Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ–857, 18.07.2023 й.) билан Солиқ кодексининг 483-моддасига қўшимча киритилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Унга кўра, 2026 йил 1 январгача Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, “Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси” жамоат бирлашмаси, Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази ва профессионал футбол клублари қуйидаги солиқларни тўлашдан озод этилади:
— барча турдаги солиқларни (бундан ижтимоий солиқ мустасно);
— ўзи жалб қилган чет эл мутахассислари ва футболчиларининг даромадларидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини;
— Ўзбекистонга олиб кириладиган, Ўзбекистонда ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган спорт асбоб-ускуналари ва инвентари, трансляция қилиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, инвентарь ва техника, фармакология товарлари, спорт озиқ-овқатлари, футбол (футзал) майдонлари учун сунъий ўтлар, шокпад, гранулалар, махсус елимлар ва махсус профессионал спорт кийим-бошлари, транспорт воситалари, шу жумладан махсус транспорт воситалари учун қўшилган қиймат солиғини.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.