Жорий йилнинг 14-сентабр 6-октабр кунлари мамлакатимизда илк бор нуфузли мусобақа – футзал бўйича Жаҳон чемпионати баҳсларига мезбонлик қилади.
Бугун, 6-август куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси биносида Жаҳон чемпионатини юқори даражада ўтказиш бўйича амалага оширилаётган ишлар юзасида мас’уллар иштирокида оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Туризм қўмитаси ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциациясидан мусобақани ўтказиш бўйича ташкилий қўмита аъзолари иштирок этишди. Матбуот анжуманида дастлаб, мусобақани кенг тарғиб этишга қаратилган видеоролик тақдимоти ўтказилди.
“Мамлакатимизда ўтказиладиган илк нуфузли мундиал доирасида бутун дунёга Ўзбекистон туризмини кенг тарғиб этиш имкониятидан унумли фойдаланмоқчимиз. Мусобақани кенг тарғиб этиш мақсадида тайёрланган видеороликни ишлашда биринчи навбатда уни томоша қилган ҳар қандай хорижликда Ўзбекистон ҳақида дастлабки тушунчалар пайдо бўлишига эътибор қаратилди. Бир сўз билан айтганда, миллий анъаналаримиздан келиб чиқиб, футзал мундиали юртимизнинг туризм имкониятлари билан уйғунлаштирилди”, деб ўз фикрини билдирди Туризм қўмитаси масъули Азиз Максумов.
Жаҳон чемпионати иштирокчиси сифатида мамлакатимизга 23 та давлатдан спортчилар делегациялари ташриф буюради. Бундан ташқари жаҳон чемпионатини бевосита Ўзбекистондан ёритиб бориш учун 5 та қитъа давлатларидан юзлаб журналистлар ва блогерлар ташриф буюришади. Шунингдек, ўз юрти футзалчилари учун мухлислик қилиш мақсадида бир неча ўн минглаб ишқибозларни мамлакатимизда қабул қилиш кутилмоқда.
Бугунги кунда футзал мусобақалари ўтказиладиган ҳар бир шаҳарларда сайёҳларга хизмат кўрсатиш бўйича барча шарт-шароитлар қайта кўздан кечирилмоқда. Шунингдек, юртимизнинг бир қатор тарихий масканлари Самарқанд, Хива, Қўқон, Шаҳрисабз каби шаҳарларимиз ҳам ўзида сайёҳлар оқимини қабул қилишга тайёр.