Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси илк бор У-18 Жаҳон чемпионатининг ИИИ Б дивизионида қатнашмоқда ва Таиландда ўтаётган ушбу мусобақада жуда муваффақиятли иштирок этмоқда.

Ўсмирларимиз Жанубий Африка Республикасини (12:0), Люксембургни (12:1), Туркманистонни (8:2) ва Босния ва Герцеговинани (11:3) йирик ҳисобларда мағлубиятга учратди. 12 очко ва 43-6 голлари фарқи билан Ўзбекистон турнир жадвалида ишончли тарзда вақтинчалик 1-ўринни эгаллаб турибди.


Бироқ, тўрт ғалабага эга яна бир жамоа бор – Таиланд терма жамоаси. Улар биздан фақатгина голлар фарқи бўйича ортда қолмоқда. Ўзбекистон айнан мезбон жамоа билан олтин медаллар ва ИИИ А дивизионига йўлланмани қўлга киритиш учун баҳс олиб боради. Учрашув 6-март куни Тошкент вақти билан соат 18:00 да бошланади. YouTube-трансляция ҳаволаси Ўзбекистон Хоккей Федерацияси ижтимоий тармоқларида эълон қилинади. Бизни ҳар қандай ғалаба қониқтиради – хоҳ асосий вақтда бўлсин, хоҳ қўшимча дақиқаларда.


Таиланд терма жамоаси билан аввал ҳам тўқнаш келганмиз. 2024-йил апрел ойида Тошкент ва Самарқандда ўтказилган Осиё ва Океания кубогида ёшларимиз чемпионликни қўлга киритган. Ўшанда гуруҳ босқичида таиландликларни 7:5 ҳисобида мағлуб этган бўлсак, финалда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган эдик.


Ўзбекистон терма жамоаси етакчиси – жамоа сардори Жасурбек Рустамхонов турнирда порламоқда. Унинг ҳисобида аллақачон 20 (12 гол + 8 голли узатма) очко мавжуд. Жасур ва ёш юлдуз Салоҳиддин Азимов ўтган мавсумни Чехияда ўтказган. Қолган ўйинчиларимиз эса Қозоғистоннинг ёшлар лигасида «Тошкент Селеcт» жамоаси сафида ўйнаган эди.
Хоккей спорти мамлакатимизда бор-йўғи 7 йил аввал ривожлана бошлаган бўлса-да, ёш ўйинчиларимиз халқаро майдонда Ўзбекистон хоккейининг жадал ўсиш даражасини ишонч билан намойиш этмоқда. Уларга фақатгина омад ва ғалаба тилаймиз!