқувчилар қабул қилинади. Уларга фанлар бўйича биринчи ва олий малакали тоифаларга ва илмий даражага эга педагоглар сабоқ беради.
Ўқувчилар барча шароитга эга ётоқхона ва ҳар куни тўрт маҳал иссиқ овқат билан таъминланади. Айни кунларда ўқувчи ва ўқитувчилардан ҳужжат қабул қилинмоқда.
Шунингдек, вилоятда “Самарқанд ташаббуси” номини олган умумтаълим мактабларини ривожлантиришга қаратилган ҳаракат бошланди. Энди ўқитувчилар билим савиясини мунтазам ошириш, уларнинг ўз устида ишлаши, фан асосларини янада чуқурроқ ўзлаштиришини рағбатлантириш мақсадида “Устозлар беллашуви” ўтказиб турилади ва ғолиблар муносиб тақдирланади.
Бундан ташқари, ҳар бир туманга иккитадан олий ўқув юрти беркитилди. Уларнинг профессор-ўқитувчилари мактабларга амалий ёрдам кўрсатишади.
Албатта, халқ таълими тизимида йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни қисқа муддатда тугатиш осон эмаслигини кўпчилик билади. Ўтган ўн йилликларда ҳамма эътибор лицею коллежларга қаратилди, маблағнинг асосий қисми ҳам уларга йўналтирилди. Мактабга ҳам, ўқитувчиларга ҳам ҳеч кимга керак эмасдек муносабатда бўлинди. Маошлар озлиги туфайли эркак муаллимлар бошқа соҳаларга ўтиб кетди. Олий ўқув юртини битирганлар мактабни четлаб ўтадиган бўлди. Педагог касбини танлаганлар эса аксар ҳолларда бошқа иш томолмасдан, мактабга мажбуран келганлар эди. Ачинарлиси шундаки, аҳолиси ярим миллиондан ошиб кетган Самарқандда қарийиб 30 йил давомида битта ҳам янги мактаб қурилмади. Фақат ҳозирга келиб, янги барпо этилаётган Қорасув массивида 1680 ўринли мактаб бунёд этилмоқда.
Одамларимизда ўзгаришга ишонч пайдо бўлиши учун ислоҳотлар амалда кўрина бошланиши лозим. Бу йўналишда амалга ошираётган ишларини кўрсатиш ва жамоатчиликни мавжуд ҳолатдан, жумладан камчилик ва нуқсонлардан хабарбор қилиш учун вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати ОАВ билан ҳамкорликни йўлга қўйган.
Жумладан, мактаблар фаолиятининг барча йўналишларига доир реал ҳолатини ўрганиб, камчиликларни тизимли равишда бартараф этиш, халқ таълими ходимларининг масъулиятини янада ошириш мақсадида тузилган ишчи гуруҳи аъзолари умумтаълим муассасаларида бўлиб, мавжуд ҳолатни ўрганмоқда. Ўрганиш натижаси матбуот, интернет тармоғи ва бошқа ахборот воситалари орқали кенг оммага ошкор этилмоқда.
Масалан, куни кеча ишчи гуруҳ текшириши натижаси ОАВда “Самарқанд шаҳри, Булунғур ва Жомбой туманларидаги айрим мактаб раҳбарлари соҳага оид фармон ва қарорлардан бехабар” сарлавҳаси остида эълон қилинди. Бу тизимдаги камчиликларни ошкор этиш ва оммага етказиш орқали туб ўзгаришга бўлган интилишдан дарак эмасми?!
С.Усмоновнинг таъкидлашича, кўп ўтмасдан Самарқанд вилояти халқ таълими соҳасида ҳам мамлакатимизда ўзининг муносиб ўрнини эгаллайди. Бунинг учун вилоятда етарли салоҳият мавжуд. Амалга оширилаётган ишлар албатта ўз натижасини беради.
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ, Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз